130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИХТИЛОФЛИ БЕМАЗҲАБЛАР
imon.uz 2025-01-03 01:55:35 96Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиши турган гап. Жумладан, диний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши ният ила уриниш оқибатида келиб чиқади ва яхшилик билан тугайди. Бунга саҳобаларнинг, олим тобеъинларнинг, жумладан, барча мусулмонларнинг эҳтиромига ва эътирофига сазовор бўлган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг ихтиофи ёрқин мисолдир. Уларнинг ихтилофи ҳақиқат излаган мужтаҳидларнинг ҳақ йўлдаги ижтиҳоди ўлароқ уммат учун раҳматдир.
Аммо биз "ихтилофчи" деб айтаётган кимсалар ихтилофни ўзларига касб қилиб олган шахслардир. Уларнинг уммат ичида ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Улар мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам бора олмайдилар, лекин даъволари оламни тутуди. Ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда, залолатда, Қуръон ва суннатни тарк қилишда айблайдилар. Уларнинг ихтилофчиликдан ҳам кўра кўзга яққол ташланиб турадиган белгилари бемазҳабликдир. Гарчи уларнинг ўзлари кўпчиликнинг орасида, танг ҳолда қолганларида, "Биз мазҳабни тан оламиз", десалар ҳам, аслида фаолиятлари бемазҳабликка асослангандир.
Улар Ислом уммати қадимдан ақида ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар. Албатта, улар таг-туги билан янги мазҳаб тузиш имконига эга эмаслар. Бор мазҳабдан кўп нарсани ўрганганлар, зотан, бусиз динимизни ўрганиш ҳам мушкул.
Мисол учун, мазкур бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни мусулмонлар орасида қадимдан тарқалган фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар.
Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олган бўладилар. Аммо кейинчалик, бемазҳаблик дардига чалинганларидан кейин бир-икки масалани рўкач қилиб, "Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, Аллоҳ ва Расулнинг айтганига амал қилишимиз керак", деган гапни айта бошлайдилар. Бу гапга амал қилишда ўзлари намуна бўлишга уриниб, Қуръон ва Суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтадилар ва хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўладилар. Тўғрироғи, эски бемазҳаблар бу борада хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўлганлар.
Ҳозирги бемазҳабларнинг ўзлари бирон-бир гапни янгидан айтиш имконига эга эмаслар, эски бемазҳабларнинг гапларини такрорлашдан бошқага ярамайдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бемазҳаблар мусулмонлар оммосини ҳамма эътироф этган улуғ мужтаҳидлар асос солган мазҳабларни тарк этиб, мужтаҳидлик кўчасидан ҳам ўтмаган, қуруқ даъводан бошқа нарсаси йўқларнинг "бемазҳаблик" деган мазҳабига эришишга мажбурламоқчи бўладилар.
Эътиборли уламоларнинг таъкидлашларича, бемазҳаблар Қуръони Карим ва Суннатдан шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари бўлмиш "зоҳирийлик" мазҳабининг йўлини тутганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ.
"Ихтилофлар Сабаблар Ечимлар" китобидан.
Миролим Мансур тайёрлади