130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
САЛАФИЙЛИК- ХАЛҚИМИЗГА ЁТ ОҚИМ
imon.uz 05-03-2020 1409Аҳли салафларнинг йўлларини ўзимизга йўл қилиб оламиз дея даъво қилаётган “Сохта салафийлар”нинг мақсади нима? деган саволга жавоб беришдан олдин “Салаф” сўзининг келиб чиқишига бир назар солсак.
“Салаф” калимаси, ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади.
Ушбу калиманинг қатъий қарор қилинган истилоҳий маъноси, саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати бўлмиш, ислом уммати умрининг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланиш (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади.” (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)
Демак салаф аҳли деб, саҳобалар, тобиъинлар ва табаъа тобиъинларга нисбатан айтилар экан.
Бугун анашу буюк шахсларнинг йўлида юрамиз дея, фақатгина мусулмонларнинг орасида фитна ва ўзаро адоватни пайдо бўлишига сабаб бўлаётган сохтакор ва алданган кишилар минг афсуски юртимиз мусулмонлари орасида ҳали ҳамон топилади.
Аслида уларнинг мақсад ва интилишлари ижобий кўринсада, натижаси ва оқибати зарарлигини кўпчилик кишилар пайқамай қоладилар. Бунга тарих яққол далилдир. Усмонийлар империясини парчаланишига душманлар тарафидан учта йўл ўйлаб топилган бўлса, анашу йўлларнинг бири бу, салафийликни уларнинг орасига киритиш билан бўлган.
Натижа нима бўлди? Мусулмонлар тафриқага учрадилар. Ҳатто қонли курашларгача борилди. Душманларнинг асли мақсади шу эди ва қайсидир маънода муқаддас динимиздан айёрона фойдаланиш йўли билан ўйлаган мақсадларига эришди.
Бундай тоифа кишилар қай юртда бўлмасин, ўша юртнинг тинч ва ўзаро биродарлик асосида ибодат қилиб келаётган мусулмонлар ўртасида, чуқур билимсизлик ила айтаётган масалалари билан жамоатни иккига бўлишдан бошқа фойда бермайдилар. Улар қачон фитна тарқалган бир юртга бориб, ислоҳ қилган ёки мусулмонлар ўзаро келиша олмай ихтилоф бўлиб турган юртга бориб, уларни келиштириб қўйган? Мақсади ва талаби шу йўл бўлган давлатлардан бошқа, дунёнинг қай бир жойида уларнинг ишларини оқлаб ёки улардан хурсанд бўлган? Қачон улар сабабли билимсиз кишилар билимли бўлган? Қачон, қачон ва яна қачон?
Нима учун уларнинг устозлари ижтиҳод қилса бўладию, бошқалар бунга ҳақли эмас? Нима учун уларнинг ижтиҳодларини қабул қиладилару, бизнинг уламоларимизни ижтиҳодларини қабул қилмайдилар? Ёки фақатгина ижтиҳод қилиш уларнинг “шайхларига” рухсат берилганми?
Ҳатто тўрт мазҳаб соҳибларига эргашувчи мусулмонлар бир-бирини ҳуддики бир мазҳабдаки кишилардек, ҳурмат қиладилару, нима учун булар алоҳида бўлиб, бизнинг ўртамизда адоватни пайдо қиладилар?
Нима учун, нима учун деган саволлар булар борасида жуда кўп. Жавоб эса ҳали хамон йўқ. Сохталиги ҳам манашунда десак адашмаймиз.
Улар авваллари аҳли илмларга нисбатан фитналар ва уларга халқни эргашмасликка чақирар эди. Бугун эса уларнинг бу йўллари у қадар фойда бермагач, энди бизнинг эргашадиган муқаддам уламоларимизни қоралашга ўтганлар. Мисол учун: Имом Абу Ҳанифа, Имом Мотрудий ҳатто Имом Бухорийнинг ривоят қилган ҳадисларини ўзларидан бир киши текшириб, саҳиҳ деса саҳиҳ бўлмаса заифга чиқаришга ўтишган.
Хулоса қилиб айтганда нимага ва нима учун деган савол уларни қай йўлда кетаётганликлари ва кимликларига жавоб бўлади.
Шундай экан халқимиз ўзларининг уламоларига ва ҳанафийлик йўли асосида муқаддас динимизга амал қилсалар, шунда жамоат билан бирга бўладилар. Аллоҳ барчамизни ўз йўлидан адашмай, саломат қалб ила йўлиқишимизни ансон қилсин.
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси
ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё
Миролим Мансур таёрлади