Имом Мотуридий дунё улмолар эътирофида (2-ҚИСМ)

Имом Мотуридий дунё улмолар эътирофида (2-ҚИСМ)

imon.uz 2024-06-21 01:59:15 212

Ана шундай буюк мутакаллим зот Имом Мотуридий ҳақида машҳур уламолар турли мақтовлар айтганлар. Жумладан, Кафавий Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳолида шундай дейди: “Мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчиси бўлган бу кишига Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйиш билан мадад берган эди. Шунинг учун ҳам у тўғри динни ҳимоя қилишга бел боғлаб улкан асарлар битди. Ботил ақидалар соҳибларининг сўзларига раддиялар берди”.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Мароғий ўзининг “Ал-фатҳул-мубийн фи табақотил-усулиййин” номли китобида: “Ҳақиқатан, Абу Мансур далил-ҳужжати кучли, мунозарада исботлар билан рақибини оғзини ёпиб қўядиган, мусулмонларнинг ақидаларини ҳимоя қиладиган ва динсизларнинг ботил даъволари ва шубҳаларига раддиялар берадиган кишидир”, деб ёзади.

Шайх Абул Ҳасан Надавий ўзининг “Рижалул-фикри вад-даъвати” номли китобида Имом Мотуридий ҳақида: “Инсон тафаккурининг буюк донишмандларидан бири. Ўзининг заковати, иқтидори ва илм-фаннинг турли соҳаларининг маҳоратли билимдони”, деб ёзган. Ҳатто “Тарихуд-даъвати вал-азимати” номли китобида Имом Мотуридийни Абул Ҳасан Ашъарийдан устун қўйган жойи ҳам бор.

Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий “Аз-завожиру ъан иқтирофил-кабоир”да: “Суннатдан мурод Аҳли сунна вал жамоанинг икки имоми шайх Абул Ҳасан Ашъарий ва шайх Абу Мансур Мотуридийнинг йўлларидир”, деган.

“Ар-ровзатул баҳийя” китобининг муаллифи Имом Ҳасан ибн Абу Азба шундай ёзган: “Шуни билингки, Аҳли сунна вал жамоанинг барча ақидавий масалалари икки қутбнинг сўзларига асосланган. Уларнинг бири Имом Абул Ҳасан Ашъарий бўлса, иккинчиси Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ана шу икки имомдан бировига эргашган кишиларнинг барчаси ҳидоятни топган, ўз ақидасида ҳақиқатдан четга чиқиб кетиш ва бузилишдан саломат қолган бўлади”.

Аллома Тошкуброзода “Мифтааҳус-саодат”да шундай ёзади:

“Сўнгра шуни билингки, Аҳли сунна вал жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир. Бири ҳанафий, бошқаси шофиий мазҳабида. Ҳанафий мазҳабидагиси ҳидоятга бошловчи имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлса, шофиий мазҳабидагиси шайхус сунна (суннат илми устози) ва раисул-жамоа (Аҳли сунна раиси), мутакаллимлар имоми, пайғамбарлар улуғи(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларига ёрдам берувчи, динни ҳимоя қилувчи, мусулмонларнинг ақидаларини сақлаш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи Абул Ҳасан Ашъарий Басрий, улуғ шариатни уйдирма ҳадислардан ҳимояловчи киши бўлиб, ислом динига ёрдам беришга ўзини бағишлаган ва унга етарли даражада ёрдам бергандир”.

Мулло Али Қорий ўзининг “Мирқотул мафотийҳ” номли асарида шундай ёзган: “Аллоҳ таолонинг: “Ҳавои нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган кимсани кўрдингизми?” (Жосия сураси, 23-ояти) деган сўзи ҳам шулар жумласидандир. Бу оятдаги “ҳавои нафс”дан мурод мутлақ эътиқодлардир. “Мункарлар”дан мурод эса Китоб ва Суннатга асосланмаган бузуқ ҳавои нафслардир. Мункар ҳавои нафслар – бу, Аҳли сунна вал жамоанинг икки имоми – Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлга хилоф келадиган бузуқ ақидалардир” (Мирқотул-мафотийҳ, 8-жуз, 372-бет).

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий шундай ёзган: “Бас, Ашъарий ва Мотуридий – айнан шу икковлари Аҳли сунна вал жамоанинг машриқ-у мағрибдаги имомларидир. Уларнинг сон-саноқсиз асарлари бор. Бу икки имомлар ўртасида воқе бўлган ихтилофларнинг кўпчилиги лафзий ихтилофлар бўлиб, бу ихтилофли масалалар ҳақида бир қанча китоблар тасниф қилинган. Баёзий “Ишоротул маром фии иборотил Имом” номли китобида уларни чиройли тарзда ихчамлаштириб зикр қилган. Забидий “Иҳёу улумид дийн”га ёзган шарҳида унинг матнини нақл қилиб ўтган” (Муқаддамотул Имом Кавсарий, 51-бет).

Ҳофиз Муртазо Зубайдий “Иҳёу улумид дийн”нинг шарҳида: “Аҳли сунна вал жамоа деб ҳеч бир қайдларсиз ишлатилса, улардан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир”, деган (Итҳаафус содатил муттақийн, 2-жуз, 6-бет).

Худди шу китобнинг бошқа бир жойида: “Аҳли суннадан мурод – тўртта фирқадир. Улар: муҳаддислар, сўфийлар, ашъарийлар ва мотуридийлар” (86-бет).

Имом Сафориний Ҳанбалий “Лавомиъул анворил баҳийя” номли китобида шундай деган: “Аҳли сунна вал жамоа учта фирқадир. Улар: Асарийлар. Уларнинг имоми Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу. Ашъарийлар. Уларнинг имоми Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳ. Мотуридийлар. Уларнинг имоми Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳдир. Аммо залолатдаги фирқаларга келсак, улар жуда ҳам кўпдир” (Лавомиъул анворил баҳийя, 1-жуз, 73-бет).

Қувайтлик аллома шайх Абдуллоҳ ибн Халаф Даҳян Сафориний Ҳанбалийнинг юқоридаги тақсимотига қуйидагича изоҳ берган: “Агар: “Ҳадиси шарифнинг лафзи чекланишни тақозо қилади. (Яъни, ҳадиснинг лафзидан кўриниб турибдики, нажот топадиган фирқа учта эмас биттадир). Зеро, унда: “Менинг умматим етмиш нечта фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг барчалари дўзахдадир. Фақат биттаси – у ҳам бўлса, мен ва менинг саҳобаларим юрган йўлдагиси бундан мустаснодир”, дейилган”, десангиз унинг жавоби қуйидагичадир:

(Сафориний ҳанбалийнинг тақсимотида келган) учта фирқа битта фирқа ўрнидадир. Чунки уларнинг барчалари аҳли ҳадис бўлишган. Чунки, ашъарийлар ҳам, мотуридийлар ҳам ҳадисларни рад этишмаган, уларга эътиборсиз муносабатда бўлишмаган. Ё уларни Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишган ёки таъвил қилишган. Уларнинг ҳар битталари аҳли ҳадисдирлар. Демак, юқорида айтиб ўтилган учта фирқа ҳадисга амал қилганлари ва нақлларга эргашганлари учун ҳам битта фирқа ўрнида экан. Улардан бошқалари эса ақлни нақлдан устун қўйдилар. Нақлда келган хабарларга хилоф иш тутдилар. Бинобарин, улар бидъатчи, залолатчи, Аҳли суннага қарши чиқувчи ва нодон кимсалардир. Яна Аллоҳ таоло билувчироқдир!” (Табсирул қониъ, 73-бет).

Аллома Мавоҳибий Ҳанбалий “Ал-айн вал-асар” номли китобининг 53-саҳифасида шундай деган: “Аҳли суннадаги тоифалар учтадир: ашъарийлар, ҳанбалийлар ва мотуридийлар. Бунинг далили ақидага доир кўплаб китобларда ва ҳанбалий мазҳабидаги барча манбаларда ҳанбалий уламоларни ашъарийларга атф қилиб (боғлаб) зикр қилганликларидир”.

Муҳаддис Муҳаммад ибн Дарвеш Байрутий “Расоилу фи баяни ақоиди Аҳли сунна вал жамоа” китобида шундай ёзган:

“Фойда: моликийлар, шофиъийлар ашъарийдирлар. Уларнинг имоми Абул Ҳасан Ашъарий бўлиб, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан биридир. Ҳанафийлар мотуридийлар бўлиб, уларнинг имоми Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икковлари Аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидир. Ҳанбалийлар эса асарийлардир” (77-бет).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мотуридийлик ёхуд ашъарийлик мазҳаби асосида эътиқод қилиб келган ва келаётган мўмин-мусулмонлар бутун ислом оламининг энг донгдор ва энг қалами ўткир уламолари тарафидан якдиллик билан олқишланган ва эътироф этилган ана шу икки буюк имомлар – Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳумуллоҳларнинг маънавий издошларидир. Хусусан, биз Ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар ўзларининг улуғ бобокалони бўлмиш Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ана шу ҳақ ва барқарор таълимоти асосида эътиқодда бўлишимиз, шу таълимотни ҳимоя қилишимиз ҳамда уни кенг мусулмонлар оммасига тарғиб этишда бардавом бўлишимиз лозим.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид