130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ислом гўзал ахлоққа чорлайди/
imon.uz 2024-09-13 04:07:47 152Гўзал ахлоқда ислом оламига
намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо
ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат,
кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини
кечириш каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишга чақирганлар. Пайғамбаримиз
алайҳиссалом биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Албатта,
Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган.
Динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва
моҳиятида гўзал ахлоқ ётади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш
мумкин:
“Албатта, намоз фаҳш ва ёмон
ишлардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят). Шу каби рўза, закот, ҳаж ва бошқа
ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳам гўзал ахлоқ
асосий ўрин тутади. Зеро, иймон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва
иймонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Мўминларнинг
ичида энг иймони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз
аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”, (Имом Термизий ривояти).
Киши иймони қандайлигини
билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар (хотин,
бола ва қўл остидаги ходимлар)га чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар
қаторига кириш ҳисобланади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Сизларнинг менга
суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳусни хулқ инсондаги барча
фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки унинг эгасидан доимо яхшилик
кутилади. Яна бир ҳадисда шундай келади: Абу
Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киришларига
кўпроқ сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво
қилиш ва ҳусни хулқли бўлиш” - деб жавоб бердилар, (Имом Термизий ривояти).
Инсон чиройли хулқи сабаб
охиратда улуғ даражаларга эришиши ҳадиси шарифларда зикр қилинади: Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда
улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби,
гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални
бузади” (Имом Табароний ривояти).
Ибни Абу Ҳусайн розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Сизларни дунё ва
охират аҳлининг энг яхши хулқларига далолат қилайми”? - деб
“Сендан алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан
қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғинг” дедилар,
(Имом Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий
соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин таъначи, лаънатчи, фаҳшчи ва
уятсиз бўлмайди”, – дедилар, (Имом Термизий ривояти).
Демак,
гўзал хулқли киши, таъна қилиш, лаънатлаш, фаҳш сўзларни гапириш, уятсиз
гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар каби ёмон хулқлардан тийилиши лозимдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи
алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан
тийилиш” дея таърифлаганлар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу
дедилар: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади:
ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”.
Саҳл ибн Тустарий раҳматуллоҳи
алайҳдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда: “Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси
машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират
тилаш”, дедилар.
Зуннун Мисрий қуддиса сирруҳудан: “Энг кўп ғам-ғусса чекадаган киши
ким?”, деб сўрашганида у зот: “Энг хулқи ёмон кимса”, деб жавоб
берганлар.
Юқоридаги ҳадиси шариф ва
уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган бўлсак, инсон чиройли хулқларга
одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси ва
Пайғамбаримизнинг асосий ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва
охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки
дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.
Кейинги пайтларда юртимизда
“оммавий маданият” номи остида мусулмонларга хос бўлмаган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш кўзга ташланмоқда.
“Оммавий маданият” ёшларга ҳаёсиз, масъулиятсиз бир ҳаёт тарзини безаб
кўрсатмоқда. Яъни, ҳеч нарсада ҳалол, ҳаром деган чегара йўқ, бу дунёга бир
марта келинади, ўйнаб кулиб қолиш керак, дунё лаззатларини тотиб қолиш керак,
каби фикрларни ўртага ташламоқда. Тўғри, худди мана шу ғоялар билан яшаганлар
тарихда ҳам бўлган. Уларнинг ҳаммаси бало, офат ва Аллоҳнинг азобига дуч келиб,
қирилиб кетдилар. Ўзига дин диёнат ва чиройли хулқни шиор қилиб олганларнинг
эса ишлари, авлодлари, динлари ҳануз давом этмоқда. Қуш уясида кўрганини
қилади, деганларидек, ёш авлодга биз катталар ўрнак бўлишимиз керак. Айниқса,
катта масъулият эркакларнинг зиммасига тушади. Агар фарзандлар тарбиясига
беъэтибор бўлсак, уларни “оммавий мадания”нинг қўлига топшириб қўйсак, динимиз,
келажагимиз ва миллатимиз хавф остида қолади.