Ислом шариати

Ислом шариати

imon.uz 14-10-2020 922

Ислом дини фақат шариат ва қонуннинг ўзидан иборат эмас. У бир пайтнинг ўзида борлиқни тушунтирувчи ақида, руҳни тарбияловчи ибодат, нафсни покловчи ахлоқ, тасаввурни тўғирловчи тушунча, инсонни юксалтирувчи фазилат ва ҳаётни гўзаллаштирувчи одоб ҳамдир. Шариатдаги ҳукм оятлари Қуръони каримда 10 тага ҳам етмайди. У ақида ва виждонга қоришган, ваъда ва ваъийдга муқояса қилинган ва Қуръонниннг бошқа кўрсатмаларига узвий боғлиқ бўлган нарсадир.

Масалан, Аллоҳнинг сўзидаги оилавий масалаларни ўқинг

"(Эр хотинини қайта никоҳга олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнга (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим) ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсангиздан (уларнинг маҳрларидан) бирон нарса қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эрдан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсадан (яъни хотиннинг эваз беришида, эрининг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир", 

(Бақара сураси, 229 оят).

Шариат ҳукмига кўра, оила никоҳ билан тузилиб, агар эр-хотиндан биронтасининг вафот қилишидан бошқа қандайдир сабаб билан ажралишга тўғри келса, талоқ қилиш орқали бузилади. Лекин исломда талоқни – оилани бузишни Аллоҳ таоло суймаслиги таъкидланади ва бу талоқ қилиш ҳуқуқи эркакка берилган. Чунки табиатан эркаклар аёлларга нисбатан оғир-босиқ, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб қиладиган ва оилани оғир-енгил кунларида сабр-тоқат билан бошқариб борадилар. Бундан ташқари икки мартагача қайта ярашишга рухсат берилган. Чунки гоҳо аччиқ устида ўйланмасдан қилинган талоқдан кейин эр ҳам, хотин ҳам надомат қилиб қолишлари мумкинки, мазкур рухсат шундай пушаймон ҳолатида ёрдамга келади. Лекин ажрашиш аниқ бўлган ҳолда ҳам ислом «чиройли суратда ажрашиш»га, яъни эр-хотин бир-бирини беҳурмат қилмай, хусусан аёл кишини бошқалар назарида қора қилмай (унга кейин бошқа эр ҳаридор бўлиши мумкинлигини назардан қочирмаслик лозим) ва унга никоҳ сабабли берилган маҳр – ўзини эрига бағишлагани учун берилган эваздан бирон нарса олиб қолмай ажрашишга буюради.

Ислом шариати ҳаётий қонун моддаларига ўхшаб қуп қуруқ ишлаб чиқилган эмас. Балки у қонун, даъват, кўрсатма, тарбия, тарғиб ва қайтариқдир.

Масалан, ҳадд ҳукмлари ҳақидаги Аллоҳнинг сўзини ўқинг.


"Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир. Аммо ким бундай (ўғрилик билан қилган) жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ахир сиз осмонлар ва ер Аллоҳнингг мулки эканини, У Зот ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!" 

(Моида сураси, 38, 40 оятлар).

Бу ерда билмоқдамизки, шариат ваъда ва ваъид орасини яқинлаштириб, хавф ва умид, кўрсатма ва тарбияни олиб келиб, тавба ва ислоҳга тарғиб қилмоқда. Ундан ташқари Аллоҳнинг гўзал исми ҳамда сифатларини зикр қилмоқда. Аллоҳ буюриб ва наҳий қилганида азиздир. Шариатни амалга киритганида ҳакимдир. Тавба ва ислоҳ томон юрганида ал Ғофур ва ар Роҳимдир. У коинотнинг эгасидир. Яратиш ва буйруқ эгасидир. У Зот барча нарсага қодирдир. Қуръондаги шариат оқими мана шу кўринишда намоён бўлади. Суннат ҳам шу кабидир. Шариатни ўзи билангина мусулмон жамияти барпо қилинмайди. Балки уни барпо қилишда икки бошқа восита ҳам мавжуд. Шариат ва қонуннинг ёнида даъват ва ташвиқот, сўнгра таълим ва тарбия туради. Шунинг учун ҳам Исломда дастлаб Макка даври, яъни даъват ва тарбия босқичи бўлган. Кейин Мадина даври, яъни шариат ва қонун босқичи бўлган. Ушбу босқичда худди жисм руҳ билан уйғунлашгани каби шариатнинг тарбияга уйғунлашганини кўрамиз. Қонунларнинг ўзини ўзгартириш билан мусулмон жамияти шаклланиб қолмайди. Нафсларни ўзгартириш асос бўлиб қолаверади.

Нафсни ўзгартиришда энг кўп ёрдам берадиган нарса бу иймон бўлиб, иймон инсонни бутунлай бошқа нарсага айлантириб қўяди. Иймонли инсон мақсад ва орзу сари юрувчи тизимли кишига айланади. Ундай киши дунё ва охиратда қилган ишига яраша жазо ҳамда мукофот олишига ишонади. Агар биз шариат чизиб берган бирор жиноятга курашмоқчи бўлсак, фақат жазо қўллашга ошиқмаймиз. Балки жазолаш ислоҳот йўлининг охирги чораси ҳисобланади.

Жазо фақат йўлдан оғган одамлар учун қўлланади. Улар жамиятда кўпчиликни ташкил қилмайди. Улар асосий қонун қоидадагилар эмас, балки улар қоидадан ажралиб чиққанлардир. Ислом фақат йўлдан оғганларни муолажа қилиш учун келмаган. Балки, тўғри йўлдагиларга кўрсатма бериб, чалғимасдан ўзларини ҳимоя қилиш учун келган. Ислом назарида азоблаш жарима муолажаси учун энг асосий сабаб эмас. Балки, жаримага олиб борадиган сабабларни тўсиб, ҳимоя қилиш энг катта омилдир. Ўзини эҳтиёт қилиш доимо муолажадан яхшидир.

Агар зино каби жиноятларга қарасак, Нур сурасининг бошланишида битта оятда зикр қилинганини кўрамиз. Аллоҳ таоло:

"Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни, зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўъминлар гувоҳ бўлсинлар!" 

(Нур сураси, 2 оят).

Лекин айни шу сурасидаги 10-оят жиноятлардан сақланишга кўрсатма беради.

"Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз", 

(Нур сураси, 19 оят).

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда зиёрат тартиби ва одоблари ҳамда хонадон ҳаққини ҳурмат қилиб, унга риоя қилиш ҳақида сўзлайди.

"Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар", 

(Нур сураси, 27 оят).

  Бунинг ичига балоғатга етмаган хизматчилар ва болаларнинг изн сўраш одоби ҳам киради.

"Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар — бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч вақт сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир). Улар ўша (вақтлардан) сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб тургувчидирсизлар. Аллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир" 

(Нур сураси, 58 оят).

Булардан ҳам муҳимроғи мўмин ва мўминаларни иффат, кўзни сақлаш ва жинсий аъзони сақлашга чақириб тарбия қилишидир.

"(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан Хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (ўз зеб-зийнатларини кўрсатишлари жоиздир), 

(Нур сураси, 30-31 оятлар).

Мана шу ерда зино ва жинсий жиноятдан сақланиш хусусида янги элемент кўзга ташланмоқда. У, аёлларни, эркакларни йўлдан оздирувчи фитналар  ва шаҳватини қўзувчи қилиқлар қилишдан ман этмоқда. Ҳатто Қуръони каримда:

"Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар", 

(Нур сураси, 31 оят), деб айтган.

Бунинг маъноси шуки, жамиятни бузғунчи фитна сабабларидан тозалаб, фисқу фасод йўлларини тўсишдир. Бундан ҳам муҳими оила қуришга қурби етмаётган эркак ва аёлларни никоҳлаб қўйишга тарғиб қилмоқда. Бу билан жамиятнинг барча қатламига мурожаат қилмоқда. Жамиятнинг барча аъзолари ушбу муаммо олдида масъулдирлар.

"Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини уйлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) Кенг, Билгувчидир", 

(Нур сураси, 32 оят)

Бу ерда жамиятнинг масъулияти, хусусан ушбу масъулиятнинг бошида ҳокимлар туриши ва ҳалол ришталарга воситаларни осонлаштиришлари ҳамда ҳаромга олиб борувчи йўлларни тўсмоқлари лозим. Бундан ташқари, никоҳга тўсқинлик қилувчи маҳрларни қимматлашиб кетишини, тўйларни дабдабали қилиб, машаққатга тушиб қолишини олдини олиши ва никоҳланувчиларга моддий ҳамда маънавий жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиши ҳам лозим.

Демак зинокорга жазо қўллаш муаммони ҳал қилиб қўймайди. Воқеликда зинокорга то у маҳкамада тўрт марта иқрор бўлмагунча ва тўрт адолатли гувоҳ бунга жиноят устида кўзи билан шоҳид бўлганига иқрор бўлмагунича жазо қўллаб бўлмайди. Бундай фурсат бўлиши ўта қийиндир. Гўёки бу ердаги мақсад жиноятни очиқча амалга оширишдан ман қилишдир. Аммо ким ушбу зино балосига гирифтор бўлсаю, уни яширса, дунёда қўлланиладиган жазога тортилмайди. Охиратдаги унинг иши Аллоҳга ҳаволадир.

Аллома Юсуф Қаразовийнинг "Биз интилган Ислом жамияти", номли китобидан

Миролим Мансур тайёрлади.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид