130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ТУЗАТИЛИШИ ЛОЗИМ ТУШУНЧАЛАР
imon.uz 03-05-2024 266Масжидларни тарк айла ани маскан тутган бандаларга,
Шароб бермоғи учун бизни тавоф эттир ароқчи атрофида.
Роббинг: Маст бўлганларга вайл бўлсин, демамиш,
Лек: Намозхонларга вайл бўлсин, деб айтмиш.
Абу Наввос, аббосий шоир.
Ушбу шеърни ёзган шоир кейинчалик тавба қилиб, зуҳд йўлига кирган дейишади. Бунга шоирнинг умр охирида ёзган шеърлари далолат қилади. Лекин мавзумиз шоирнинг шахси ҳақида эмас. Балки унинг айни шу шеърида қўллаган услуби ҳақида.
Эътибор қаратсак шоир бу байтларда аббосийлар даврида кенг тарқаган гуноҳлардан бири ичкиликбозликка тарғиб қилмоқда ва намоздан қайтармоқда. Шоир ўзининг бу гапига Қуръонда келган қуйидаги оятни далил қилмоқда:
فَوَیۡلࣱ لِّلۡمُصَلِّینَ
«Намозхонлар»га вайл бўлсин (Маъун 4).
Шоир иддао қилишича Қуръонда Аллоҳ таоло намозхонларга жаҳаннам тилагану, лекин ароқхўрларга ундай демаган.
Юзаки қарасангиз ҳақиқатда ҳам ароқхўрларга вайл бўлсин деган оят йўқ. Шоир ўзича ҳақ. Аммо шоир Қуръондан иқтибос келтираётган пайтда оят ворид бўлган сиёққа эътибор бермаяпти. Ушбу оятни келган ўрнидан юлиб олиб, умуман тескари маънода қўлламоқда. Ваҳоланки Маъун сурасининг 5-7 оятларига қаралса, юқоридаги оятда кўзланган намозхонлар риёкорлар, намозни холис адо этмайдиган намозхонлар экани маълум бўлади.
Ушбу гапларни ёзишимдан мақсад шуки, бугун ҳам баъзи тоифа кишилар оятлар, ҳадислар, саҳобийлар ва имомларимизнинг қавлларини худди Абу Наввос сингари ворид бўлган ўрнидан юлиб олиб қўллайдилар.
Масалан:
خَلَقَ اللَّهُ آدَمَ عَلَى صُورَتِهِ
«Аллоҳ Одамни унинг суратида яратди», ҳадисини олайлик.
Баъзилар ҳадисдаги «ه - унинг» замирини (кишилик олмоши) Аллоҳга қайтади, яъни Аллоҳ Одамни Ўзининг суратида яратди, дейишади (наузу биллаҳ). Ҳадис шарҳида эса Аллоҳ таолога жисм собит қилишади. Улар ҳадиснинг ворид бўлиш сабабини яширашади ва Абу Наввос каби уни сиёқдан юлиб олишади.
Аслида эса бу ҳадисни бошқалари тўлдиради.
روى مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
«إِذَا قَاتَلَ أَحَدُكُمْ أَخَاهُ فَلْيَجْتَنِبْ الْوَجْهَ فَإِنَّ اللَّهَ خَلَقَ آدَمَ عَلَى صُورَتِهِ».
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Қачонки бирортангиз биродари билан урушиб қолса, юздан четлансин (унга урмасин). Зеро, Аллоҳ Одамни унинг суратида яратган».
Бу ҳадисни «ه - унинг» замири урилаётган кишига қайтиши очиқ кўриниб турибди. Яъни, ҳадис бирор киши билан урушиб қолсанг, унинг юзига урма, чунки Аллоҳ отанг Одамни мана шу сен ураётган кишининг кўринишида яратган, отангга ўхшаш инсоннинг юзига урма, деган маънода ворид бўлган.
Хадис юзга уришдан қайтариш учун келган. Бугун эса адашган тоифалар ҳадисни юқорида айтилган «юлиб олиш» услубига кўра Аллоҳнинг сифатлари бобида келтиришади. Улар Аллоҳ Одамни Ўзининг суратида яратган, деб даъво қилишади. Аллоҳ адаштирмасин.
Худди шунингдек имомларимизнинг гапларини ўз ўрнида қўлламаслик ҳам адашувларга олиб келади. «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, мазҳабимни улоқтиринглар, ўша ҳадисга амал қилинглар», деб Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеъийлардан келтириладиган гап бугун мазҳабсизликка чақирув учун ишлатилади.
«Қайда саҳиҳ ҳадис бўлса ўшанга амал қил, Абу Ҳанифага эргашасанми Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга эргашасанми, мана имомларнинг ўзи ҳам мазҳабга эмас, ҳадисга эргашинглар, деб айтган», каби қуруқ даъволар билан одамлар бемазҳабликка тарғиб қилинади. Аслида имомларимиз бу гапни: «Мазҳабимда ҳар қайси масалага саҳиҳ ҳадис бор, агар эплолсанг мен ҳукмини айтгандан бошқа ҳукм учун саҳиҳ ҳадис топиб кўрчи, тополмайсан, агар топсанг ана мазҳабимни деворга қараб ур», деган маънода айтишган. Лекин низомлар бузилиб жаҳолат илм деб танилган замонда, бу гаплар жоҳиллар ва хоинлар тарафидан тескари мақсадда фойдаланилади.
Хулоса қилиб айтсак, биргина гапни ушлаб олиб оламни бошингизга кўтаришдан аввал, бу гапни сиздан аввал минглаб олимлар ҳам билганини бир мулоҳаза қилиб кўринг. Битта тайини йўқ одам келиб нима деса эргашиб кетишдан аввал илми пухта, омонатдор уламолар билан маслаҳат қилинг. Сизга оятдан, ҳадисдан гапираётгандек кўринган киши аслида сизни жаҳаннам томон етаклаётган бўлишидан огоҳ бўлинг.
Аллоҳ бизларни адаштирмасин.