ИСТИВО МАСАЛАСИ

ИСТИВО МАСАЛАСИ

imon.uz 2021-05-28 01:46:01 1614

ИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАРИ ИМОМ АШЪАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР

باسم الله الرحمن الرحيم

Ушбу мақола Аллоҳ таолони осмонда жойлашган деб эътиқод қиладиган ҳамда «Аллоҳ таоло макон тутмаган, Арш устида қарор топмаган, «истиво» оятини эгаллаш маъносида деб Ашъарий ва Мотуридийдан аввал ҳеч ким айтмаган, салафи солиҳларнинг бирортасидан ҳам далил йўқ» дейдиганларга раддия сифатида ёзилди.

Мақолада «Аллоҳ таоло макон, замон ва жиҳатдан холи экани» ҳамда «Қуръони каримдаги «истиво» ояти эгаллаш, подшоҳлик ва қудрат маъносида экани» ҳақида машҳур саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар ва дастлабки уч асрда яшаган салафи солиҳлардан ҳамда улардан кейин то йигирманчи аср охирига қадар яшаб ўтган ақида ва калом уламолари, фақиҳлар, муфассирлар, муҳаддислар, тасаввуф аҳллари, тил ва луғат олимларидан иборат аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг юздан ошиқ имомларининг гаплари, уларнинг вафот этган йилларига кўра тартибда жойлаштирилган шаклда, ишончли манбалар асосида иқтибос қилиб келтирилган бўлиб, улар ичида имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳматулоҳи алайҳимо ҳам бўлиши билан бирга, кўпгина масалаларда аҳли сунна уламоларига хилоф қилган ва охирида тўғри йўлга қайтиб тавба қилган (Аллоҳ билгувчироқ! Ўзи қабул айласин!), Аллоҳ таолони осмонда жойлашган деган даъводагилар унинг сўзларини далил қилиб келтирадиган шайх Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг шогирдлари ҳам бор. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳақ йўлни топган, ҳақ йўлга эргашган ва ҳақ йўлга даъват қилган зотларнинг барчаларидан рози бўлсин!

1. Хулафои рошидинларнинг бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ва амакиваччалари улуғ саҳоба Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу (40-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان

Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир. (Абу Мансур Бағдодий «Ал-фарқу байнал фирақ» китобида келтирган)

الاستواء غير مجهول والتكييف غير معقول والإيمان به واجب والسؤال عنه بدعة لأنه تعالى كان ولا مكان فهو على ما كان قبل خلق المكان لم يتغير عما كان

Истиво номаълум эмас, унга кайфият бериш ақлдан эмас, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир. Чунки Аллоҳ таоло бўлган ва бирорта макон бўлмаган. У маконни яратишдан олдинги ҳолатидадир, Олдин бўлганидан ўзгармаган (Имом Насафийнинг «Мадорикут-Танзил» номли тафсирида келган).

2. Қуръони карим муфассири дея ном олган саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (68-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

نعرف ربنا بما عرف به نفسه ونصف بما وصف به نفسه لا يدرك بالحواس ولا يقاس بالناس قريب من الأشياء غير ملاصق بعيد منها غير مفارق تحقق بلا تمثيل ووحد بلا تعطيل

Биз Роббимизни У зотнинг Ўзи уларда Ўзини таништирган хабарлар орқали таниймиз. Биз У зотни Ўзини Ўзи васф қилган сифатлар билан сифатлаймиз. У зот ҳис қилиш воситалари ила идрок этилмайди. У зот инсонларга қиёс қилинмайди. Нарсалардан яқиндир, лекин ёнма-ён турувчи эмас. Нарсалардан узоқдир, аммо буткул ажралувчи эмас. Уни ҳеч нарсага ўхшатмасдан тасдиқ этилади ва сифатларини инкор этмасдан якка-ю ёлғиздир дейилади (шайх Фузайлнинг «Жавоҳирул-калом» китобида келтирилган).

3. Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидин Алий ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:

انت الله الذى لا يحويك مكان

Сен — бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан! («Соҳийфатус сажжадия» китобидан).

4. Улуғ тобеин Абу Муҳаммад Саъийд ибн Мусайяб ибн Ҳазн Махзумий раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

نقول: استوى بلا كيف ولا نثبت مكان لأن الله كان قبل خلق المكان والآن على ما كان قبل

У зот «қаердалик»сиз истиво қилган деймиз. Маконни исбот қилмаймиз. Чунки Аллоҳ маконни яратишидан олдин ҳам бор эди ва ҳозир ҳам олдин қандай бўлса ўшандекдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»да келтирган).

5. Машҳур улуғ тобеинлардан яна бири, олиму зоҳиду фақиҳ имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи (110-ҳижрий санада вафот этганлар) «жория ҳадиси»даги «في السماء» калимаси ҳақида айтган қуйидаги гаплари Ибн Ашурнинг «Аҳкомул-муташабиҳот» китобида нақл қилинган:

لا يعقل فيه ولا يجهل منه ولا يشتغل بالكيف

У ҳақида ақл юритилмайди, у борада жоҳиллик ҳам қилинмайди, қандайлигига киришилмайди.

6. Улуғ тобеинлардан яна бири муфассир имом Абу Бакр Муҳаммад Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳи (110-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Тафсирул-аҳком» номли тафсир китобида айтганлар:

قال تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أي حكمه ويقال كان فوق العرش حين خلق السماوات والأرض ويقال استوى استولى وملك كما يقال استوى فلان على بلد كذا يعني استولى عليها وملكها فالله تعالى بين لخلقه قدرته وتمام ملكه أنه يملك العرش وله ما في السماوات وما في الأرض

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Раҳмон Аршга истиво қилди» (Тоҳо сураси, 5). Яъни, Аршга ҳукмдор бўлди. Аллоҳ Осмонлару ерни яратган пайти Аршнинг устида эди деган гап ҳам айтилган. Яна, «истава» бу эгаллади, подшоҳ бўлди маъносида деб ҳам айтилган. Худди, фалончи бундоқ шаҳарни эгаллади деб айтилганидек, яъни эгаллади ва подшоҳ бўлди дегани. Аллоҳ таоло бандаларига Ўзининг қудратини ҳамда ҳукмронлигининг мукаммал эканини баён қилган. Албатта У зот Аршнинг подшоҳидир. Осмонлардаги барча нарсалар ҳам, ердаги барча нарсалар ҳам фақат Уникидир.

7. Яна бир улуғ тобеин Абу Муҳаммад Ато ибн Абу Рабоҳ Аслам ибн Сафвон раҳматуллоҳи алайҳи (114-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

ولا نقول الله قائم على العرش بل الله يعلم مراده

Аллоҳ Аршнинг устида қоимдир демаймиз. Балки ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ ўзи билади (Шайх Абу Шарифанинг «Тавҳид» китобида келган).

8. Яна бир тобеин имом Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳи (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:

من زعم أن الله في شيء، أو من شيء، أو على شيء، فقد أشرك؛ إذ لو كان على شيء لكان محمولا ولو كان في شيء لكان محصورا، ولو كان من شيء لكان محدثا

Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади (Қушайрий «Ар-рисолатул Қушайрийя»да келтирган).

9. Тобеинлардан яна бирлари мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (150-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-фиқҳул абсат» китобларида шундай деганлар:

كان الله تعالى و لا مكان كان قبل ان يخلق الخلق كان و لم يكن اين و لا خلق و لا شيء و هو خالق كل شيء

Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У зот халойиқни яратишдан олдин бўлган, бирор макон ҳам, бирор халойиқ ҳам, бирор нарса ҳам бўлмаган. У барча нарсанинг яратувчисидир.
Ушбу китобда яна келадики:

قال أبو حنيفة: من قال لا أعرف ربّى فى السماء او فى الأرض فقد كفر و كذا من قال أنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء او فى الأرض

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганлар: Кимки Роббим осмонда ё ердалигини билмайман деса, ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, У Аршнинг устида, лекин мен Аршнинг осмонда ё ердалигини билмайман деб айтган киши ҳам!
Ва яна «Ал-фиқҳул акбар» китобларида айтганлар:

لا يشبه شيئا من الاشياء من خلقه و لا يشبهه شئ من خلقه

Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамайди, ва яратган нарсаларининг ҳам бирортаси Унга ўхшамайди.
Яна айтганларки:

و الثالث نقرّ بأنّ الله على العرش استوى من غير أن يكون له حاجة و استقرار عليه و هو حافظ العرش و غير العرش من غير احتياج فلو كان محتاجا لما قدر على إيجاد العالم و تدبيره كالمخلوقين و لو كان محتاجا الى الجلوس و القرار فقبل خلق العرش أين كان الله تعالى الله عن ذلك علوّا كبيرا

Учинчидан, биз Аллоҳни Аршга, унга муҳтож бўлмасдан, унга қўним топмасдан истиво қилди деб иқрор бўламиз. У Аршни ҳам, Аршдан бошқа нарсаларни ҳам, ҳеч қандай эҳтиёжсиз ҳифзу ҳимоя қилувчи Зотдир. Агар муҳтож бўлганида эди, худди махлуқларга ўхшаб, оламни яратишга ҳам, бошқаришга ҳам қодир бўлмасди. Агар ўтиришга ва жойлашишга муҳтож бўлса, у ҳолда Аршни яратишдан олдин Аллоҳ таоло қаерда бўлган?! Аллоҳ ушбулардан олий ва буюк Зотдир! («Васийят» китобидан)

10. Тобеинлардан имом Абу Амр Абдурраҳмон ибн Амр ибн Юҳмад Авзоий раҳматуллоҳи алайҳи (157-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

إن الله لا يشبه شيئا من خلقه ولا يشبهه شيء من خلقه وهو في السماء ملكه وقدرته لا عين ذاته والتمكن والاستقرار والجلوس من صفات الخلق فالله سبحانه عن ذلك

Дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи яратган бирор нарсага ўхшамайди ва Ўзи яратган бирор нарса ҳам Унга ўхшамайди. У – айни зоти эмас, балки подшоҳлиги ва қудрати самода бўлган Зотдир. Макон тутиш, қарор топиш ва ўтириш халойиқнинг сифатларидандир. Аллоҳ эса ушбу нарсалардан покдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ақоиду аҳлис-сунна»да келтирган).

11. Тобеинлардан яна бири, машҳур тасаввуф пешвоси Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи (162-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

وهو الذي لا يحوى بمكان ولا زمان ولا جهات

У макон билан ҳам, замон билан ҳам, тарафлар билан ҳам қамраб олинмаган (Сирожиддин Жавоҳирбек Муршид «тавҳиду Мавлоно»да келтирган).

12. Табаа тобеинларнинг улуғларидан имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳи (179-ҳижрий санада вафот этганлар) истиво ҳақида қуйидаги гапни айтганлари барчага маълум ва машҳур:

الإستواء غير مجهول و الكيف غير معقول و الإيمان به واجب و السؤال عنه بدعة

Истиво номаълум нарса эмас, қандайлиги ақл юритиладиган нарса эмас, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир (Байҳақий «Ал-асмо вас-сифот»да келтирган).

13. Улуғ табаа тобеинлардан яна бирлари сўфия аёл Робия ал-Адавийя раҳматуллоҳи алайҳо (180-ҳижрий санада ва этганлар) «Аллоҳ қаерда?» деган саволга шундай жавоб берганлар:

وحتى العقول لا يتسعه فكيف تتسعه الأمكنة؟

Ва ҳатто ақллар Уни сиғдира олмайди-ку, маконлар Уни қандай сиғдира олсин?! (Сирожиддин Жавоҳирбек Муршид «тавҳиду Мавлоно»да келтирган).

14. Табаа тобеинлардан, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг хос икки шогирдларидан бири имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи (189-ҳижрий санада вафот этганлар) айтган қуйидаги гап Ҳасан ибн Абу Бакр Мақдисийнинг «Ғоятул-маром фий шарҳи баҳрил-калом» китобида келтирилган:

نؤمن بما جاء من عند الله تعالى على ما أراد الله تعالى ولا نشتغل بكيفيته وبما جاء من عند رسول الله صلى الله عليه وسلم على ما أراد به رسول الله صلى الله عليه وسلم

Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган хабарга Аллоҳ таоло ирода қилганидек иймон келтирамиз. Унинг қандайлигига киришмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридан келган хабарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилганларидек иймон келтирамиз.

15. Табаа тобеинлардан яна бирлари имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи (204-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

إنه تعالى كان و لا مكان فخلق المكان و هو على صفة الازلية كما كان قبل خلقه المكان لا يجوز عليه التغيير فى ذاته و لا التبديل فى صفاته

У зот бўлган, бирор макон бўлмаган, бас маконларни яратган, маконларни яратишидан олдингидек азалий сифатларида бўлган. Унинг зотида ўзгариш бўлиши, сифатларида янгиланиш бўлиши жоиз эмас (Зубайдий «Итҳафу садатил муттақийн» китобида келтирган).
Яна айтганларки:

من اعتقد أن الله جالس على العرش فهو كافر

Кимки Аллоҳни Арш устида ўтирган деб эътиқод қилса, у кофирдир (Ибн Муаллим Қураший «Нажмул-муҳтадий ва рожмул-муътадий» китобида нақл қилган).

16. Табаа тобеинларнинг яна бирлари, ҳанафий мазҳабини Мовароунаҳрга олиб кирган етук фақиҳ ва мужтаҳид имом Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи (217-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

الكيف مجهول لأن نفي العلم بالكيف لا ينفي إلا ما قد علم أصله كما نقول: إنا نقر بالله ونؤمن به ولا نعلم كيف هو

(Истивонинг) қандайлиги нома‘лум. Чунки, қандайликни билишни инкор этиш унинг асли билинадиган нарсани инкор этади. Худди биз Аллоҳга иқрор бўламиз, Унга иймон келтирамиз, бироқ Унинг қандай эканини билмаймиз деб айтишимизга ўхшайди (Ибн Ашурнинг «Аҳкомул-муташабиҳот» китобидан).

17. Яна бир табаа тобеин, имом Бухорий ва имом Доримий раҳимаҳумаллоҳнинг устози ва шайхи аллома Нуайм ибн Ҳаммод Хузўий Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи (228-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

من شبه الله بخلقه فقد كفر ومن جحد ما وصف الله به نفسه فقد كفر

Ким Аллоҳни У яратган бирон нарсага ўхшатса, батаҳқиқ кофир бўлибди. Ким Аллоҳ у билан Ўзини васф қилган бирон сифатни инкор этса, батаҳқиқ кофир бўлибди (Ибн Касирнинг «Тафсирул-Қуръонил ‘Азийм» китобидан).

18. Табаа тобеинларнинг яна бирлари Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Яҳё ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи (237-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ғорийбул-Қуръан ва тафсириҳи» китобида «истиво» оятини тафсир қилиб айтадилар:

استوى: المراد منه – الله أعلم — استولى

Истиво қилди» деган сўздан мурод (Аллоҳ билгувчироқ) – эгаллади деганидир.

19. Машҳур муҳаддис имомлардан Абу Саийд Усмон ибн Саийд ибн Холид ибн Саийд Тамиймий Доримий раҳматуллоҳи алайҳи (280-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ар-родду алал-жаҳмия» китобида имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг гапларини келтириб, сўнгра унга қуйидагиларни қўшимча қилганлар:

وصدق مالك! لا يعقل منه كيف ولا يجهل منه الاستواء والقرءان ينطق ببعض ذلك في غير ءاية

Молик рост сўзлади! Унинг қандайлиги ақлга сиғмайди, Унинг истивоси номаълум бўлмайди, мана шуларнинг баъзиси ҳақида Қуръон бошқа оятда сўз юритади.

20. Муфассирлар имоми Муҳаммад ибн Жарир Табарий раҳматуллоҳи алайҳи (310-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

الاستواء معناه كثير إن اختص بهؤلاء المعاني لقد أول

Истиво сўзининг маънолари кўп. Агар ушбу маънолардан бирига хосланса, батаҳқиқ таъвил қилинибди («Жомеъул-Баён»).

21. Имом Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Сиррий Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи (311-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти тафсирида шундай деганлар:

معنى كلمة استوى هو استولى

Истиво қилди деган сўзнинг маъноси – эгаллади дегани («Маонил-Қуръон ва эъробиҳи», Абу Исъҳоқ Зажжож).

22. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи (321-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ақида» номли рисолаларида шундай ёзганлар:

ومن وصف الله بمعنى من معاني البشر فقد كفر

Ким Аллоҳни башар маъноларидан бирортаси билан сифатласа, батаҳқиқ кофир бўлибди.
Яна:

لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات

У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани) цингари ўз ичига ололмайди.

23. Имом Абу Ҳасан Алий ибн Исмоил ибн Исъҳоқ Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи (324-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзининг «Ал-ибана фий усулид-дияна» номли китобида қуйидагиларни ёзганлар:

إن كان قائل: ما تقولون في الاستواء؟ قيل له: نقول إن الله عز وجل يستوي على عرشه استواء يليق به من غير طول الاستقرار

Агар, истиво ҳақида нима дейсиз, деб сўрашса, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Аршига, Ўзига лоиқ ҳолда, тўла қарор топмасдан истиво қилган деб айтамиз, дея жавоб берилади.

24. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи (333-ҳижрий санада вафот этганлар) «Тавҳид» номли китобларида «Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги» номли бобда шундай ёзганлар:

إذ قد ثبت ان قد كان و لا مكان… أن القول بالمكان ليس من نوع التعظيم و التبجيل

Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир… Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас.

25. Муҳаддис уламолардан ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳи (354-ҳижрий санада вафот этганлар) «Саҳиҳу Ибн Ҳиббон» китобида шундай деганлар:

كان الله ولا زمان ولا مكان

Аллоҳ бўлган, бирор замон ҳам, бирор макон ҳам бўлмаган.

26. Муҳаддислардан ҳофиз Абул Қосим Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб Тобароний раҳматуллоҳи алайҳи (360-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ат-тафсирул-кабийр» китобида айтадилар:

والاستواء هو الاستيلاء ولم يزل الله سبحانه مستوليا على الأشياء كلها إلا أن تخصيص العرش تعظيم شئنه

Истиво қилиш эгаллаш дегани. Аллоҳ субҳанаҳу барча нарсаларни эгаллаган. Фақат Аршни хослаш Унинг шаънини улуғлашдир.

27. Имом Абу Бакр Аҳмад Розий Жассос Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (370-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Аҳкомул-Қуръон» китобида «истиво» оятини қуйидагича тафсир қилганлар:

استوى بلطفه وتدبيره وقيل استولى

Ўзининг латифлиги ва тадбири билан истиво қилди. Эгаллади деган маъно ҳам айтилган.

28. Фақиҳ ва муфассир имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (373-ҳижрий санада вафот этганлар) «Баҳрул-улум» номли тафсир китобида қуйидаги оятни тафсир қилиб айтадилар:

ثم استوى إلى السماء… (سورة البقرة – 29)
والناس في هذه الآية ثلاثة أوجه قال بعضهم: نقرؤها ونؤمن بها ولا نفسرها وقال بعضهم: نقرؤها وفسرها غلى ما يحتمله ظاهر اللغة وهذا قول المجسمة وقال بعضهم: نقرؤها ونتأولها. وللتأويل وجهان: أحدهما صعد أمره إلى السماء وهو قوله كن فيكون والثاني: أقبل إلى خلق السماء

Инсонлар ушбу оят юзасидан учга бўлинган. Баъзилар «уни ўқиймиз ва унга иймон келтирамиз, лекин тафсир қилмаймиз» дейишган. Баъзилар «уни ўқиймиз ва луғатнинг зоҳири кўрсатиб турган маънога кўра тафсир қиламиз» дейишган, улар (Аллоҳ таолони жисм деб биладиган) мужассималардир. Баъзилар эса «уни ўқиймиз ва таъвил қиламиз» дейишган. Таъвилнинг икки йўли мавжуд. Биринчиси У зотнинг амри осмонга кўтарилди дейиш бўлиб, Аллоҳ таолонинг «бўл! деди, бас, бўлди» деган қавлига мувофиқдир. Иккинчиси эса осмонни яратишга киришди дейиш.

29. Имом Абу Бакр ибн Фаврак Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳи (406-ҳижрий санада вафот этганлар) «Мушкилул-ҳадис» китобида айтадилар:

لأن استوائه على العرش سبحانه ليس على معنى التمكن والاستقرار بل هو على معنى العلو بالقهر والتدبير و ارتفاع الدرجة بالصفة على الوجه الذي يقتضي مباينة الخلق

Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳунинг Аршга истиво қилиши макон тутиш ва қарор топиш маъносида эмас, балки ҳукмронлик ва тадбир ила олий бўлиш, халойиқдан фарқ қилиш тақозо қилган жиҳатдан, бир сифат билан даражани кўтариш маъносидадир.

30. Муфассирлар имоми Абу Исъҳоқ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Саълабий раҳматуллоҳи алайҳи (427-ҳижрий санада вафот этганлар) қуйидаги оятни ўзларининг «Ал-кашфул баён ‘ан тафсирил-Қуръон» китобида шундай тафсир қилганлар:

وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – وهو العلي: الرفيع فوق خلقه بالتدبير والقوة والقدرة لا بالمسافة والمكان والجهة. العظيم: فلا شيء أعظم منه

У — олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).
У олийдир: яъни, Ўзи яратган барча нарсаларининг устида тадбир, қувват ва қудрат жиҳатдан баланддир, аммо масофа, макон ва тараф маъносида эмас.
Буюкдир: яъни, Ундан буюкроқ ҳеч нарса йўқ!

31. Аллома Абу Мансур Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Исмоил Саолибий Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳи (429-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-жавоҳирул-ҳисон фий тафсирил-Қуръон» китобида қуйидаги оятни тафсир қилиб айтадиларки:

وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – وهو العلي: يراد به علو القدر والمنزلة لا علو المكان لأن الله منزه عن التحيز. العظيم: هو صفة بمعنى عظم القدر والخطر لا على معنى عظم الأجرام

У — олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).
У олийдир: яъни, ундан қудрат ва даражанинг юқорилиги ирода қилинган, маконнинг юқорилиги эмас. Чунки Аллоҳ чегараланишдан покдир.
Буюкдир: яъни, у қудрат ва қўрқинчнинг буюклиги маъносидаги сифатдир, жисмнинг катталиги маъносида эмас.

32. Аллома Абу Ҳасан Алий Мовардий раҳматуллоҳи алайҳи (450-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти ҳақида айтадилар:

فيه قولان: أحدهما: استوى أمره على العرش والثاني: استولى على العرش

У ҳақида икки хил гап мавжуд. Биринчиси Аллоҳнинг амри аршга кўтарилди. Иккинчиси У Аршни эгаллади («Ан-нукат вал-‘уюн» номли тафсир китобидан).

33. Муҳаддисларнинг яна бирлари имом Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи (458-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-эътиқод» деган китобларида қуйидагиларни ёзганлар:

و فى الجملة يجب ان يعلم ان استواء الله سبحانه و تعالى ليس باستواء اعتدال عن اعوجاج و لا استقرار فى مكان و لا مماسة لشئ من خلقه لكنه مستو على عرشه كما اخبر بلا كيف بلا أين بائن من جميع خلقه

Хуллас калом билиш вожиб бўладики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг истивоси қийшайишдан тўғриланишнинг баробарлашуви ҳам, бирор маконга жойлашиш ҳам, Ўзи яратган бирор нарсага тегиш ҳам эмас. Лекин хабар берилганидек, Аллоҳ Ўз Аршига қандайликсиз, қаердаликсиз истиво қилувчидир. У барча яратган нарсаларидан фарқлидир.

34. Имом ва муҳтадий аллома Абу Шакур Муҳаммад Солимий кеший раҳматуллоҳи алайҳи (460-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ат-тамҳид фий баянит-тавҳид» номли китобида шундай деганлар:

واحتجوا بما روي الكلبي عن ابن عباس رضي الله عنهما أنه قال في تفسير قوله تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أي: استقر وفي رواية امتلأ العرش فمنه الجواب قلنا معناه استقر العرش من هيبته أو من خشيته…

Ва ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг «Раҳмон Аршга истиво қилди» оятини «қарор топди» деб, бошқа бир ривоятга кўра «Арш (Аллоҳ билан) тўлди» деб тафсир қилганликлари ҳақидаги имом Калбий ривоят қилган гапни ҳужжат қилиб келтиришган. Биз эса унга жавобан айтамизки, унинг маъноси «Аллоҳ таоло Аршга Ўзининг улуғворлиги ила ёки Ўзининг қўрқинчи ила қарор топди» деганидир (Зоти ила эмас)…

والأصح أن نقول إن الله تعالى صانع العالم وهو جل ذكره ليس في العالم ولا خارج العالم لأنا لو قلنا إنه في العالم فإنه يكون أصغر من العالم ويكون في المكان في الظرف وهذا كفر ولو قلنا إنه خارج العالم لا يخلو إما أن يكون متصلا بالعالم أو مباينا عن العالم فإن كان متصلا بالعالم فإنه يكون من جنس العالم ويكون من العالم والعالم مع أجناسه مصنوع وليس بصانع ولو قلنا إنه مباين عن العالم فإن البينونة عبارة عن القطع والفصل وإنه يوجب التحديد والمحدود المقدور فلا يكون صانعا فنقول إنه صانع العالم بلا أينية ولا كيفية

Энг тўғриси, Аллоҳ таоло оламнинг яратувчиси, бироқ, оламнинг ичида ҳам эмас, оламнинг ташқарисида ҳам эмас, демоғимиздир. Чунки, агар У зот оламнинг ичида десак, унда оламдан кичкина бўлиб қолади ва бирор маконда бўлиб қолади. Бундай дейиш эса куфрдир. Агар У зот оламнинг ташқарисида десак, ё оламга ёпишиб турувчи ёки оламдан ажралиб турувчи бўлиб қолиши истисно эмас. Агар оламга ёпишиб турадиган бўлса, унда У зот оламнинг жинсидан бўлиб, оламга тегишли ҳисобланиб қолади. Олам эса ўзининг барча жинслари билан биргаликда яратилмишдир, яратувчи эмас. Агар оламдан ажралиб турувчи десак, ажралиш узилиш ва бўлинишдан иборат. У эса чегараланишни вожиб қилади. Чегараланадиган, миқдорланадиган нарса асло яратувчи бўлолмайди. Шу боис айтамизки, Аллоҳ таоло ҳеч бир «қаерда»лик ё «қандай»ликсиз ҳолда, оламнинг яртувчисидир.

35. Аллома Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Алий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳи (476-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-ишора ила мазҳаби аҳлил-ҳаққ» китобида айтадилар:

الاستواء بمعنى الاستيلاء واستوى على العرش بمعنى استولى عليه يقال استوى فلان على الملك بمعنى استولى عليه

Истиво эгаллаш маъносидадир. Аршга истиво қилди дегани уни эгаллади деган маънода. Фалон киши мулкни истиво қилди деб унга эга бўлди деган маънода айтилади.

36. Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Домағоний Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» оятида ҳақида айтганларки:

الاستواء بمعنى القهر والقدرة

Истиво – ҳукмронлик ва қудрат маъносидадир («Ислоҳул-вужуҳ», Домағоний).

37. Икки Ҳарам имоми Абул Маолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ Жувайний Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-иршод» китобида айтадилар:

إذ العرب تقول استوى فلان على الممالك إذا احتوى على مقاليد الملك واستولى على الرقاب وفائدة تخضيض العرش بالذكر أنه أعظم المخلوقات في ظن البرية

Агар араблар фалон киши мамлукларга истиво қилди деса, мулкнинг калитларини қўлга киритди ва унга эга бўлди дегани бўлади. Аршни зикр қилиб хослашнинг фоидаси шуки У инсонларнинг фикрида халойиқнинг энг улуғидир.

38. Имом Мутаваллий Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-ғуня» китобида шундай деганлар:

فإن قيل الاستواء إذا كان بمعنى القهر والغلبة فيقتضي منازعة سابقة وذلك محال في وصفه قلنا والاستواء بمعنى الاستقرار يقتضي سبق الاضطراب والاعوجاج وذلك محال

Агар истиво ҳукмронлик ва ғалаба маъносида бўлса, ўтмишда жанг қилганини тақозо қилади, бу эса Аллоҳни сифатлашда маҳол-ку дейишса, қарор топиш маъносидаги истиво ўтмишда изтироб ва қийшайиш ўтганини тақозо қилади, бу эса маҳолдир деймиз.

39. Ҳужжатул Ислом имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи (505-ҳижрий санада вафот этганлар) «Қоваъидул ақоид» номли асарларида шундай ёзганлар:

و انه لا يحده المقدار و لا تحويه الاقطار و لا تحيط به الجهات و لا تكتنفه الارضون و لا السموات

Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, йерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди.

40. Аллома Абул Муъийн Маймун ибн Муҳаммад Насафий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (508-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Табсиратул-адилла» китобида шундай деганлар:

الاستواء في معنى الاستيلاء فعلى ذلك يحتمل أن يكون المراد منه استولى على العرش الذي هو أعظم المخلوقات وتخصيصه بالذكر كان تشريفا له

Истиво эгаллаш маъносидадир. Шунга биноан, истиво оятидан Раҳмон махлуқотларнинг энг буюги бўлган Аршни эгаллади, деган маъно ирода қилинган бўлиши эҳтимол қилинади. Аршни зикр қилиб хослаш эса уни улуғлаш учун бўлган.

41. Имом Абу Наср Абдурраҳим ибн Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи (514-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ат-тазкиратуш шарқийя»да айтадиларки:

فإن قيل أليس الله يقول: الرحمن على العرش استوى (سورة طه — 5) فيجب الأخذ بظاهره قلنا: الله يقول أيضا: وهو معكم أين ما كنتم (سورة الحديد – 4) ويقول: ألآ إنه بكل شيئ محيط (سورة فصلت – 54) فينبغي أيضا أن نأخذ بظاهر هذه الآيات حتى يكون على العرش وعندنا ومعنا ومحيطا بالعلم محدقا به بالذات في حالة واحدة والواحد يستحيل أن يكون بذاته في حالة واحدة بكل مكان. قالو: قوله تعالى: وهو معكم – يعني بالعلم و: بكل شيئ محيط – إحاطة العلم قلنا: وقوله تعالى: على العرش استوى – قهر وحفظ وأبقى

Агар: Аллоҳ таоло «Раҳмон Аршга истиво қилди» («Тоҳо» сураси, 5-оят) деган эмасми, демак оятнинг зоҳирини олиш вожиб бўлади дейишса, биз: Аллоҳ таоло яна: «У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир» («Ҳадид» сураси, 4-оят) ва: «Албатта, У зот ҳар бир нарсани иҳота қилгувчидир» («Фуссилат» сураси, 54-оят) деган, демак ушбу оятларнинг ҳам зоҳирини олишимиз, натижада эса Аллоҳ бир ҳолатнинг ўзида Аршнинг устида, бизнинг ҳузуримизда, биз билан бирга, илм билан иҳота қилган ҳолда, Зотан қамраб олган бўлиши бар лозим бўлади, бир зотнинг ҳамма ерда бир ҳолатда зотан бўлиши эса ақлга тўғри келмайди деймиз. «У сизлар билан биргадир» дегани илм жиҳатдан, «барча нарсани иҳота қилувчидир» дегани билишни иҳота қилиш дегани дейишса, Аллоҳ таолонинг «Аршга истиво қилди» деган сўзи ҳам ҳукмрон бўлди, сақлади ва боқий қолди деганидир деймиз.

42. Ибн Рушд номи билан машҳур аллома шайх Абул Валийд Муҳаммад ибн Аҳмад Қозий Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (520-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

والاستواء معناه استولى وقيل القهر وغلبة

Истивонинг маъноси эгаллади дегани. Ҳукмронлик ва ғалаба маъносида деган гаплар ҳам бор (Ибн Ҳож моликий «Ал-мудхал»да келтирган).

43. Аллома ва фақиҳ Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (522-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:

فيحمل على الاستيلاء دفعا للتناقض وإنما خص العرش بالذكر تعظيما له كما خصه بالذكر في قوله تعالى: وهو رب العرش العظيم (سورة التوبة – 129) وإن كان هو رب كل شيء

Хабарларнинг бир-бирига зид бўлиб қолишидан сақланиш учун ҳам ушбу сўзга эгаллаш маъноси берилади. Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг Робби бўлгани ҳолда Ўз каломида «У улуғ Аршнинг Роббидир» деб Аршни алоҳида зикр қилиб хослагани каби, бу оятда ҳам Аршни улуғлаш учун алоҳида зикр қилиб хослаган («Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон», Абул Қосим Ҳиндий).

44. Мавлоно Абул Қосим Исмоил ибн Муҳаммад Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳи (535-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-муфрадот»да шундай ёзадилар:

متى عدى الاستواء ب»على» اقتضى معنى الاستيلاء

Ҳар қачон истиво лафзи «алаа» қўшимчаси билан келса, эгаллади деган маънони тақозо қилади.

45. Имом Абу Ҳафс Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (537-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ақоид» китобида айтганлар:

ولا يتمكن في مكان ولا يجري عليه زمان

Аллоҳ бирор маконга жойлашмаган, Унга замон жорий бўлмайди.

46. Қози Иёз ибн Мусо ибн Иёз Яҳсабий Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (544-ҳижрий санада вафот этганлар) «Машориқул-анвор алаа сиҳоҳил-осор» китобида «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:

هو إظهار لآياته لا مكان لذاته

У Аллоҳнинг зотининг маконини эмас, балки У зотнинг мўъжизаларини изҳор қилишдир.
Яна айтганларки:

لا خلاف بين المسلمين قاطبة فقيههم ومحدثهم ومتكلمهم ونظارهم ومقلدهم أن الظواهر الواردة بذكر الله تعالى في السماء كقوله تعالى: «أأمنتم من في السماء أن يخسف بكم الأرض» ونحوه ليست على ظاهرها بل متأولة عند جميعهم

Мусулмонларнинг фақиҳларининг, муҳаддисларининг, мутакаллимларининг, кузатувчилари-ю тақлидчиларининг бирортасининг ўртасида ихтилоф йўқки, «Осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?!» ва шунга ўхшаш, Аллоҳ таолонинг осмонда эканининг зикри келган зоҳирий хабарлар зоҳирий маъносида эмас, балки барчанинг наздида (ушбу хабарлар) изоҳлаб тушунтирилган (Муҳаммад Ёсир ибн Азизурраҳмон Ҳанафийнинг «Таҳзибул-арваҳин нафсийя» китобида келтирилган).

47. Аллома Сирожиддин Алий ибн Усмон Ўший Фарғоний раҳматуллоҳи алайҳи (569-ҳижрий санада вафот этганлар) «Бадъул амолий» номли манзумаларида шундай деганлар:

نسمى الله شيئا لا كالأشياء
وذاتا عن جهات الست خالي

Аллоҳни бошқа нарсалардек бўлмаган шай, олти тарафдан холи бўлган Зот деб номлаймиз…
Ва яна деганларки:

 و رب العرش فوق العرش لاكن
بلا وصف التمكن و التصال

Аршнинг Робби аршдан устундир, бироқ макон тутиш, ўрнашиш сифати йўқ.

48. Шайх Нуриддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Собуний раҳматуллоҳи алайҳи (580-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-бидоя минал-кифоя» китобида айтадилар:

الرحمن على العرش استوى (سورة طه – 5) أي: استولى وقهر

«Раҳмон Аршга истиво қилди» – яъни эгаллади ва ҳукмрон бўлди.

49. Бурҳонул-Ислом имом Бурҳониддин Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳи (591-ҳижрий санада вафот этганлар) айтган қуйидаги гап Ҳишом Мисрийнинг «Идрокул-аҳвол ‘ала аржаҳил-ақвол» китобида нақл қилиб келтирилган:

وقد ورد في الآية «استوى» فيجب علينا أن نؤمن به كما نزل ولا يجوز التأويل هذا مذهب السلف وعلى مذهب الخلف يجوز أن يقال استولى وغيرذلك لا يجوز

Ҳақиқатан, оятда «истиво қилди» деган сўз келди. Бизнинг унга худди нозил бўлганидек иймон келтиришимиз вожиб бўлади, уни таъвил қилиш жоиз эмас. Бу олдинги уламоларнинг йўлидир. Кейинги уламоларнинг сўзларига кўра эса «эгаллади» деб айтиш жоиз бўлади. Ундан бошқаси жоиз эмас.

50. Муҳаддис ва муфассир аллома Абдурраҳмон ибн Жавзий Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи (597-ҳижрий санада вафот этганлар) «Дафъу шибҳит-ташбеҳ» китобида шундай деганлар:

معنى الاستواء الاستيلاء دفعا لشبه التشبيه

Ташбеҳга ўхшаб қолишдан сақланиш учун, истивонинг маъноси эгаллашдир дейилади.

51. Имом Абу Абдуллоҳ Фахриддин Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Розий раҳматуллоҳи алайҳи (606-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Тафсирул кабир» ёки «Мафотиҳул-ғайб» номли тафсирларида қуйидаги оятни шундай тафсир қилганлар:

وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – لا يجوز أن يكون المراد منه العلو بالجهة والمكان

У — олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).
У зотнинг Алий эканидан, тараф ва макон жиҳатидан баланддалиги ирода қилинган бўлиши жоиз эмас.

52. Қози Исмоил ибн Иброҳим Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи (629-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-баён эътиқоду аҳлис-суннати вал-жамоа» китобида айтадилар:

ومن أول حمل الاستواء على الاستيلاء

Истивога энг аввало, эгаллади деган маъно берилади.

53. Шайх Сайфиддин Омадий Ҳанбалий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (631-ҳижрий санада вафот этганлар) «Абкорул-афкор» китобида ёзадилар:

أن تفسير الاستواء بالاستيلاء من أحسن التأويلات وأقربها

Истивони эгаллаш деб тафсир қилиш таъвилларнинг энг гўзали ва энг яқинидир.

54. Мулла Сирожиддин Жавоҳирбек ибн Сулаймон Муршид раҳматуллоҳи алайҳи (634-ҳижрий санада вафот этганлар) қуйидагича ёзганлар:

فالله موجود قبل الزمان والمكان وهو خالق الزمان والمكان ولا يحتاج إلي الزمان والمكان فهو مستو على العرش بلا كيف وما له من مكان ولا يجري عليه زمان ولا يقال متى كان وكيف وأين ولا يقال في كل مكان بل يقال الله موجود بلا كيف ولا مكان ولا زمان

Аллоҳ таоло замон ва макондан олдин ҳам мавжуд эди. У зот замонни ҳам, маконни ҳам яратган. У зот замонга ҳам, маконга ҳам муҳтож бўлмайди. У зот «қандай»сиз Аршга истиво қилган. У зот маконсиздир. У зотга замон ҳам жорий бўлмайди. У зот қачон, қандай, қаерда бўлган дейилмайди. Ва ҳамма ерда деб ҳам айтилмайди. Балки, Аллоҳ «қандай»сиз, маконсиз, замонсиз мавжуддир деб айтилади («Тавҳиду Мавлоно» китобидан).

55. Фақиҳ ва наҳв олими Абу Амр Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (646-ҳижрий санада вафот этганлар) «Амолий»да айтадилар:

فإنما أتى ب»على» لما في الاستواء من معنى الاستيلاء ألا ترى إلى قوله تعالى: ثم استوى على العرش (سورة الفرقان – 59) وقول الشاعر: قد استوى بشر على العراق يريد بذلك علو القهر

Истиво ҳақидаги гапда «алаа» билан келса, эгаллаш маъносида бўлади. Аллоҳ таолонинг «Сўнгра Аршга истиво қилди» деган оятига ҳамда шоирнинг «дарҳақиқат, Бишр Ироққа истиво қилди» деган сўзига қаранг, бу билан ҳукмронликнинг юксаклигини ирода қилади.

56. Шайхул-Ислом Муфтий Абу Муҳаммад Иззуддин Абдулазиз ибн Абдуссалом Суламий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (660-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-ишора илал-ийжоз» китобида айтадилар:

استواؤه على العرش وهو مجاز عن الاستيلاء على ملكه وتدبيره إياه

Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши У зотнинг Аршга подшоҳ экани ва уни фақат Ўзи тадбир қилишига биноан, эгаллаш деган маънодан мажоздир.

57. Муфассир алломалардан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий Андалусий раҳматуллоҳи алайҳи (671-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» оятининг тафсирида айтадилар:

إذا وجب تنزيه الباري سبحانه عن الجهة والتحيز فليس بجهة فوق عند العلماء المتقدمين والمتأخرين لأنه متى اختص بجهة يلزم أن يكون في مكان أو حيز و يلزم المكان والحيز: الحركة والسكون للمتحيز والتغير والحدوث

Мутақаддим ва мутааххир уламолар наздида, модомики Борий сунҳанаҳуни тараф ва чегараланишдан пок деб билиш вожиб экан, демак (истивонинг маъноси) юқори тараф эмас. Чунки У зот тараф билан хосланса, бирор макон ёки чегаранинг ичида бўлиши лозим бўлиб қолади. Бирор макон ёки чегаранинг устида бўлиш эса чегараланаётган зотга ҳаракат, тўхташ, ўзгариш ва янги пайдо бўлганликни лозим қилади.

58. Тасаввуф аҳлларидан Жалолиддин Румий номи билан машҳур мавлоно Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Баҳоуддин Балхий раҳматуллоҳи алайҳи (672-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

هيهات لا تشبهون الله الخلائق فاستوى على العرش به لائقا

Ҳайҳот! Аллоҳни халойиққа ўхшатманг!
У Ўзига лоиқ ҳолда Аршга истиво қилган. («Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон», Абул Қосим Ҳиндий)

59. Муҳаддислардан аллома Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф Нававий раҳматуллоҳи алайҳи (676-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

أن الله تقدس وتعالى قد استوى على العرش في الحقيقة ولكن لا ينبغي في ذلك استوى بذاته على العرش بل هو استوى على عرشه بما يليق به بلا تمكن ولا التصال ولا استقرار

Аллоҳ тақаддаса ва таоло ҳақиқатдан ҳам Аршга истиво қилган. Лекин бундан У Ўз зоти билан Аршга истиво қилгани келиб чиқмайди. Балки У зот Ўз Аршига Ўзига лоиқ бўлган ҳолда, макон тутмасдан, ўрнашмасдан ва қарор топмасдан истиво қилган (Шайх Фузайл «Жавоҳирул-калом»да келтирган).

60. Улуғ муфассир ва фақиҳ имом Абдуллоҳ ибн Умар Қозий Байзовий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (691-ҳижрий санада вафот этганлар) «жория ҳадиси»даги «في السماء» ҳақида шундай деганлар:

لم يرد به السؤال في مكانه فإنه منزه عنه والرسول أعلى من أن يسأل ذلك بل أراد أن يتعرف أنها مشركة أو موحدة لأن كفار العرب لكل قرم منهم صنم مخصوص يعبدونه ولعل سفهاءهم كانو لا يعرفون معبودا غيره فأراد أن يعرف أنها ما تعبد؟ فلما قالت: في السماء, وفي رواية: أشارت إلى السماء فهم منها أنها موحدة تريد بذلك نفي الآلهة الأرضية التي هي الأصنام لا إثبات السماء مكانا له تعالى

Ҳадисда Аллоҳнинг макони ҳақида сўраш ирода қилинмаган. Аллоҳ макондан поклиги шубҳасиз. Пайғамбар ҳам бундай савол беришдан олийдир. Балки у зот жориянинг мушрика ё муваҳҳида эканини билишни истаганлар. Чунки араб кофирларининг ҳар бир қавмга тегишли, ибодат қиладиган махсус санами бўлган. Кошки, уларнинг нодонлари бошқа маъбудни билишмаган бўлса! Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жориянинг нимага ибодат қилишини билишни истадилар. Жория: «Осмонда!» — деб айтгач, бошқа ривоятга кўра, у осмонга ишора қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг муваҳҳида эканини, ушбу сўзи билан эса, Аллоҳ таолога осмонни макон дея исбот қилишни эмас, санамлардан иборат ердаги олиҳаларни инкор этишни хоҳлаганини тушундилар (шайх Закарийё Кандеҳлавий «Авжазил-масолик»да келтирган).

61. Имом Абул-Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (710-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-умда» номи билан машҳур «Ал-эътимод фил-эътиқод» китобида шундай деганлар:

أن التعري عن المكان ثابت في الأزل لعدم قدم المكان إذ هو غير متمكن وقد بينا أن ما سوى الله تعالى حادث فلو تمكن بعد خلق المكان لتغير عما كان عليه ولحدثت فيه مماسة لاستحالة قيام مماسة به قبل حدوث المكان والتغيير وقبول الحوادث من أمارات الحدوث وذا يستحيل على القديم والنص محتمل إذ الاستواء يذكر للتمام قال الله تعالى: «ولما بلغ أشده واستوى» والاستيلاء كما يقال استوى فلان على بلد كذا

Аллоҳ таолонинг макондан холилиги макон қадим бўлмагани учун ҳам азалдан собитдир. У зот макон тутувчи эмас. Юқорида биз Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларнинг ҳодис (кейин пайдо бўлган) эканини баён қилган эдик. Агар Аллоҳ маконни яратганидан сўнг маконга жойлашган бўлса, Ўз ҳолатидан ўзгарган бўлади, маконнинг пайдо бўлишидан олдин Аллоҳга туташиб турувчи нарса бўлмагани боис, тутатиш туриш У зотда янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади. Ўзгариш ва янгиликларни қабул қилиш янги пайдо бўлган нарсаларнинг белгиларидир, шу боис унинг Қадим зотда бўлиши мумкин эмас. Насс эса «истиво» сўзи мукаммаллик учун зикр қилинди деб эҳтимол қилинади. Аллоҳ таоло айтди: «Қачонки вояга етиб, камол топганида…» (Қасос сураси, 14). Истило (эгаллаш) сўзи эса худди, фалончи бундоқ шаҳарни эгаллади деган гапга ўхшайди.

62. Ибн Манзур номи билан машҳур луғат олими Муҳаммад ибн Мукаррам Ифриқий Мисрий раҳматуллоҳи алайҳи (711-ҳижрий санада вафот этганлар) «Лисонул-араб» номли китобида шундай ёзадилар:

وفي الآية استوى بمعنى استولى وظهر

Оятдаги «истиво қилди» деган сўз эгаллади ва устун бўлди деган маънодадир.

63. Сунний уламолар ижмў қилган кўпгина масалаларда хилоф қилгани билан машҳур Аҳмад ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳи (728-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» масаласида жамоат эътиқодини қабул қилганини (ашъарий мазҳабига ўтганини) эълон қилиб, жумладан шундай дейдилар:

أنا الأشعري… والذي أعتقده من قوله تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أنه على ما قاله الجماعة أنه ليس على حقيقته وظاهره ولا أعلم كنه المراد منه بل لا يعلم ذلك إلا الله تعالى… كتبه أحمد ابن تيمية

Мен Ашъарийман!… Ва Аллоҳ таолонинг: «Раҳмон Аршга истиво қилди» ояти ҳақида шундай эътиқод қиламан: Албатта у жамоат айтган маънодадир, у ҳақиқати ва зоҳиридаги маънода эмас. Мен ундан ирода қилинган нарсанинг асл моҳиятини билмайман, балки уни фақат Аллоҳ таологина билади… Ушбуларни Аҳмад ибн Таймия ёзди («Фатҳул-Борий шарҳу саҳиҳил-Бухорий» асарини ёзган таниқли муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний «Ад-дурарул камина фий аъянил-миатис самина» китобида Қози Нувайрийдан нақл қилиб келтирган).

64. Шайх Аҳмад ибн яҳё ибн Исмоил ибн Жабҳал Ҳалабий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (733-ҳижрий санада вафот этганлар) Аҳмад ибн Таймияга ёзган раддия мактубида «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:

والاستواء بمعنى الاستيلاء

Истиво – эгаллаш маъносидадир (Субкий «Табақот»да келтирган).

65. Бадриддин ибн Жамоа номи билан машҳур аллома Қози Муҳаммад ибн Иброҳим Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (733-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ийзоҳуд-далил» китобида айтадилар:

يتعين فيه معنى الاستيلاء والقهر لا القعود والاستقرار… والمراد بهذا الاستيلاء القدرة التامة الخالية من معارض وليس لفظة هنا – ثم – هنا لترتيب ذلك بل هي من باب ترتيب الأخبار وعطف بعضها على بعض

Истиво сўзида ўтириш ва қароро топпиш эмас, эгаллаш ва ҳукмронлик маъноси таъйин топади… Ушбу эгаллашдан мурод зиддиятдан холи, мукаммал қудратдир. Бу ердаги «сўнгра» деган лафз ушбу ишнинг тартиби учун эмас, балки хабарлар кетма-кетлиги тартиби бобидан бўлиб, баъзисини баъзисига боғловчидир.

66. Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймоз Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи (748-ҳижрий санада вафот этганлар) айтган қуйидаги гаплари «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»да нақл қилиб келтирилган:

لا يمكن أن يكون الله تعالى جالس في العرش لأن كل من كان حاملا للعرش كان حاملا لكل ما كان في العرش فلو كان الإله على العرش لزم أن كون الملائكة حاملين لله تعالى وذلك محال

Аллоҳ таоло Аршда ўтирган бўлиши мумкин эмас. Чунки Аршни кўтариб турган зотларнинг барчаси Аршдаги барча нарсаларни ҳам кўтариб турган бўлади. Агар Илоҳ Аршнинг устида бўлса, фаришталар Аллоҳ таолони кўтариб турган бўлиши лозим бўлиб қолади. Бу эса маҳолдир.

67. Қози Абдурраҳмон ибн Аҳмад Ийжий раҳматуллоҳи алайҳи (756-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-мавоқиф» китобида истиво ҳақида шундай дейдилар:

فقال الأكثرون هو الاستيلاء ويعود إلى القدرة

Кўпчилик олимлар айтишадики: истиво эгаллаш дегани бўлиб, қудрат маъносига қайтади.

68. Имом ва фақиҳ аллома Тақийюдин Алий ибн Абдулкофий Субкий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (756-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ас-сайфус сақийл» китобида айтадилар:

فالمقدم على هذا التأويل – أي تأويل الاستواء بالاستيلاء – لم يرتكب محذورا ولا وصف الله تعالى بما لا يجوز عليه

Ушбу таъвилни муқаддам қилиш – яъни, истиво сўзини ргаллади деб таъвил қилиш қўрқиладиган жиноят ҳисобланмайди ҳамда Аллоҳ таолони Унинг ҳақида жоиз бўлмайдиган сифат билан сифатлаш ҳам бўлмайди.

69. Ибнус Сирож номи билан машҳур аллома Қози Маҳмуд ибн Аҳмад Қувнавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (770-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-қалоид» китобида айтадилар:

لا بد أن يفهم منه القهر والاستيلاء إذ هو أشرف معاني الاستواء فإذا تمدح به من هو المنزه عن المكان والجهات فأولى أن يفهم منه ما يليق به من الصفات

Истивони эгаллаш ва ҳукмрон бўлиш деб тушиниш лозим. Чунки у истивонинг маъноларининг энг улуғидир. Қачонки Аллоҳни Унинг макон ва тарафлардан поклиги учун мақтасанг, ушбу гапдан сифатлар ичида Аллоҳга лоиқ бўлганини тушуниш авлодир.

70. Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исъҳоқ Ғазнавий Ҳиндий раҳматуллоҳи алайҳи (773-ҳижрий санада вафот этганлар) «Шарҳу ақидатит-таҳовийя» китобида айтганлар:

الزمان والمكان من خلق الله تعالى فالله سبحانه لا يوصف بهما وإلا لزم قدم الزمان والمكان أو أن تكون ذاته تعالى محلا للحوادث وكلاهما محال فالحاصل أنه سبحانه متعال عن الزمان والمكان والله كان ولا شيء معه وهو الآن على ما عليه كان

Замон ва макон Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларидандир. Аллоҳ субҳанаҳув улар билан сифатланмайди. Йўқса замон ва макон қадим бўлиши керак бўлиб қолади ёки Аллоҳ таолонинг зоти янгиликларга жой бўлиб қолади. Булар эса эҳтимолдан узоқдир. Хулоса шуки, Аллоҳ субҳанаҳув замон ва макондан олийдир. Аллоҳ бўлган, у билан эса бирорта ҳам нарса бўлмаган. У ҳозир ҳам олдин қандай бўлса шундайдир.

71. Машҳур муфассир аллома Имодуддин Абул-Фидо Исмоил ибн Касир Димашқий раҳматуллоҳи алайҳи (774-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзининг «Тафсирул-Қуръонил ‘Азийм» китобида «истиво» оятини тафсир қилиб шундай деганлар:

وإنما يسلك في هذا المقام مذهب السلف الصالح: مالك والأؤزاعي والثوري والليث ابن سعد والشافعي وأحمد ابن حنبل وإسحاق ابن راهويه وغيرهم من أئمة المسلمين قديما وحديثا وهو إمرارها كما جاءت من غير تكييف ولا تشبيه ولا تعطيل والظاهر المتبادر إلى أذهان المشبهين منفي عن الله فإن الله لا يشبهه شيء من خلقه و ليس كمثله شيئ وهو السميع البصير(سورة الشورى – 11)

Бу мақомда Молик, Авзўий, Саврий, Лайс ибн Саъд, Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ишоқ ибн Роҳвайҳ каби салафи солиҳларнинг ҳамда бошқа-да, мусулмонларнинг аввалда-ю яқинда ўтган имомларининг йўли тутилади. Яъни, оятда қандай келган бўлса, қандайликсиз, ўхшатишсиз ва инкор қилишсиз тушунилади. Ташбеҳ қилувчиларнинг мияларига келган зоҳир кўринишлар Аллоҳ таолодан инкор этилади. Чунки Аллоҳ – Ўзи яратган нарсаларининг ҳеч бири У зотга ўхшамайди. «Ҳеч бир нарса Унинг мисли каби эмас. У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи Зотдир» (Шуро сураси, 11-оят).

72. Аллома Акмалиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бобартий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (786-ҳижрий санада вафот этганлар) имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «Васийят» рисоласига ёзган шарҳида истиво сўзининг кўплаб маъноларини зикр қилинг, сўнгра айтадилар:

على أن الترجيح للاستيلاء لأنه تعالى تمدح به والاستواء للمدح فيما بينهم يفهم منه الاستيلاء وتخصيصه باعتبتر أعظم المخلوقات

Таржиҳ қилинган маъно эгаллашдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзини мақтаган. Истиво эса маънолар ичида мақташ учун бўлиб, ундан эгаллаш маъноси тушунилади. Аршни хослаш эса яратилмиш нарсаларнинг энг улуғИ бўлгани учундир.

73. Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи (792-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг машҳур «Шарҳул-ақоидин Насафийя» номли, ақоид илми уламолари наздида жуда мўътабар ҳисобланган асарида, жумладан қуйидагиларни айтганлар:

ولا يتمكن في مكان لأن التمكن عبارة عن نفوذ بعد في بعد آخر متحقق أو متوهم يسمونه المكان والبعد عبارة عن امتداد قائم بالجسم (وهو العرض) أو بنفسه (وهو الجوهر) عند القائلين بوجود الخلاء والله تعالى منزه عن الامتداد والمقدار لاستلزامه التجزئ

Аллоҳ бирор маконга жойлашмайди. Чунки маконга жойлашиш бир ўлчамдан бошқа ўлчамга ўтишдан иборат, макон дея номланувчи ҳақиқат ёки ҳаёлий нарсадир. Ўлчам эса бўшлиқни мавжуд дейдиганлар наздида жисман (у араздир) ёки моҳиятан (у жавҳардир) мавжуд нарсанинг катталашишидир. Аллоҳ таоло катталашиш ва миқдордан буткул покдир. Чунки у (катталашиш ва миқдор) бўлакларга бўлинишни ҳам талаб қилади.

وإذا لم يكن في مكان لم يكن في جهة لا علو ولا سفل ولا غيرهما لأنها إما حدود وأطراف للأمكنة أو نفس الأمكنة باعتبار عروض الإضافة إلى شيئ

Ва агар Аллоҳ маконда бўлмаса, бирор тарафда ҳам бўлмайди, на тепада, на пастда ва на бошқасида. Чунки тараф, бирор нарсага нисбат беришни ифодалаши эътиборидан ё маконларнинг чегаралари ва ён-атрофи, ёки маконларнинг ўзидир.

74. Аллома Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи (808-ҳижрий санада вафот этганлар) айтганлар:

آية الاستواء لا تدل على أن الله مستقر على العرش أو متمكن فيه ولا تدل على أنه فوق السماء بذاته لأن هؤلاء المعاني كلهم تشبيه

Истиво ояти Аллоҳнинг Арш устида ёки ундан бошқа жойда қарор топганига ҳам, ёки Аршда макон тутганига ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, бу оят Аллоҳнинг Зоти билан осмон устида эканига ҳам далолат қилмайди. Чунки ушбу маъноларнинг барчаси ташбеҳдир (Ҳишом Мисрийнинг «Идрокул-аҳвол ‘ала аржаҳил-ақвол» китобида нақл қилиб келтирилган).

75. Аллома Маждуддин Муҳаммад ибн Яъқуб Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳи (817-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Басоир завит-тамйиз» китобида айтадилар:

الاستواء بمعنى القهر والقدرة

Истиво сўзи ҳукмронлик ва қудрат маъносидадир.

76. Шайх Иззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (819-ҳижрий санада вафот этганлар) «Даржул-маолий шарҳу бадъил-амолий» китобида айтадилар:

مذهب أهل الحق أن الله تعالى ليس في جهة ولا مكان وفي قوله تعالى: الرحمن على العرش استوى (سورة طه – 5) المراد منه استولى

Ҳаққ аҳлининг мазҳаби шуки, Аллоҳ таоло бирор маконда ҳам, тарафда ҳам эмас. Аллоҳ таолонинг каломидаги «Раҳмон Аршга истиво қилди» («Тоҳо» сураси, 5-оят) оятидан мурод эса эгаллади деганидир.

77. Ибн Ҳумом номи билан машҳур аллома Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (861-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-мусояра» китобида айтадилар:

أما كون المراد أن الاستواء استيلاؤه على العرش فأمر جائز الإرادة

Аммо истиводан Аллоҳнинг Аршни эгаллагани ирода қилинган бўлиши ирода жоиз санайдиган ишдир.

78. Имом Жалолиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (864-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-бадрут-толеъ» китобида шундай деганлар:

فيؤول الاستواء بالاستيلاء

Истиво лафзи эгаллаш маъносида таъвил қилинади.

79. Аллома Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Махлуф Абу Зайд Саолибий раҳматуллоҳи алайҳи (875-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-жавоҳирул-ҳисон» номли тафсирида айтганларки:

والقاعدة في هذه الآية ونحوها منع النقلة وحلول الحوادث ويبقى استواء القدرة والسلطان

Бу ва бунга ўхшаш оятлардаги қоида кўчиш ва янгиликлар пайдо бўлишини инкор этишдир, қудрат ва салтанат маъносидаги истиво эса боқий қолади.

80. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон Кофийжий раҳматуллоҳи алайҳи (879-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ат-тайсир» китобида айтадилар:

الظاهر أن المراد من الاستواء هو الاستيلاء بما لاح لي من الدليل فذلك تأويل برأي الشرع

Далиллардан менга аён бўлган зоҳир гап шуки, истиводан мурод эгаллашдир. Ушбу маъно шариат раъйи асосида таъвил қилишдир.

81. Муҳаддис олимлардан шайх Қосим ибн Қутлуғбека Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (879-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-мусояра» китобида айтадилар:

أجاب أهل الحق بأن الاستواء مشترك بين معان… والمعنى األيق الاستيلاء

Ҳаққ аҳли жавоб берганларки, истиво сўзи кўплаб маънолар ичра муштаракдир… Энг лоиқ бўлгани эгаллаш маъносидир.

82. Саййид Аҳмад ибн Муҳаммад Туркий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (879-ҳижрий санада вафот этганлар) «Иймон» рисоласида қуйидагича ёзганлар:

فإن قيل لنا أين الله إن لا يستقر على العرش في السماء؟ فنجيب لهم لا يجوز أن يقول في الله أين أو كيف لأن الله لا يتصور بالعقول فعلى ذلك قالوا ما تصورته أو توهمته فإن الله غير ذلك

Агар бизга: «Аллоҳ таоло осмонда Арш устида жойлашмаган бўлса, унда қаерда?» — дейилса, жавоб бериб айтамизки, Аллоҳ ҳақида «қаерда» ё «қандай» дейиш жоиз эмас. Чунки Аллоҳ ақллар билан тасаввур қилинмайди. Шунинг учун ҳам айтишганки, сиз нимани тасаввур қилсангиз, нимани ўйласангиз, Аллоҳ ўшандан бошқачадир.

83. Муфассир имомлардан Бурҳониддин Бақоий раҳматуллоҳи алайҳи (885-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Назмуд-дурар фий таносубил-аяти вас-сувар» китобида «истиво»ни қуйидагича тафсир қилганлар:

أوجده وأحدث خلقه وأخذ في التدبير له أخذا مستوقى مستقصى مستقلا به لأن هذا شئن من يملك ملكا ويأخذ في تدبيره

Аршни яратди ва унинг халқини пайдо қилди ва уни эҳтиётлаб, мукаммал тарзда, мустақил равишда бошқаришни бошлади. Чунки бу мулкка эга бўлган ва уни бошқарадиган Зотга хосдир.

84. Аллома Шамсуддин Муҳаммад Никсорий раҳматуллоҳи алайҳи (901-ҳижрий санада вафот этганлар) имом Алий ибн Усмон Ўший раҳимаҳуллоҳнинг «Бадъул-амолий» китобига ёзган шарҳида айтадилар:

إن الاستواء يذكر ويراد به الاستيلاء والاتمام والاستقرار فلا يكون حجة مع الاحتمال بل على أن الترجيح للاستيلاء لأن المقام مقام مدح فلو حمل على غيره لا يبقى مدح

Дарҳақиқат, истиво лафзи зикр қилинган ва ундан эгаллаш, мукаммал қилиш ва истиқрор ирода қилинган. Эҳтимол билан эмас, балки эгаллш маъносининг таржиҳ қилинган гап эканига ҳужжат бор. Чунки бу ўрин мақтов ўрни бўлиб, агар ундан бошқа нарса эҳтимол қилинадиган бўлса, мақтов маъноси қолмайди.

85. Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи (911-ҳижрий санада вафот этганлар) устози Жалолиддин Маҳаллий раҳимаҳуллоҳ билан бирга таълиф этган «Тафсирул-Жалолайн» китобида «Мулк» сурасидаги «Ман фис-самааи» оятини шундай тафсир қилганлар:

ءأمنتم من في السماء: سلطانه وقدرته

Подшоҳлиги ва қудрати осмонда бўлган Зотга иймон келтирдингизми?!
Суютий раҳимаҳуллоҳ «Ал-канзул мадфун вал-фулкил машҳун» номли китобида ҳам айтадиларки:

العرش أعلى العالم وليس شيء بأعلى منه ولا أظهر ولذلك خص الاستواء عليه وهو استواء استيلاء فمن استولى على أعظم المخلوقات استولى على ما دونه

Арш оламдаги энг улкан нарсадир, ундан-да каттароқ, ундан-да зоҳирроқ ҳеч нарса йўқ. Шу боис унга истиво қилиш хосланди. У эгаллаш маъносидаги истиводир. Яратилмиш нарсаларнинг энг буюгини эгаллаган Зот ундан бошқа нарсаларни ҳам эгаллагандир.

86. Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қосталоний раҳматуллоҳи алайҳи (923-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Иршадус сорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» номли китобларида шундай ёзганлар:

ذات الله منزه عن المكان و الجهاة

Аллоҳ таолонинг зоти барча макондан ва барча тарафдан покдир.

87. Шайхзода номи билан машҳур муфассир аллома Муҳаммад ибн Муслиҳуддин Мустафо Қувжавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (951-ҳижрий санада вафот этганлар) имом Байзовийнинг тафсирига ёзган ҳошиясида шундай ёзадилар:

ولا يتوهم أيضا من استوائه على العرش كونه معتمدا عليه مستقرا فوقه بحيث لولا العرش لسقط لنزل ولأن ذلك مستحيل في حقه تعالى لاتفاق المسلمين على أنه تعالى هو الممسك للعرش والحافظ له وأنه لا يحتاج إلى شيء مما سواه بل المراد من الاستواء على العرش – والله أعلم – الاستيلاء عليه ونفاذ التصرف وخص العرش بالاستيلاء عليه لأنه أعظم المخلوقات

Шунингдек, Аллоҳнинг Аршга истиво қилишидан Унинг Аршга суяниб турган ёки Арш устида қарор топган бўлиши гумон қилинмайди. Чунки агар шундай бўлганда, Арш олиб қўйилса Аллоҳ тушиб кетарди. Шу боис, Аллоҳ таоло Аршни тутиб турувчи, уни муҳофаза қилувчи ва Ўзидан бошқа бирор нарсага муҳтож бўлмайдиган Зот эканлиги эътиборидан, юқоридаги гап Аллоҳ таоло ҳақида маҳол нарсадир. Аршга истиво қилишдан мурод эса – Аллоҳ билгувчироқ, Аршни эгаллаш ва мукаммал тасарруф қилишдир. Арш яратилмишлар ичида энг улуғИ бўлгани учун уни эгаллаш дея хосланди.

88. Мавлоно Ошиқуллоҳ Бадриддин ибн Муҳаммад Ҳаққоний Кобулий раҳматуллоҳи алайҳи (997-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзлари битган «Эътиқоду аҳлир-Рижал фий маърифатиллаҳи Зил-жалал» номли асарида, жумладан, қуйидагиларни ёзганлар:

وما اجتمع السلف والخلف أن الله ربنا لا استقر في مكان ولا جرى عليه زمان ولا أحوته جهة لأن كل ذلك من أوصاف الحوادث لا من أوصاف المحدث والله العالي المتعالي ذو الجلال منزه عن كل ما قال أهل البدع والضلال

Олдинги-ю кейинги уламолар ижмў қилган гап шуки, дарҳақиқат, Роббимиз Аллоҳ бирор маконда жойлашмаган, Унга замон жорий бўлмаган, Уни бирор тараф қамраб олмаган. Чунки буларнинг бари яратилмиш нарсаларнинг сифатларидандир, Яратувчининг сифатларидан эмас. Энг олий, энг юксак, тенгсиз буюклик эгаси Аллоҳ бидъат ва залолат аҳли айтган барча нарсалардан покдир.

89. Шайх Абул Қосим Аҳмад ибн Яъқуб ибн Иброҳим ибн Саноуллоҳ Ҳиндий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1001-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти ва «жория ҳадиси» ҳақида шундай деганлар:

فعلم علينا عن ما سبق أن المراد – الله أعلم – من استوى على العرش استولى وملك وقهر ومن حديث الجارية أن الله فوق السماء سلطانه وقدرته وأمره

Юқорида келган маълумотлардан бизга аён бўладики, «Аршга истиво қилди»дан мурод – Аллоҳ билгувчироқ! – эгаллади, подшоҳ бўлди, ҳукмрон бўлди деганидир. «Жория ҳадиси»дан эса Аллоҳ – Унинг салтанати, қудрати ва амри само устида экани ирода қилинган («Ақоиду аҳлис-сунна», шайх Аҳмад Абул Қосим).

90. Мулла Алий Қорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1014-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Ал-фиқҳул акбар»нинг ўзлари ёзган «Ар-ровзул азҳар» деб номланган шарҳида қуйидагиларни айтганлар:

اما علوه تعالى على خلقه المستفاد من نحو قوله تعالى: وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ فعلو مكانة و مرتبة لا علو مكان كما هو مقرر عند اهل السنة و الجماعة

Аммо У зот таолонинг махлуқотларидан олий экани Аллоҳ таолонинг «У бандалари устидан ғолибдир» сўзидан истифода қилинган. Бас у зот мавқе ва мартаба жиҳатидан олийдир, макон жиҳатидан эмас. Зеро бу аҳли сунна вал жамоа наздида қарор топган.

استوى بلا وصف الإستقرار ولا نعت الإتصال لأن كلاهما في حق الله تعالى من المحال

Аллоҳ таоло жойлашиш сифатисиз, ўрнашиш наътисиз истиво қилган. Чунки ушбу иккала сифат Аллоҳ таолога нисбатан эҳтимолдан йироқдир («Зовъул-маолий шарҳу бадъил-амолийъ китобидан).

91. Аллома Исмоил ибн Абдулбоқий Ёзжий раҳматуллоҳи алайҳи (1121-ҳижрий санада вафот этганлар) Алий ибн Усмон Ўший раҳимаҳуллоҳнинг «Бадъул-амолийъ китобига ўзи ёзган шарҳининг мухтасар шакли бўлмиш «Нурул-маолий ли шарҳи бадъил-амолий» китобида айтадилар:

لا يجوز وصفه تعالى بالاستقرار على العرش أو في مكان أو في جهة ما وتعالى الله وتنزه عن ذلك وهذا مذهبنا أهل الحق

Аллоҳ таолони Арш устида қарор топган деб ёки бирор макон ё қайсидир тарафда деб сифатлаш жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло ушбу нарсалардан пок ва олийдир. Мана шу бизнинг аҳли ҳаққ мазҳабимиздир.

92. Машҳур тасаввуф арбоби Сўфий Аллоҳёр ибн Аллоҳқули Темирёр Деҳнавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1133-ҳижрий санада вафот этганлар) «Саботул-ожизин» асарида шундай ёзганлар:

إيرور حاضر هميشه يوق مكاني
أنكا قيلغان إيماس سبقت زماني
أوزي بي شبهه دور هم بي نمومه
روا إيرماس أنكا جون جكونه
كونكلده كيجسه كوزكا توشسا هر شيء
إيرور أندين منزه خالق حي

Эрур ҳозир ҳамишайўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна,
Раво эрмас анга чуну чигуна.
Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай,
Эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳай.

93. Исмоил Ҳаққий Бурусавий номи билан машҳур муфассир ва сўфий аллома Исмоил ибн Мустафо Истанбулий Ҳанафий Хилватий раҳматуллоҳи алайҳи (1137-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-баён» номли жуда машҳур ва йирик тафсир китобида шундай деганлар:

قال ابن الشيخ: ومعنى الاستواء عليه الاستيلاء عليه بالقهر ونفاذ التصرف فيه وخص العرش بالإخبار عن الاستواء عليه لكونه أعظم المخلوقات فيفيد أنه استولى على ما دونه

Ибн Шайх айтади: Аршга истиво қилишнинг маъноси ҳукмронлик ва уни буткул тасарруф қилиш ила уни эгаллш деганидир. Арш яратилмиш нарсаларнинг энг буюги бўлгани учун унга истиво қилганлик ҳақида хабар бериш билан хосланди. Бу эса ундан бошқа нарсаларни ҳам эгаллаганини билдиради.

94. Шайх Абдулғаний Набулусий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1143-ҳижрий санада вафот этганлар) «Кифаятул ғулам» номли манзумаларида шундай ёзганлар:

و ليس يحويه مكان لا و لا تدركه العقول جل و علا

Аллоҳни бирорта макон асло иҳота қила олмайди, ақллар ҳам У жалла ва ‘алони идрок эта олмайди.

95. Аллома шиҳобиддин Саййид Маҳмуд Алусий Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи (1270-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-маъоний» номли тафсир китобида айтадилар:

وحاصله وجوب الإيمان بأنه تعالى استوى على العرش مع نفي التشبيه وأما كون المراد استولى فأمر جائز الإرادة لا واجبها إذ لا دليل عليه وإذا خيف على العامة عدم فهم الاستواء إذا لم يكن بمعنى الاستيلاء إلا بالاتصال ونحوه من لوازم الجسمية فلا بأس بصرف فهمهم إلى الاستيلاء فإنه قد ثبت إطلاقه عليه لغة

Хуллас калом, Аллоҳ таолони халойиққа ўхшатишни инкор этиш билан бирга Унинг Аршга истиво қилганига иймон келтириш вожибдир. Истиводан мурод эгаллади деган маъно бўлиши ирода жоиз санайдиган ишдир, лекин вожиб эмас. Чунки вожиблигига далил йўқ. Агар истиво сўзини тушунмаслик оммага енгил бўлиб, уларнинг тушунчасида эгаллаш деган маъно бўлмай, фақат ўрнашиш ва шунга ўхшаш Аллоҳга жисмни исбот қиладиган маъноларгина бўлса, улар эгалламоқ деган маънога ўз тушунчаларини ўзгартиришларининг зарари йўқ. Чунки истиво сўзини эгаллаш маъносида луғатда ҳам собит бўлган.

96. Муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Дарвеш Байрутий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (1276-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ад-дурратул вазийя фий тавҳиди Роббил-барийя» номли рисоласида шундай ёзганлар:

وقد أول الخلف الاستواء بالقهر والاستيلاء على العرش

Чиндан ҳам халаф уламолар истиво сўзини ҳукмронлик ва Аршни эгаллаш деб таъвил қилишган.

97. Шайх Иброҳим Муҳаммад Байжурий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (1277-ҳижрий санада вафот этганлар) «Жавҳаротут-тавҳид»нинг шарҳида айтадилар:

والخلف يقولون: المراد به الاستيلاء والملك

Халаф уламолар истиводан эгаллаш ва подшоҳ бўлиш маънолари ирода қилинган дейдилар.

98. Шайх Муҳаммад Алоуддин ибн Муҳаммад Амийн Обидин Димашқий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1306-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг “Ал-ҳадийятул-алоийя” китобида ёзадиларки:

مشايخنا أهل السنة والجماعة من علماء السلف والخلف قالو: استوى بمعنى استولى

Салаф ва халаф уламоларидан иборат аҳли сунна ва жамоа машойихларимиз айтганларки, Истиво қилди дегани эгаллади деган маънодадир.

99. Шайх Абу Шарифа Ғиёсиддин Қозоний раҳматуллоҳи алайҳи (1316-ҳижрий санада вафот этганлар) «Тавҳид» шарҳида деганларки:

قال تعالى: «الرحمن على العرش استوي» نؤمن به على ما عليه ولا نكيفه ولا نقول كان الله فوق العرش مستقرا أو كان متمكنا ولا نقول أين الله بل نقول الله تعالى متوحد بجميع أسمائه وصفاته ولا شريك له ولا يشبه شيئا من الأشياء ولا يشبهه شيء لأنه قال: ليس كمثله شيء وهو السميع البصير

Аллоҳ таоло айтди: «Раҳмон Аршга истиво қилди». Биз унга қандоқ бўлса шундоқлигича иймон келтирамиз. Уни қандай деб сўрамаймиз. Яна, Аллоҳ Арш устида қарор топганди ёки макон тутганди деб ҳам айтмаймиз. Ва Аллоҳ қаерда деб ҳам айтмаймиз. Балки, Аллоҳ таоло Ўзининг барча исмлари ва сифатлари билан ягонадир деймиз. Унинг шериги йўқ. У зот ҳеч бир нарсага ўхшамайди, Унга ҳам бирор нарса ўхшамайди. Чунки Ўзи айтганки: «Бирор нарса Унинг мислидек эмас. У барча нарсаларни эшитувчи, кўриб турувчи зотдир».

100. Шайхул-Ислом Абу Лайло Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Фароғий Ҳиндий раҳматуллоҳи алайҳи (1325-ҳижрий санада вафот этган) ўзининг «Кашфул-ҳақоиқ» китобида шундай деб ёзганлар:

من وصف الله تعالى بصفات الخلق فهو كافر به

Ким Аллоҳ таолони яралмишнинг сифатлари билан сифатласа, батаҳқиқ, у Аллоҳга куфр келтирувчидир.

إعلم أن التمكن و التصال صفتان من صفات الخلق والله تقدس وتبارك منزه عن صفات الخلق وهو الله الذي لا إله إلا هو ليس كمثله شيئ وهو السميع البصير

Билингки, маконга жойлашиш, ўрнашиш – яралмишга оид икки сифатдир. (Барча айбу нуқсонлардан, ўзгаришлардан) пок ва буюк Аллоҳ яралмишнинг сифатларидан холидир. У Ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. Унинг мислидек ҳеч нарса йўқ, У ҳамма насрани эшитувчи, кўриб турувчидир.

101. Шайх Халил Аҳмад Цингапурий раҳматуллоҳи алайҳи (1346-ҳижрий санада вафот этганлар) “Ал-муҳаннид алал-муфаннид” номли китобда шундай деганлар:

قولنا في أمثال تلك الآيات: إنا نؤمن بها ولا يقال كيف ونؤمن بأن الله سبحانه وتعالى متعال ومنزه عن صفات المخلوقين وعن صمات النقص والحدوث كما هو رأي قدمائنا وأما ما قال المتأخرون من أئمتنا في تلك اآيات ويؤولونها بتأويلات صحيحة سائغة في اللغة والشرع بأنه يمكن أن يكون المراد من الاستواء الاستيلاء ومن اليد القدرة إلى غير ذلك تقريبا إلى أفهام القاصرين فحق أيضا عندنا وأما الجهة والمكان فلا نجوز إثباتها له تعالى ونقول إنه تعالى منزه ومتعال عنهما وعن جميع سمات الحدوث

Мана шунга ўхшаш оятлар хусусида сўзимиз шуки, унга иймон келдирамиз, уни қандай деб айтилмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло халойиқнинг сифатларидан ҳамда нуқсон ва пайдо бўлганлик белгиларидан пок ва олий Зот эканига иймон келтирамиз. Бу аввалгиларимизнинг раъйидир. Аммо кейинг имомларимизнинг ушбу оятлар ҳақидаги гаплари шуки, бу оятлар, нодонларнинг ақлларига яқинлаштириш учун, масалан, истиводан мурод эгаллаш, яд сўзидан мурод қудрат, бошқаларига ҳам мана шундай, шариат ва луғатда мумкин бўлган тўғри таъвиллар билан таъвил қилинади. Бу ҳам бизнинг наздимизда тўғри йўлдир. Аммо тараф ва маконни Аллоҳ таолога нисбатан исбот қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло макон ва тарафдан ва пайдо бўлганликнинг барча аломатларидан пок ва олийдир деймиз.

102. Шайх Муҳаммад Зоҳид ибн Ҳасан Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳи (1371-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

والترجيح على تأويل الاستواء بالاستيلاء

Таржиҳ гап – истивони эгаллаш деб таъвил қилишдир («Такмилатур-родди алаа Ибнил Қоййим» китобидан).

  1. Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий раҳматуллоҳи алайҳи (1404-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Ал-аятул муҳкамат» номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар:

اتفق علماء السنة على ان الله غنى عن كل شيء و كل شيء مفتقر اليه قائم بنفسه لا يحتاج الى محل و لا الى مخصص فهو الذى خلق الزمان و المكان و هو على ما عليه كان

Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, Ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир.

104. Шайх Муҳаммад Жалил Фузайл раҳматуллоҳи алайҳи (1414-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай ёзганлар:

وهو لا يستقر في مكان لأنه تعالى القديم الذي ليس له الابتداء والباقي الذي ليس له الانتهاء والخالق الذي خلق الأشياء كلهم وأيضا أن جميع الأمكنة مخلوقاته الذي أحدث ويفنى فاحتياج الخالق لخلقه محال

Аллоҳ маконга жойлашмайди. Чунки У Олий бўлган Зот ибтидоси йўқ Қадимдир, интиҳоси йўқ Боқийдир, барча нарсаларни яратган Холиқдир. Шунингдек, барча маконлар ҳам Унинг кейинчалик пайдо қилган, қачондир яна йўқ қиладиган махлуқидир. Яратувчининг Ўзи яратган нарсасига муҳтож бўлиши эса эҳтимолдан йироқдир («Жаваҳирул-калом» китобидан).

  1. Машҳур муфассир шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳи (1419-ҳижрий санада вафот этганлар) «Хавотирий тафсирил-Қуръонил карим» китобида «истиво» оятини тафсир қилиб айтадилар:

وانتهينا إلى معرفة تحديد الاستواء بأنه استواء يليق بالله سبحانه فكل صفة من صفاته يوجد مثلها في البشر فلا تأخذها في الله مثل وجودها في البشر فللبشر وجود ولله وجود وليس وجود البشر كوجود الله ولله علم بالأشياء التي يباشرها وللبشر علم ولكنه ليس كعلم الله ولله فعل في الأشياء ولنا فعل ولكنه لا يناسب فعل الله… إذا فلا تأخذ الاستواء على المعنى الذي معناه استقر على مكان محيز حتى تخرج الله عن أن يكون متحيزا في مكان على العرش…
…إذا ما دام الحق سبحانه وتعالى – ذاته ليست كذواتنا وصفاته ليست كصفاتنا وفعله ليس كفعلنا فخذ استوائه ليس كاستوائنا

Истивонинг чегарасини билиш мавзусига қуйидаги гаплар билан якун ясаймиз: унинг чегараси Аллоҳ субҳанаҳу Ўзига лоиқ бўлган тарзда истиво қилганидир. Аллоҳ таолонинг ҳар бир сифатига ўхшаш сифат инсонда ҳам бор, бироқ Аллоҳ ҳақида инсоннинг сифатига ўхшаш нарсани тушуниб олманг. Масалан, У зотдаги мавжуд бўлиш деган сифат инсонда ҳам бор. Инсонда ҳам мавжудлик сифати бор, Аллоҳда ҳам мавжудлик сифати бор. Лекин инсоннинг мавжудлиги Аллоҳнинг мавжудлиги каби эмас! Аллоҳда У зот ҳукмрон бўлган барча нарсалар ҳақида илм бор. Инсонда ҳам илм бор, лекин Аллоҳнинг илми каби эмас! Аллоҳда барcаҳ нарсаларга доир бажармоқ деган сифати бор. Бизда ҳам бажармоқ деган сифат бор, лекин Аллоҳнинг бажармоқ сифатига муносиб эмас! Шунинг учун ҳам истиво сўзини Аллоҳ таоло бирор чегараланган макон устида қарор топган деган маънода тушуниб олманг, токи Аллоҳни Арш устидаги бирор бир маконда чегараланган ҳолатда бўлишдан ташқарида деб билинг!

…Модомики Ҳаққ субҳанаҳу ва таолонинг зоти бизнинг зотимиздек эмас экан, сифатлари бизнинг сифатларимиздек эмас экан, бажариши бизнинг бажаришимиздек эмас экан, У зотнинг истиво қилишини ҳам бизнинг истиво қилишимиздек эмас деб билинг!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, омийн!

Муаллиф: Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид