Кемада намоз ўқиш ҳақидаги боб.

Кемада намоз ўқиш ҳақидаги боб.

imon.uz 2024-09-30 10:22:58 140

1919 Бизга Иброҳим ибн Муҳаммад хабар берди, у Довуд ибн Ҳусайндан, у Икримадан, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Кемада намоз ўқимоқчи бўлган киши ва яланғоч намоз ўқимоқчи бўлган киши, ўтириб намоз ўқийди”, деди”.

Абдурраззоқ ўзининг “Мусаннаф” китобида ривоят қилган. (“Зайлаъий”). Ровийлари жамоатнинг ровийлари. Фақат Иброҳим ибн Муҳаммад ҳақида баҳс, мунназоралар бор. Шофеъий уни мақтаб: “Ҳадисда ишончли”, деган. Ҳамдон ибн Исбиҳонийдан, унинг ҳадисини ёзасанми?, дейилганда. У: “Ҳа”, деган. Ибн Адий: “У ҳадиси ёзиладиган кишилардан”, деган. Бошқалар у киши ҳақида бирор наса дейишмаган.  (“Таҳзибут таҳзиб”). Бу ҳадис “Эълоус сунун” китобининг иккинчи жузида ҳам зикр қилинган, ўша ўринга мурожаат қилинг.

1920 Анас ибн Сириндан ривоят қилинади:

“Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан бирга Лабқисирбан ерларига чиқдим. Биз, Дажла (дарёси)далигимизда  пешин вақти бўлди. У киши бизга кемадаги гиламнинг устида ўтириб имом бўлди. Кема биз билан сузиб борар эди”.

Табароний “Кабир” да ривоят қилган. Ровийлари ишончли. (“Мажмаъул завоид”). 

1921 Маймун ибн Меҳрондан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кемада қандай намоз ўқийман?”, деб кемадаги намоз ҳақида, сўралди. У зот: “Кемада ғарқ бўлишингдан қўрқмасанг тик туриб намоз ўқи”, дедилар”.

Ҳоким “Мустадрак” да ривоят қилган ва: “Муслимнинг шартига кўра санади саҳиҳ. У бир ўринда шозз бўлиб келган”, деган. Заҳабий ҳам ўзининг “Талхис” китобида шундай келтирган.

1922 Баззор бу ҳадиснинг ўхшашини Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кемада ғарқ бўлишидан қўрқмаса тик туриб намоз ўиқшга буюрган”.

Бу ҳадиснинг санадида исми айтилмаган бир киши бор. Қолган ровийлари ишончли. (“Мажмаъул завоид”).

Шарҳ: Кемада намоз ўқиш ҳақидаги боб

“Иброҳимдан...” деб бошланган ҳадис ҳақида. Бу ҳадисни Ҳофиз “Дироя” да заиф деган бўлса ҳам, санади иккинчи даражали ҳасан. Чунки Иброҳим ибн Муҳаммаддан Имоми Шофеъий ўзининг “Муснади” да кўп ҳадислар келтирган ва ундан ҳужжат олиб, мақтаган. Шофеъий ва Ибн Исбиҳоний ишончли, дейишган. Ибн Адий заиф деган. Бу каби ровийларнинг ҳадиси биз муқаддимада келтирган асл қоидага биноан ҳасан ҳадис ҳисобланади. Бу ҳадисда Абу Ҳанифага далил бор. Чунки у киши фарз намозини сузиб кетаётган кемада узрсиз ўтириб ўқиш жоиз, дейди. У киши бунга, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу кемада намоз ўқигувчини яланғоч намоз ўқигувчига ўхшатган ва иккаласидан бирортасини ажратмасдан ўтириб намоз ўқийди деган гапини далил қилган. Демак, кемада намоз ўқигувчидан яланғоч намоз ўқигувчи каби қиёмнинг афулиги собит. Чунки бу ҳолатда ожизлик ғолиб. Ғолиб томон, ҳукмларда ишончли каби бўлади. Шунингдек, узри йўқ кишининг ўтириб ўқиган намози ҳам дуруст бўлади. Чунки, шу ҳолат нодир, нодир йўқ каби бўлади. Буни Ибн Сириннинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу уларга кемада ўтириб имом бўлиб намоз ўқигани ҳақидаги асари қувватлайди. Бу ҳукм, асарда уларнинг қиёмдан ожизликлари зикр қилинмасдан, мутлоқ келтирилганлигидан малум бўлади.

Агар, бир киши: “Бу каби ҳолатда ожизлик ғолиб бўлса, Ибн Аббос ва Ибн Сириннинг ҳадисларини ҳам мутлоқликка йўйилади. Шунда, бу икки ҳадис узрсиз ўтириш жоизлигига далолат қилмайди. Энди, фақат сизлар зикр қилган қиёс қолди. Унга Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг “Ғарқ бўлишингдан қўрқмасанг тик туриб намоз ўқи”, марфуъ ҳадиси муораза келади. Бу агарчи бир ўринда шозз бўлиб келган бўлса ҳам, уни Жаъфар ибн Абу Толиб розиялоҳу анҳунинг ҳадиси қувватлайди. Шозз бошқа йўлдан келиши билан қувватланса, кучли бўлади. Абу Ҳанифанинг наздида агарчи заиф бўлса ҳам ҳадисга амал қилиш, қиёсга амал қилишдан авлороқ. Демак, эҳтиётлироғи, узр бўлмаган вақтда кемада намозни ўтириб ўқиш дуруст эмаслиги”, деб айтса.

Мен бунга, “Ибн Аббос розияллоҳ анҳунинг асарини шунга тавил қилиш, йўйишни ман қилмайди. Балки, Ибн Умар ва Жаъфар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси шозз бўлгани учун Абу Ҳанифанинг асрида зоҳир бўлмаган бўлиб, Имоми Абу Ҳанифа улардан хабардор бўлмагандир. Шунинг учун Ибн Аббос ва Анас розияллоҳу анҳумонинг асарларини қувватлагувчи қиёс билан жавоб берган. Шогиртлари Абу Юсуф ва Муҳаммад эса, Ибн Умар ва Жаъфар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисига мувофиқ: “Кемада узрсиз намоз ўқиш дуруст эмас”, дейишган. Бу тўғри жавобнинг ўхшашдир. “Дуррул мухтор” да касалнинг намози ҳақида: “Сузаётган кемада ожизлик ғолиблиги учун фарзни узрсиз ўтириб ўқиса дуруст, лекин гуноҳкор бўлади. Имомайнлар: “Узрсиз дуруст эмас”, дейишгани аниқ”, деб келтирган. (“Бурҳон”). Соҳилга боғланган кема, саҳиҳ гапга бироан соҳилдаги кема кабидир. Айний “Биноя” да: “Мужоҳиднинг: “Биз, Жунада ибн Абу Умайя билан кемада ўтириб намоз ўқидик, агар хоҳласак тик турар эдик”, деганини “Муҳит” дан нақл қилиб келтирган”, деб жавоб бераман.

“Бадоъи” да: “Ҳасан ибн Зиёд китобида ўзининг санади билан Сувайд ибн Ғафаладан: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодан кемада намоз ўқиш ҳақида сўрадим. Улар: “Агар (елканли) кема бўлса ўтириб намоз ўқилади. (Елкани йиғиштирилган) кема бўлса тик туриб намоз ўқилади”, дейишди” ҳадисини зикр қилган”. Бу ҳадисда қиёмга қодир ёки қодир эмаслигини ажратилмаган. Бу ва Мужоҳиднинг ҳадисининг санадига тўхтамадим. Агар улардан биттаси саҳиҳ бўлса ҳам Абу Ҳанифанинг гапи равшан бўлади. Балки бу ҳадис у кишининг наздида саҳиҳ бўлгандир. Бунга кўра Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадиси мандубга йўйилади. Валлоҳу таоло аълам.

1923 Абдуллоҳ ибн Абу Утба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 “Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлар билан кемада ҳамроҳ бўлдим. Улар денгиз соҳилига боришга қодир бўлсалар ҳам, бирлари имом бўлиб намозни тик туриб ўқишди”.

Саъид ибн Мансур ўзининг “Сунани” да ривоят қилган. (“Мунтақо”). Шавконий “Найл” да сукут қилган.

Шарҳ: “Абдуллоҳдан...” деб бошланган ҳадис ҳақида. Бунинг маъноси, улар намозни соҳилда ўқишга қодир бўлсалар ҳам уларнинг кемадаги тебраниб ўқиган намози дуруст бўлди, дегани. Бунда агарчи қуруқликка чиқиш мумкин бўлса ҳам, кемада намоз ўқиш жоизлигига далолат бор. (“Найл”).

Бу бизнинг Ҳанафий мазҳабининг йўли бўлиб, кемада тик туриб намоз ўқиш иттифоқ бўлган ҳолда жоиздир. Кема соҳилга боғланган бўлсин ёки сузаётган бўлсин фарқи йўқ. (Дуррул мухтор). Поезд ва самолёт кемага ўхшагани учун уларда ҳам намоз ўқиш жоиз. “Бадоъи” да: “Кема ернинг устида сузмагани учун, кема ернинг ҳукмида бўлади, ва унда намоз ўқиш жоиз. Миниладиган от, туя каби уловлар ернинг устида юргани учун, уларнинг устида намоз ўқиш жоиз эмас”, деган. Самолёт ва поезд ернинг устида юрмагани учун, улар ҳам ер ҳукмида бўлиб, уларда агар қиёмга қодир бўлса, тик туриб намоз ўқийди, қодир бўлмаса ўтириб намоз ўқийди. Абу Ҳанифа ва икки шогиртлари орасидаги кемада намоз ўқиш борасидаги хилоф, самолётда ҳам жорий бўлади. Валлоҳу аълам.

“Эълоус сунан” китобидан Усмонали Оралов таржимаси.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид