130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
КИБР ҲАҚИДА.
imon.uz 11-12-2024 151Кибр ўзини устун тутиш, нафс қутқуларига эргашишдир. Бошқа бировга нисабатан ўзини тақвода, илмда ва бошқа ишларда ортиқ қилиб кўрсатишдир. Бу ҳаром амалдир. Чунончи, ҳадиси шарифда:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимнинг қалбида заррача кибр бўлса, у жаннатга кирмайди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳга осийлик қилиб содир этилган биринчи гуноҳ – кибрдир. Аллоҳ таоло айтганди:
«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!» – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди”» (Бақара сураси, 34-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳмат қилдилар:
“Ким Аллоҳ ризолигидан бошқа нарса учун илм ўрганса ёки у билан Аллоҳдан бошқани ирода қилса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг турлари кўп, кимдир мол-дунёси билан, кимдир илми билан, амали билан, гўзаллиги билан кибрланади. Буларнинг барчаси ҳаромдир. Илм кибрга сабаб бўладиган асосий омиллардан биридир. Илмнинг инсонлар наздида, Аллоҳ таоло ҳузурида қадри улуғ. Шундай экан, илмнинг кибри бўлиши мумкинми?
Аллоҳ розилигидан бошқа нарса учун илм ўрганиш шайтоннинг ишидир.
Билгинки, гуноҳларни унутиш кибрга сабаб бўлади. Кибрнинг зидди тавозе бўлиб, самимиятли, камтарин бўлиш мақталган амал. Бу Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздиларида ҳам, инсонлар олдида ҳам олқишланади. Камтарлик туфайли инсон кимлигини ангаб етади. Чунки тавозели бўлиш, риёдан йироқ туриш анбиёлар, авлиёлар ва солиҳ кишиларнинг ахлоқидир.
«Мусулмон учун 30 ваъз» китобидан.