Кофир деманг (2-қисим)

Кофир деманг (2-қисим)

imon.uz 2024-06-07 01:52:28 271

Шу ерда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг мазкур ҳадисга берган шарҳиларини келтириш ўринли бўлади: “Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида - шу!

Бугунги кунда йўл қўйилаётган катта хатолардан бири, куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилинаётганидир. Масалан, уламолар “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, деган фатвони чиқарганлар. Бу эса мазкур тоифага мансуб кишиларнинг ҳар бири кофир, дегани ҳам эмас. Куфр фатвосини якка шахсларга нисбатан беришдан аввал, у ҳақида сўраб суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда эканини исботлагач, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Ақийда илми уламолари: “Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деб ҳукм берганлар.

Қуръони каримнинг “Нисо” сурасининг 10-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, шунга ўхшаш бошқа оятларда ҳам борлиги ҳақдир. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда, бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукмни айтиб бўлмайди.

Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби  ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо билим ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач эса гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни амалга ошириши, Қиёмат кунида Шафоатчининг шафоатидан баҳраманд бўлиши ёки бошқа имкониятлардан фойдаланиб жаннатга кириш эҳтимоли мавжуд. Буларни мутлақо эътибордан қолдириш мумкин эмас!

Бир одамнинг куфр гапни айтгани сабаб қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тонишнинг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтирилиб, бу ҳолатда қўйиб юборилади.

Аммо ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади.

Хулоса шундан иборатки, куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шу бўлгач, имони бор эканини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар туфайли кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш бизнинги ақийдамизга мутлақо тўғри келмайди.

Шундай экан, мусулмоннинг имонини муҳокама қилишга ўта хушёр бўлишимиз лозим.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид