130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МАЪНАВИЙ ЖИНОЯТЛАРНИНГ ХАТАРИ.
imon.uz 2024-10-09 03:39:00 93Аллоҳ таоло
биз инсонларга бошқа махлуқотларда бўлмаган тил орқали сўзлаш, фикримизни баён
эта олиш имкониятини ато этди. Бу энг улуғ неъматлардан саналади. Динимизда
тилни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз, ёмон гапларни сўзлашдан сақланишимиз
таълим берилади. Мусулмон киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар
бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини
асло унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда биз бандаларини огоҳлантирган.
яъни: Аллоҳ
таоло айтади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи
(сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят). Шунинг учун,
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
яъни: Абу
Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким
Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни бир қанча гуноҳ саналган ишлардан
қайтарганки, улар асосан тил орқали содир этилади ва уларни бир сўз билан
маънавий жиноятлар деб атаймиз. Ана шундай маънавий жиноятлардан ғийбат,
туҳмат, бўҳтон кабиларни санаб ўтишимиз мумкин. Қуръони карим оятлари ва
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида ушбу гуноҳлардан қатъий қайтарилган.
яъни: Аллоҳ
таоло айтади: “... ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор
киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир!
Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот
сураси, 12-оят).
Ғийбат нима эканлиги ҳақида
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
яъни: Абу
Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ғийбат нима
эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг
Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биродарингизни унга
ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда
биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар
унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда
бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам азизлар! Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби маънавий
жиноятларнинг авж олиши ва турли миш-мишларнинг тарқалиши охир оқибат шу
жамиятдаги кишилар ўртасида бир-бирларига нисбатан ўзаро ишончсизлик, ҳатто
адоват ва нафратни юзага келтиради.
Пайғамбар (с.а.в.) катта-ю кичик жиноятларнинг олдини олиш мақсадида
шундай марҳамат қилганлар:
яъни: Абу
Бакра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул вадоъда Ҳайит
куни Минода туриб айтган хутбаларида жумладан шундай дедилар: “Албатта, қонларингиз,
молларингиз ва обрўларингизни тўкиш бир-бирингизга ҳаромдир, ҳудди шу кунингиз,
шу ойингиз ва шу ерингизнинг ҳурмати каби. Сизларга етказдимми?!” (Имом
Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
яъни: Абу
Мусо (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири
афзал? Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: “Мусулмонлар унинг тилидан
ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлгани” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Демак, ўзгаларга тили билан озор беришлик мусулмончиликдан эмас экан. Чунки,
мусулмон сўзининг ўзи барчага тинчлик, яхшилик тиловчи деган маънони англатади.
Бир инсонга салом бериб туриб, ортидан ғийбат ёки бўҳтон қилса, у ҳақида туҳмат
гапларни тарқатса албатта, бу иши мусулмончиликка зид, балки мунофиқлик саналади.
Ўз навбатида бундай оғир гуноҳнинг жазоси ҳам ўзига муносиб бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан шундай ҳадис ворид бўлган:
яъни: Анас
(р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Меърож кечаси
мен бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, ўзларининг
юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: Ё Жаброил, булар кимлар? – деб
сўрадим. У: Булар одамларнинг гўштини еган (яъни ғийбат қилган),
обрўларини тўккан кишилар, деб жавоб берди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, дунё ва охиратда хасрату надомат келтирадиган бу каби
гуноҳлардан сақланайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни тинчлик ва омонликда, ўзаро
ҳурмат ва иззатда умргузаронлик қилмоғимизни насибу рўзи айласин!