Масжид қуриш - жаннатдан уй олиш

Масжид қуриш - жаннатдан уй олиш

imon.uz 10-01-2020 628

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларгина, намоз ўқиб, закот берадиганларгина ва фақат Аллоҳдан қўрққанларгина обод қилурлар. Шояд, ана ўшалар, ҳидоят топганлардан бўлсалар», деган (Тавба, 18).

Масжидларнинг ободлиги ҳақида сўз борганда аввало, маънавий ободлик, яъни масжидларда намоз ўқиш, илм ўрганиш, тиловат ва зикр билан машғул бўлишдир.

Моддий ободлик эса, масжидларни қуриш, ислоҳ қилиш, керакли жиҳозлар билан жиҳозлаш ва покиза тутиш каби ишларни ўз ичига олади.

Ушбу ишларнинг барчасини эса, Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор, Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, намозини вақтида ўқиб, закотини жойида бериб юрган тақводорлар ҳамда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина қўрқиб, бошқадан қўрқмайдиган кишиларгина қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида масжид бино қилганликлари ҳам  масжидларни обод қилиш иши шарафли иш эканлигига далолат қилади.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман».

Бошқа бир ривоятда:

«Жаннатда бир уй қуриб беради», дейилган.

Термизий ривоят қилган.

Демак, бу дунёда масжид бино қилиш учун уринган ҳар бир кишининг қилган иши беҳуда кетмас, балки у кишини Аллоҳ таоло охиратда муносиб тақдирлар экан.

Шунинг учун жаннатда алоҳида муҳташам уйга эга бўлмоқчи бўлган одам бу дунёда масжид қуриши ёки бу ишда қурби етганича иштирок этиши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган юртлар бозорлардир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилган.

Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади. Илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.

Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид Аллоҳнинг уйи, дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

«Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйим­да зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир», деган.

Демак, масжидларга кўпроқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз, имконимиз бўлса масжидларни ободлиги йўлида ўзимизни моддий, маънавий ҳиссамизни аямаслигимиз лозим.

         Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид