МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ – УЛУҒ ФАЗИЛАТ!

МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ – УЛУҒ ФАЗИЛАТ!

imon.uz 2024-04-05 01:31:03 269

Муқаддас Ислом динимизда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, комил инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлайди, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшайди. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Тавба, 71-оятида шундай таърифлаган:

“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...”.

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келганлари бўлади. Бундай ҳолатда инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифасидир. Чунки Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасини 92-оятида:

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб марҳамат қилган.

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бор. Хайр-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у фарз бўлсин хоҳ нафл бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Садақа (кишининг имони борлигига) ҳужжат ва далилдир

(Имом Термизий ривоятлари).

Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сурасида шундай деган:

“Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй, Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” – деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!” Aллoҳ бирoр жoнни aжaли кeлгaнидa кeчгa қoлдирмaс. Aллoҳ қилaётгaн aмaллaрингиздaн xaбaрдoрдир”. (Мунофиқун сураси, 10-11-оятлар).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб “Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!”, деганидан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувват ва имкониятнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайр-эҳсонни қилиш, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, солиҳ кимсалар йўлидан юриш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси келса, ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Демак, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.

Пайғамбиримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва мискин, жисми  ёки ақлида ожиз ва заифликлари борларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар:

Бева ва мискинларга ёрдам бериш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади) (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунида) собитқадам қилади (яъни қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривоятлари).

Баъзи бир қўли узун, бой кишиларга одамларнинг ёрдам сўраб келиши малол келади. Аслида, бу улар учун яхшилик аломати. Чунки Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, унга одамларнинг ҳожатини тушириб қўяди.

Демак, бой кишиларга одамларнинг ҳожати тушса шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлади: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”.

Ҳақиқат шуки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой ва хоҳлаганини эса камбағал қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини  аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унга ёрдам беради”,  деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Бу борада ривоятларда бундай келтирилган: 

“Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади”  (Муснади Абу Яъло Мусилий).

Салафи солиҳлар бу борада ҳам муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан: Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар.

Демак, кимнинг уйида ёки атрофида шундай  беморлар бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш лозим. Зеро, бундай гўзал амал жамиятдаги барчани бир-бир билан боғлашга, ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотишга ва улкан ажр савобларни ҳосил қилишга сабаб бўлади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги ўрнини яхшилаш. Бунинг учун уларга илм излаш йўлини яна ҳам осонлаштириш, улар учун мос ишчи ўринларини ташкил қилиш ҳамда уларнинг камситилишини қоралаш жуда ҳам зарур. Ногиронлик билан дунёга келган болаларни жамиятга киришиб кетиши, боғча, мактаб ва бошқа жойда бундайларни таҳқирлаш, устидан кулиш, лақаб қўйиш кабиларни олдини олишга ҳаракат қилмоғимиз талаб қилинади. Имконияти чекланган шахсларга ёрдам беришга даъват қилиш бизларнинг вазифамиз. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:

Заифларни излаб, ғамхўрлик қилинглар! Чунки, сизларга заифларингиз сабабли ризқ ва ёрдам келади” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчаларимизни муҳтож ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин!

 

Интернет тармоқлари орқали

ЎМИ Жиззах вилояти вакиллиги матбуот котиби

 У.Оралов тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид