130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
НАФСНИНГ ҲИСОБ-КИТОБИ
imon.uz 2025-01-03 01:25:05 53Аллоҳ буюради: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (қиёмат қуни) учун нимани тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир".
(Ҳашр сураси, 18-оят).
Бу оят нафснинг қилган амаллари учун ҳисоб-китобга тортилажагига ишора қилаётир.
Шунинг учун ҳам Ҳазрат Умар деганларки: Ҳисоб-китобга тортилмасдан олдин ўзингиз нафсингиз билан ҳисоблашинг. Амалларингиз тарозига солинмасдан бурун уларни ўзингиз тортиб кўринг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига бир одам келди ва: "Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг!" - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Насиҳат истайсанми?" - дедилар. У одам: "Ҳа" - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки: "Қилаётган ишингнинг якуни ҳақида ўйла. Агар фойдали бўлса, давом эттир. Охири қандайлиги қоронғи бўлса, тарк эт".
Айтадиларки: Киши кунига бир маҳал ўз нафсини тергаб қўйиши керак.
Аллоҳ шундай буюрди: "Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар".
(Нур сураси, 31-оят)
Тавба "ёмон феъл-атвор билан қилинган ишдан афсус-надомат қилмоқ" демақдир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: Мен кунда юз марта Аллоҳга тавба ва истиғфор қиламан.
Аллоҳ буюрди: Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (Тўғри Йўлни) кўра бошлайдилар.
(Аъроф сураси, 201-оят).
Баъзи буюкларнинг сўзлари:
Ҳазрати Умар кеч бўлганда оёқларини ерга урар ва нафсига: "Бугун нима қилдинг?" дер эди.
Ҳасан Басрий:
Мўмин деган ўз нафсининг ҳокими бўлмоғи керак. У нафсини Аллоҳ учун ҳисоб бердиради. Дунёда нафс билан ҳисоб-китоб қилганларнинг охиратдаги ҳисоб-китоби осонроқ ўтади. Нафс билан ҳисоб-китоб қилмай, умрини тугатганлар қиёмат куни ҳисоб берганда мушкул аҳволда бўладилар.
Ҳасан Басрий нафс ҳисоб-китобини шундай изоҳлайди:
1. Ёмон амал қилишдан олдин:
Мўмин ўзи бехабар, кутилмаганда, нохуш бир иш билан юзма-юз келиб қолганда, шундай фикр қилади: Бу иш мендаги соғлом ақлга тўғри келмаяпти. Воқеа таъсирида шу ишни қилишга эҳтиёж сезяпман. Лекин номаъқул ва ношаръий бу амални қилмайман.
2. Ёмон амал қилиб қўйгандан кейин: Мўмин қандай тарзда юз берганлигидан қатъи назар, гуноҳ бир иш қилиб қўйса, нафсига мурожаат қилиб, шундай дейди:
Нима ният билан шу ишни қилдинг? Қасам ичиб айтаманки, шу амал туфайли мен асло маъзур тутилмайман. Аллоҳ ҳаққи учун, худо хоҳласа, энди бундай гуноҳ иш қилмайман.
Анас ибн Молик-Аллоҳ ундан рози бўлсин-ҳикоя қилади: Бир кун ҳазрати Умар ташқари чиққан эканлар, мен ҳам чиққандим. У киши бир ҳовлига кирдилар. Орамизда бир девор бор эди. Халифа Умар у ерда ўз-ўзига шундай дедилар: -Хаттоб ўғли Умар!.. Мўминларнинг амири!.. Яхши, яхши!.. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки ё сен Аллоҳдан қўрқ, ё сени Аллоҳ жазолагай!..
"Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак шубҳасиз, қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)", (Қиёмат сураси, 2-оят) мазмунидаги оят узра тўхталиб, Ҳасан Басрий дерки: -Мўмин ҳар доим ўз еганлари, ичганлари ва сўзлаганлари борасида нафси билан ҳисоб-китоб қилиб боради, бу ишни ҳеч орқага ташламайди. Фожир (бузуқ, гуноҳ қилишдан тоймайдиган киши) эса, умри тугаб битса ҳам, бирон марта бўлсин, нафси билан ҳисоб-китоб қилмайди.
Абу Ҳомид Ғаззолий
"Мукошафат-ул қулуб" китобидан.