130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
НАРСАЛАР ЯРАТИЛИШИ ҲАҚИДА(2)
imon.uz 2024-11-19 10:40:49 117Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу
гаплари «менинг йўлимда эмас» деганларидир. Бу эса, жуда оғир гапдир.
Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ
асрасин.
Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:
1. Отанинг боласига ақийда бўйича таълим
бериши зарурлиги.
2. Иймон ҳақиқати таъми борлиги.
3. Мўмин-мусулмон одам ўзига етган нарса
четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билиши лозимлиги.
4. Мўмин-мусулмон одам ўзини четлаб ўтган
нарса унга етиши мумкин эмаслигини билиши зарурлиги.
5. Билган одам гапини ҳадис билан тасдиқлаши
яхшилиги.
6. Қаламга ва Аллоҳ яратган биринчи нарса
эканлигига иймон келтириш.
7. Ҳамма нарсанинг такдири яратилишидан олдин
ёзиб қўйилганлиги.
8. Қазои қадардан бошқа ақийда билан ўлган
одам Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам йўлларида бўлмаслиги.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
ҳузурларига кирдим ва туямни эшикка боғладим. Бас, у зотнинг олдиларига Бани
Тамимдан одамлар келдилар. Шунда у зот:
«Суюнчини қабул қилиб олинг! Эй Бани Тамим!»
дедилар.
«Батаҳқиқ, бизга башорат бергансиз. Бизга икки
марта беринг», дейишди.
Сўнгра у зотнинг ҳузурларига аҳли Ямандан
одамлар кирди. Бас, у зот:
«Суюнчини қабул қилиб олинг! Эй аҳли Яман!
Зотан Бани Тамим уни қабул қилмадилар!» дедилар.
«Батаҳқиқ, қабул қилдиқ эй Аллоҳнинг Расули,
Биз сизнинг ҳузурингизга манави иш ҳақида сўраш учун келдик», дейишди.
«Аллоҳ бор эди. Ундан ўзга нарса йўқ эди. Унинг
Арши сув устида эди. У зикрда (Лавҳул Маҳфуз) ҳар бир нарсани ёзди. Осмонлару
ерни яратди», дедилар.
Шунда бир нидо қилувчи:
«Эй Ибн Ҳусойн! Туянг кетиб қолди!» деб нидо
қилди. Шошилиб чиқсам, у саробдан ҳам узоққа кетиб қолган экан».
Умар розияллоҳу анҳу:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг
ичимизда бир мақомда турдилар ва халқ қилишнинг бошланиши ҳақида хабар
бердилар. Токи жаннат аҳли ўз жойларига киргунларича ва дўзах аҳли ўз жойларига
киргунича. Ўшани ёд олган ёдлаб қолди. Унутган унутиб юборди», деди».
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар нурдан яратилгандир. Жинлар
оловнинг тутиндан ажраб чиққанидан яралгандир. Одам эса сизларга Аллоҳ
таолонинг «Батаҳқиқ, инсонни лойдан бўлган сулоладан халқ қилдик» деган
васфидаги нарсадан халқ қилингандир», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ
Одамни яратиб, унга руҳни пуфлаганида, у акса урди ва: «Алҳамдулиллаҳи» деди.
У Аллоҳга Унинг изни ила ҳамд айтди. Шунда Роббиси
унга:
«Аллоҳ сенга раҳм қилсин, эй Одам! Анави
фаришталарнинг олдига бор. Улардан ўтирганлари тўпи олдига бор ва: «Ассалому
алайкум» дегин, деди. Улар: «Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи», дейишди. Сўнгра
у Роббиси ҳузурига қайтди. Бас, У Зот унга: «Мана шу сенинг саломлашишинг ва
болаларингнинг ўзаро саломлашишиларидир», деди.
Сўнгра Аллоҳ унга икки қўлини мушт қилган
ҳолида «Иккисидан хоҳлаганингни танла», деди. Шунда у: «Роббимнинг ўнгини
танладим. Ҳолбуки, Роббимнинг икки қўли ҳам ўнгдир, муборакдир», деди.
Сўнгра уни ёзган эди. Қараса, ичида Одам ва
унинг зурриёти. Бас, шунда у:
«Эй Роббим! Анавилар кимлар?!» деди.
«Анавилар сенинг зурриётинг», деди.
Қараса, ҳар бир инсоннинг икки кўзи орасига
умри битилган экан. Қараса, уларнинг ичида нуронийроғи ёки нуронийроғларидан
бўлган бир киши бор экан.
«Эй Роббим! Бу ким?» деди.
«Бу ўғлинг Довуддир. Батаҳқиқ, унга қирқ йиллик
умр ёздим», деди.
«Эй Роббим! Унинг умрини зиёда қил», деди.
«Унга ёзганим, ўзи шу», деди.
«Эй Роббим! Батаҳқиқ, мен унга ўз умримдан
олтмиш йилини бердим», деди.
«Майли, ўшандоқ бўлсин», деди.
Сўнгра Аллоҳ истаганича жаннатда сокин бўлди.
Кейин ундан туширилди. Одам уни ўзига ҳисоблаб юрарди. Бас, унинг олдига ўлим
фариштаси келди. Бас, Одам унга:
«Шошилибсан. Менга минг йил ёзилган эди», деди.
«Тўғри. Аммо олтмиш йилини ўғлинг Довудга
бергансан», деди.
Бас, у инкор қилди. Унинг зурриёти ҳам инкор
қилди. Бас, у унутди. Унинг зурриёти ҳам унутди. Бас, ўша кундан бошлаб ёзиб
қўйишга ва гувоҳлар келтиришга амр қилинди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Эҳтимол, шунинг учун инсон «нисён — унитиш» сўзидан олинган,
дерлар. Ҳа, кези келганда одам боласи ўзи эътироф қилиб, бировга атаган
нарсасини ҳам унутиб, инкор қилиб тураверади. Шунинг учун бошқалар билан
бўладиган муомалаларни, хусусан, молиявий муомалаларни ёзиб бориш ва унга
гувоҳлар келтириш амр қилинган.