130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
НЕГА ОХИРАТ УЧУН ШОШИЛМАЙМИЗ?
imon.uz 2024-11-26 10:21:51 94Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
Одамзот бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи экани, ўзи ҳам фоний борлиқ эканини билгани ҳолда нега яна охиратдан ғофил қолади? Ахир Аллоҳга осий бўлмаслик улуғлик, дунёни охиратдан афзал кўрмаслик ҳакимлик эмасми? Давлатим кўп деб кибрланманг. Фойдаси нимага арзийди?! Ўлганда яланғоч кетасиз. Фақат қалбида охират тушанчаси бўлган кимсагина ёмонликдан узоқ тура олади. Дунёнинг азизлиги мол билан, охиратнинг азизлиги солиҳ амаллар билан. Дунё кезиб охиратни топганни кўрмадик. Лекин охиратни қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Дунё ва охират яхшилигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишда кўринг. Дунё ҳаваси Аллоҳ таолодан ғофил қолишдир. Қуйидаги ояти каримани ҳаётимизда тадбиқ этмас экансиз, дунё ҳавасларига боғланиб қолаверасиз:
“Ер юзидаги барча мавжудотлар фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Роббимизнинг “Юзи” боқий қолур” (Ар-Роҳман сураси, 26-27-оятлар).
Ривоят қилишларича, умавийларнинг Марвон қабиласидан оқсоқол Сулаймон ибн Абдулмалик ўзининг адолат ва тақвоси билан машҳур эди. Уни ҳурмат қилиб, вақти-вақти билан зиёратига бориб турувчи Абу Ҳазим розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло дўстларидан бири эди. Ана шундай зиёратларидан бирида Абдулмалик унга шундай савол берди:
- Эй Абу Ҳазим! Бизга нималар бўляпти, охират учун шошилмаймизми?
- Чунки сиз дунё ҳавасларига берилиб, дунёйингизни обод, охиратингизни хароб қилдингиз, - деди у.
- Рост айтасан, - деди тан олиб оқсоқол. – кошки, эртага; Аллоҳ таоло ҳузурида аҳволим нима бўлишини билсам...
- Истасангиз буни Аллоҳнинг китобидан билиб олишингиз мумкин. Унга дардингизни сўзланг, -дея йўл кўрсатди Абу aҲазим. Ва мазкур ояти каримани ўқиб берди:
“Яхшилар неъмат ичидадир, ёмонлар эса оташ ичида қолур” (Инфитор сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло дейди: “Бу ҳақиқий кундир. Ким хоҳласа Роббиси томон йўл олсин” (Набаъ сураси, 39-оят).
Охират кунига ишонган кимсанинг Аллоҳ таолога итоат қилиши учун ҳаракат қилиши, гуноҳдан сақланиши ва бахтли ҳаёт кечиришига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Бойлик жамлаш саодат эмас. Ҳеч ким тақводордек бахтли яшай олмас.
Ўзи қилган барча ишлари учун жавоб беражагини ҳис этган ва охират кунига иймон келтирган киши сўзлари ва амалларига диққат этиши лозим.
“Ғам қайғусиз яшай десангиз (ўкинма)” китобидан.