НИМА УЧУН ИСЛОМДА ЗАКОТ УЧИНЧИ РУКН ҚИЛИНГАН?

НИМА УЧУН ИСЛОМДА ЗАКОТ УЧИНЧИ РУКН ҚИЛИНГАН?

imon.uz 08-11-2024 113

Қуръони каримда «закот» сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинган. Қолаверса, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида нима учун закотга алоҳида эътибор берилган? Закотни инкор қилган одам нима учун кофир бўлади? Бунга ўхшаш саволларни кўплаб бериш мумкин. Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи ила ушбу «Закот китоби»да бу каби саволларга ҳам жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Мол ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, хусусан, ижтимоий  ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қайси бир шахс, қайси бир жамият молиявий масалани, яъни, иқтисод масаласини тўғри ҳал этса, катта муваффақиятга эришиши аниқ.

Шунинг учун ҳам бу масала ҳамиша кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётир. ҳар ким бу масалада ўзича турли усулларни қўллаб кўрган ва кўрмоқда. Баъзилар ўзи ишлаб иқтисодий ҳолатини тўғрилашга уринса, бошқалар ўзгаларни ишлатиб иқтисодини яхшилашга интилган. Учинчи тоифа эса, кишилар ўртасидаги иқтисодий тафовутни йўқ қилиш учун бойларни йўқотиш зарур, деб ҳисоблаганлар. Тўртинчилари, солиқ миршаби ишни ўз жойи­га келтириши мумкин, дейдилар. Хулоса қилиб айтсак, бу масалада ҳар ким ўзича фикр-мулоҳаза юритиб хатти-ҳаракат қилган ва қилмоқда.

Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам аввалда энг тўғри йўл, энг муносиб омил бўлиб кўринса-да, бора-бора камчиликлари очилиб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмоқда.

Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти ила иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ ўзининг охирги динида – Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш закот асосида бўлишини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, иқтисодга закот асос қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ечилган бўлади.

Албатта, ҳақиқий закот тушунчаси бугунги кунда кўпчилик ўйлаганича бойлар томонидан камбағалларга бериладиган уч-тўрт чақа эмас. ҳақиқий закот жуда ҳам кенг ва шомил маънодаги тушунча эканини, Аллоҳ хоҳласа, келгусида аста-секин тушуниб борамиз.

Аввал айтиб ўтганимиздек, закот Исломдаги беш рукннинг учинчиси. У исломий ибодат бўлиб, ақиданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир, уни адо этмаса, осий бўлади.

Закот имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурч. Мусулмон одам закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади.

Шаръий рукнлар тартибида закот намоз ва рўза ибодатлари орасида, иймон ва намоздан кейин, рўзадан олдин туради.

Фиқҳий китоблармизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган.

Закотда закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Исломда закот орқали мол тўплаб хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин.

Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қилиш, яъни, инсон мол-дунёнинг қули эмас, молу дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

Исломда аввал закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам закот бериш билан атрофлича пок­ланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларга эришиши баён этилади.

Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги иқтисодий жиҳатдан бақувват барча кишилар бахиллик балосидан покланадилар. Қайси бир жамиятда бахиллик бўлса, қайси бир кишида бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Бу муаммони ҳал қилишнинг энг тўғри йўли закотдир.

Бошқа йўллар бахиллик муаммосини ҳал қила олмаслигини инсоният тарихи очиқ-ойдин кўрсатди. Закот орқали бахиллик балосидан қутулган кишилар ва жамият бошқа иқтисодий масалаларни ҳам жуда осонлик билан ҳал қиладилар.

Шу йўл билан жамиятдаги ҳар бир иқтисодий имконияти бор киши ва томон жамият фойдаси учун мол-дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр туради.

Закот бериш бой киши томонидан Аллоҳ берган неъматга шукрона ҳамдир.

Имом ўаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар.

Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу молу дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги молу дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу нарса иқтисодда жуда муҳим бўлиб, ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда зарур омилдир. 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                            МАНБА: АДАБ КИТОБИ 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид