ОЛДИНГИ ВА КЕЙИНГИ ГУНОҲЛАР МАҒФИРАТ ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР (1)

ОЛДИНГИ ВА КЕЙИНГИ ГУНОҲЛАР МАҒФИРАТ ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР (1)

imon.uz 2024-04-19 01:36:24 402

Ҳадиси шарифларда: “Фалон ишни қилинса, олдинги ва кейинги гуноҳлар мағфират қилинади!”, деган маълумотлар учрайди. Бу билан ваъда қилинган ишни қилган мусулмоннинг шу пайтгача қилган гуноҳлари мағфират қилинишига ва то вафотига қадар қиладиган гуноҳлари ҳам кечирилишга сабабчи бўлади. Бу жуда катта ваъдадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадиси шарифларида булар айтилган бўлиб, уларнинг амалга ошишига шак-шубҳа йўқ. Зотан, Аллоҳ таоло карами кенг, мағфиратли зотдир!

Биринчи амал

Рамазон ойи энг шарофатли ва энг муборак ой ҳисобланади. Унинг шарофати ва мубораклиги шу ердаки, ихлос ва эътиқод билан рўза тутган кимса олдинги гуноҳларидан тозаланган ҳолда ҳайитга етиб боради. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида қуйидаги саҳиҳ ҳадисни бир неча марта такрор келтирганлар:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки рамазон рўзасини имон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/38).

 

Иккинчи амал

Рамазон ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннат қилган бир амал бор. У ҳам бўлса, кечаси хуфтондан кейин алоҳида махсус намоз ўқиш амалиётидир. Буни “таровеҳ” деб аталади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إِنَّ اللَّهَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ عَلَيْكُمْ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ

“Аллоҳ таборак ва таоло сизларга рамазон рўзаси фарз қилди. Мен эса сизларга унинг намозини суннат қилдим” (Насоий, 2/2520; Ибн Можа, 1/1328; Ибн Абу Шайба, 2/7787).

Таровеҳ йигирма ракъат бўлиб, уни бир ой давомида ихлос ва эътиқод билан тўлиқ ўқиган одамнинг олдинги гуноҳлари ювилиб кетади. Бу ҳақида ҳам Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ алоҳида ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки рамазон ойида имом ва ихлос билан намозда турса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/37).

 

Учинчи амал

Рамазонда яна бир амал борки, у Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига махсус берилган. У ҳам бўлса, рамазондаги муборак бир кеча ибодатидир. Бу кеча минг ойдан яхшироқ, бу кечадаги ибодат мисоли минг ойда қилинган ибодат савобига тенгдир. У “қадр кечаси” (“лайлат ал-қадр”) деб аталади. Бу кечада қилинган ибодатларга минг ойлик савоб берилиши билан бирга, ўтган гуноҳларнинг ювилиш фазилати ҳам мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

      مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки қадр кечасида имом ва эътиқод билан (ибодатда) турса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/35).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоятида саҳобалар “лайлат ул-қадр” ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У рамазон ойида бўлади. Уни охирги ўн кунликдан изланглар! У тоқ кечаларида: йигирма бирда ёки йигирма учда ёки йигирма бешда ёки йигирма еттида ёки йигирма тўққизда ёки энг охирги кечада бўлади. Кимки уни имон ва ихлос билан ибодатда бедор ўтказса, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар (Аҳмад, 5/22793).

Тўртинчи амал

Усмон ибн Аффон разийаллоҳу анҳу қумғонда сув олдириб, таҳорат олиб кўрсатибдилар. Кафтларини уч марта ювибдилар, оғизларини чайибдилар, бурунларини чайқабдилар. Сўнг юзларини уч бора чиғаноқлари билан бирга қўшиб ювибдилар. Кейин бошларига масҳ тортиб кўрсатибдилар. Сўнг оёқларини тўпиқлари билан бирга уч бора ювибдилар. Таҳорат қилиб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб марҳамат қилганларни айтибдилар:

مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки менинг мана шундай таҳоратимга ўхшаш таҳорат қилиб, сўнг икки ракъат намоз ўқиса, унда ўзича гапириб қўймаса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/159; 3/1934; Насоий, 1/84).

Бешинчи амал

Жамоат намозида иштирок қилишнинг фазилатлари жуда кўп. Улардан яна бири имом “Фотиҳа” сурасини ўқиб бўлгандан сўнг, қавмнинг оҳиста “Омин!” демоқларидир. Бу фаришталарнинг “омин”ига тўғри келса, олдинги гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади:

إِذَا أَمَّنَ الْإِمَامُ فَأَمِّنُوا فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Агар имом “омин” деса, сизлар ҳам “омин” денглар. Чунки, кимнинг “омин”и фаришталарнинг “омин”ига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/780; Насоий, 2/928).

Шу ерда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтишларига қараганда, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ааамин!” дейишларини айтган эканлар. Яъни, биринчи алифни чўзиб, “м” ҳарфини ташдидсиз айтардилар.

Мазкур ҳадиснинг яна бир ривоятида бундай дейилган:

إِذَا قَالَ أَحَدُكُمْ آمِينَ وَقَالَتْ الْمَلَائِكَةُ فِي السَّمَاءِ آمِينَ فَوَافَقَتْ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَى غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Қачон сизлардан бирингиз “омин” деса, осмондаги фаришта ҳам “омин” дейди. Улардан бири бошқасига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/781; Насоий, 2/930).

إِذَا قَالَ الْإِمَامُ{غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ}فَقُولُوا آمِينَ فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Қачон имом “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деса, “Омин!” денглар. Чунки, унинг сўзи фариштанинг сўзига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”  (Бухорий, 1/782; Насоий, 2/929).

Олтинчи амал

Жамоатда иштирок қилишнинг яна бир фазилати, рукуъ қилиш асносида бўлади. Бу ҳақидаги аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шарифда бундай дейилган:

إِذَا قَالَ الْإِمَامُ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا اللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Агар имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деса, “Аллоҳумма, роббана лака-л-ҳамд!” денглар. Чунки, унинг сўзи фариштанинг сўзига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/796; 4/3228; Муслим, 1/409; Абу Довуд, 1/848).

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоятида: رَبَّنَا وَ لَكَ الْحَمْدُ – “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” деб келтирилган (Насоий, 2/1063).

“Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ”дан сўнг айтиладиган калиманинг ҳадиси шарифларда 4 хили учрайди.

1)Бизнинг юртларда айтиладиган, асосий, калима “Роббана, лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да учта ўринда учрайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан бундай кўрсатма берилгани маълум бўлади:

وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ

“Имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганида, “Роббана, лака-л-ҳамд!” деб айтинглар!” (Бухорий, 1/722; 733; 789).

2)Иккинчи тури “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да роппа-роса 14 та ўринда такрор келтирилган. Уларнинг айримларида: “Имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганида, “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” деб айтинглар!”, деб келтирилган (Бухорий, 1/732, 734).

3)Учинчи тури “Аллоҳумма, роббана лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да юқорида иқтибос олинган ҳадиси шариф каби тўрт марта такрорланган (Бухорий, 1/796; 4/3228; 6/4560; 7442).

4)Тўртинчи тури “Аллоҳумма, роббана, ва лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да икки марта такрорланган (Бухорий, 1/795, 9/7346). Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъдан бош кўтариб, “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганларидан сўнг “Аллоҳумма, роббана, ва лака-л-ҳамд!” дейишлари келтирилган.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Умдат ар-риъоя”да мазкур тўрт хил калимани айтиш мумкинлигига ишора қилганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. Умдат ар-риъоя фи ҳалли Шарҳ ал-Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1910. – Б. 137).

 

Еттинчи амал

Машҳур ҳанафий олими Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ томонидан беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиш ниятида чиқишнинг савоби ҳақидаги ажойиб ҳадиси шариф ривоят қилинган. Унда жамоат билан намоз ўқиш учун чиқилганда хоҳ намозни имом билан топсин, хоҳ кеч қолган бўлсин, фарқи йўқ олдинги гуноҳлари кечирилади. Бу унинг ихлоси ва эътиқодига яраша бўлади:

إِنَّ الْعَبْدَ الْمُسْلِمَ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ عَمَدَ إِلَى الْمَسْجِدَ ؛ لَمْ يَرْفَعْ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَّا كُتِبَتْ لَهُ بِهَا حَسَنَةٌ، وَلَمْ يَضَعِ الْيُسْرَى إِلَّا حُطَّتْ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ، حَتَّى يَبْلُغَ الْمَسْجِدَ، فَلْيَتَقَرَّبْ أَوْ لِيَتَبَاعَدْ، فَإِنْ أَدْرَكَ الصَّلَاةَ فِي الْجَمَاعَةِ مَعَ الْقَوْمِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ , وَإِنْ أَدْرَكَ مِنْهَا بَعْضًا وَسُبِقَ بِبَعْضٍ، فَقَضَى مَا فَاتَهُ فَأَحْسَنَ رُكُوعَهُ وَسُجُودَهُ ؛ كَانَ كَذَلِكَ، وَإِنْ جَاءَ وَالْقَوْمُ قُعُودٌ كَانَ كَذَلِك

“Мусулмон банда агар таҳорат қилиб, таҳоратни ггўзал тарзда амалга оширса, сўнг масжидни қасд қилиб чиқса, то масжидга етиб боргунча, ўнг оёғини ҳар бор кўтарар экан, унга биттадан яхшилик ёзилади. Чап оёғини ерга ҳар сафар қўяр экан, ундан битта хатолик ўчирилади. Хоҳ имомга яқин ўтирсин ва хоҳ узоқ ўтирсин, намозни жамоатда қавм билан топар экан, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Намознинг баъзи қисмини ўтказиб юбориб, бир қисмини топадиган бўлса, қолдирганини туриб қазо қилса, рукуъ ва саждасини кўзал қилса ҳам савоб шу хилда берилади. Агар келганида намоз тугаб, қавм ҳали ўринларидан туриб кетмаган бўлса ҳам, савоб худди шундай бўлади”  (Таҳовий, “Шарҳ Мушкил ал-асор”, 6/2322, 2351).

 

Саккизинчи амал

Тавба-тазарруълар чин дилдан қилинган, тавбанинг барча шартларига амал қилинган бўлиб, ҳаж ҳам барча фарз, вожиб, суннатлари билан бирга адо этилган, зиёрат жараёнида, уруш-жанжал ва гуноҳ ишлар қилинмаган бўлса, унинг мақбул бўлишида шак-шубҳа йўқ. Мақбул ҳаж қилувчи ҳожи онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок-покиза бўлиб уйига қайтади. Бу дегани, унинг ўтган олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақда Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бундай ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ حَجَّ فَلَمْ يَرْفَثْ وَ لَمْ يَفْسُقْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки ҳаж қилса, бузуқлик ва уруш-жанжал қилмаса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади” (Термизий, 3/811).

“ал-Матолиб ал-олия”да бу маъно бу тарзда келтирилган:

مَنْ قَضَى نُسُكَهُ، وَسَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид