130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Осмондан олтин, кумуш ёғмайди.
imon.uz 2024-09-17 03:48:09 160Ислом дини
бандани ризқу рўзи йўлида ҳалол касб-ҳунар қилишига ундайди. Аллоҳ таоло жума
сурасининг 10-оятида марҳамат қилади:
“Бас,
қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз!”.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло
мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб
қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазли, деб номламоқда.
Зубайр ибн
Аввом розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинган ҳадисди:
“Расулуллоҳ
соллаллоҳу
алайҳи васаллам:
“Бировингизнинг
арқон олиб, елкасида бир боғлам ўтин олиб келиб сотгани ва бу билан Аллоҳ унинг
шаънини сақлагани беришса беришмаса, одамлардан тиланганидан яхшироқдир”,
дедилар”, дейилган.
Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ўз
меҳнати билан касб қилиб, ризқу рўз талаб қилиш катта фазилат экани баён
этилмоқда. Бировдан бир нарса сўраса, у ўша сўралган нарсани бермаса
уят, берса миннат бўлади. Аммо ўтин териб сотиб, кун кўриш— бировга юзини
сарғайтирмай ўзининг ҳалол меҳнати билан рўзғор тебратиш шараф бўлади
Қуръони
карим ва суннати мутоҳҳарада барча пайғамбарлар касб ҳунар эгалари бўлганлиги
ҳақида маълумотлар келтирилган.
Абу
Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ
соллаллоҳу
алайҳи васаллам:
“Закариё
алайҳиссалом дуродгар бўлган”, дедилар”.
Муслим ривоят қилган.
Миқдом розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ
соллаллоҳу
алайҳи васаллам:
“Ҳеч ким қўл
меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом
қўл меҳнати билан кун кўрар эди”, дедилар”.
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда:
«У зот ўз қўли билан топганидан бошқани емас эди», дейилган.
Бу ҳадисда ҳам пешона тери билан топилган молу мулк
билан ҳаёт кечириш афзал экани баён қилинмоқда. Ҳамма халқларда ҳам «емоқ» сўзи
умумий маънода ишлатилиши маълум. Молу мулкни еди, деганда кийиш ва бошқа
эҳтиёжларига ишлатилиши ҳам тушунилаверади.
Пайғамбарлар ичидан Довуд алайҳиссаломни алоҳида зикр
қилиниши ҳикмат, ўз меҳнати ила топилган нарсани ейиш муҳтожликка боғлиқ
эмаслиги келиб чиқади. Чунки Довуд алайҳиссалом дунёни сўраган подшоҳ
бўлганлар. Дунёнинг ҳаммаси у Зотнинг ихтиёрларида бўлган. Лекин шундоқ бўлса
ҳам темирчилик қилиб, совут ясаб, ана шундан тушган маблағни тирикчиликларига ишлатганлар.
Нуҳ алайҳиссалом
дурадгор бўлганлигига қуйидаги ояти карима далолат қилиб турибди. Аллоҳ таоло
айтади:
“Бизнинг кузатувимиз
ва ваҳиймиз (амримиз) билан кемани ясагин!”. Ҳуд сураси 37 оят.
Муса алайҳиссалом
пайғамбарлик келишидан олдин Мадянда ўн йил қўй боққанлигига Қуръони каримда
ишоралар бор.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам
ўз меҳнатлари билан топилган нарсадан ҳаёт кечирганлар. Ёшликларида қўй
боқанликлари. Кейинчалик Ҳадича розияллоҳу анҳонинг молида тижорат билан
шуғулланганликлари маълум ва машҳурдир. Ҳатто уйдаги таомларини ҳам ўз қўллари
билан тайёрлаганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васаллам ўз аҳлларида қандоқ қилар эдилар, деб сўралганида, у Зот ўз
аҳллари меҳнатида бўлар эдилар, намозга иқомат айтилса, чиқар эдилар, деб жавоб
берганлар.
Барча пайғамбарлар
касблари орқасидан кун кўрганларидек ўтган салафи солиҳийнларимиз ҳам касб
ҳунар билан шуғулланганлар ва бошқаларни ҳам касб қилишга чақирганлар.
Умар розияллоҳу анҳу:
“Сизлардан бири “Эй Аллоҳ ризқимни бер”, деб ўтирмасин. Биласилар осмондан
олтин кумиш ёғмайди”, дер экан.
Аҳмад ибн Ҳанбалдан
“Ҳеч иш қилмайман, ризқим ўзи келади”, деб уйида ёки масжидда ўтирадиган киши
ҳақида нима дейсиз, дейилганда. Имом Аҳмад бу илмсиз, жоҳил кишининг иши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ
менинг ризқимни найзам соясида қилди”, деганларини эшитмаганми, деб
жавоб берган.
Луқмони ҳакимнинг
ўғлига шундай деди: “Эй ўғлим, ҳалол касб билан камбағалликдан қутул. Чунки ким
камбағал бўлса унга учта хислат етади: динида юмшоқлик, ақлида заифлик,
обрўйининг кетиши. Ва булардан ҳам ёмонроғи инсонлар уни паст олиши”.
Шу
ўринда касб-ҳунар одобларини баъзиларига тўхталиб ўтсак:
Ниятини чиройли
қилиши:
Қилаётган касбидан ўзи
ва болаларини бировнинг қўлига қараб қолишдан сақлаш, динига, юртига фойдаси
тегишни, топган пулидан камбағал, бева бечора, етимларга садақа қилишни ва ота
онасига эзгулик қилишни ният қилиши лозим.
Ризқини ҳалолдан
қидириш:
Ҳар бир мусулмон ҳалол
луқмани қасд қилиши ва ҳаромдан узоқ бўлиши лозим. Аллоҳ
таоло айтади:
“Аллоҳ
сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва
ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!”. Моида сураси 88 оят.
Қилаётган
касби ибодатдан тўсмаслиги
Банданинг
қилаётган касбу кори намозидан ва бошқа ибодатларидан тўсиб қўймаслиги лозим.
Инсонни Аллоҳнинг ибодатидан машғул қилиб топган маблағига Аллоҳ барака
бермайди.
Аллоҳ мол давлатни Ўзининг ибодатига
ёрдам бўлиши учун беришлигини эсдан чиқармаслик керак.
Қаноатли бўлиши, очкўз бўлмаслиги
Ибн Зубайр Маккада минбарда хутба
қилиб:
“Эй одамлар! “Набий алайҳиссалом:
“Агар одам боласига водий тўла тилло берилса ҳам, иккинчисига
муҳаббат қилади. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисига муҳаббат қилади. Одам
боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини
қабул қилади” дер эдилар”, деди”.
Икки шайх ва Термизий ривоят
қилишган.
Шунинг учун мол-дунёга ўч бўлмаслик, ҳеч қачон Аллоҳ
таолони унутмаслик керак. Ҳа, дунёдаги энг бой бўлган одам ҳам тўймаётганини
кўриб турибмиз. Унинг тўйиш ўрнига янада очкўз бўлиб бораётгани ҳам бор гап.
Одам боласи мол-мулкка ўч бўлса, ўлиб кўзига тупроқ тўлмагунча, дунёга тўймай
юраверади. Аммо Аллоҳ таоло ўз вақтида ўзини билиб, мол-дунёга эмас, Аллоҳ
таолога муҳаббат қўйган банданинг тавбасини қабул қилади.
Мақсади
фақат пул топиш, мол давлатини кўпайтиш бўлмаслиги керак
Аллоҳнинг
раҳмати, розилиги ва охиратдаги мукофатларини қўлга киритишни умид қилган ҳолда
ҳалол ризқни ҳосил қилиши керак. Агар дунё иши охират иши билан муораза келиб
қолса дунё ишини ташлашлиги лозим. Чунки охират диёри ҳақиқий ва абадийдир.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар
ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир”, дедилар”.
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Чунки мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини
барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан
тушиб, динини барбод қилади. Динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда эса,
дунёга ҳирс қўймаслиги лозим.