Ўттиз ҳалол минг ҳаромдан.

Ўттиз ҳалол минг ҳаромдан.

imon.uz 2024-08-02 01:52:55 357

Бир одам Ҳарами шариф эшигида туриб «эй, тўғриларни қўлловчи, ҳаромдан сақланувчиларни асровчи Парвардигорим...» дея тинмай бир-хил дуо ўқирди. Унга «сен бошқа дуо билмайсанми?», дедилар. У эса мазкур дуони яхши кўриш сабабини қуйидагича баён қилди:



«Бундан бир неча йил олдин Байтуллоҳни тавоф қиларканман оёғимга бир нарса қадалди. Эгилиб олдим. Қарасам ичига минг динор тилло солинган бир ҳамён эди. Шунда шайтон билан иймоним ўртасида кураш бошланди. Минг тилло катта маблағ. Уни ўзингда олиб қол. Бутун эҳтиёжларингни қоплаш учун етади. Ҳатто, бу пуллар билан бойиб ҳам кетасан дерди шайтон. Иймоним эса «бу ҳаром. Тезда эгасини топиб, унга топшир», дер эди. Мен нафс билан иймон мужодаласи орасида нима қилишимни билмай тараддудланиб турарканман бир инсоннинг: «халойиқ, ҳамёнимни йўқотдим. Ичида минг тилло бор. Ким топган бўлса, менга келтирсин, унга мукофот ўлароқ ўттиз тилло бераман» деган товуши эшитилди. Ҳамённи яшир, ўзингда олиб қол. Ахир ҳеч ким кўрмаяпти-ку?!, деган шайтоний васвасалар онгимни буткул эгалламасидан қатъият билан «ўттиз ҳалол минг ҳаромдан яхшироқдир!» дедиму шартта бориб ҳамённи соҳибига топширдим. У ҳам ваъда қилганидек, ундан ўттиз динор тилло олиб, менга узатди. Эртаси куни бозорни айланиб юрарканман худди шу пулга бир араб қул сотилаётганини кўрдим. Унга ўттиз тилло танга сўрашаётган эди. Дарҳол пулни бериб, уни сотиб олдим. Бир муддат сўнгра, бир тўда араблар келиб бояги қул билан хуфёна сўзлаша бошладилар. Узоқдан кузатиб турдим. Улар кетгач, қулимни чақириб, нима ҳақида гаплашганларини сўрадим. У яширмай айтиб берди. Мен Мағриб султонининг ўғлиман. Отам Ҳабаш подшоси билан жанг қилиб, мағлуб бўлди. Мени асир олиб, бу ерда қулликка сотиб юбордилар. Отам бир неча йилдан бери ўз одамларини чор-атрофга юбориб мени излатаётган экан. Одамларига бир сандиқ тилло бериб, неча пулга бўлса ҳам сотиб олиб, ўғлимни олиб келинг, деб буюрибди, деди. Кўз ўнгимда содир бўлаётган бу ишлардан лолу ҳайрон бўлиб қолдим. Ғулом сўзида давом этди: «хожам, сен менга кўп яхшиликлар қилдинг. Менга ўз ўғлингдек қарадинг. Шу боис, сендан жуда ҳам мамнунман. Кел, менинг ҳам сенга бир яхшилигим бўлсин. Бу одамлар илло-ки, мени сотиб оладилар. Кўнмасанг, зўрлик билан олиб кетадилар. Сендан илтимосим, мен учун эллик минг тиллодан кам сўрама. Булар оғзингдан чиққанини беришга тайёр», деди. Айтганидек бўлди. Қулнинг нархини эллик минг тиллога баҳоладим. Улар тиллоларни бериб, болани олиб кетдилар. Қўлимда бу қадар буюк сармоя бор экан, уларни тижоратда айлантириш учун турли-хил тижорат моллари сотиб олиб, катта карвон билан Бағдодга йўл олдим. У ерда катта дўкон очиб, молларимни сота бошладим. Шу тариқа катта савдогар бўлиб кетдим. Кунлардан бир куни Бағдодда танишган дўстларимдан бири дўконимга келиб қолди. Машҳур бир тужжор дўстим кутилмаганда вафот этиб, ойдек бир қизи ёлғиз қолди. Агар рози бўлсанг, ўша қизни сенга олиб берамиз, деди. Таклифни қабул қилдим. Тўй куни қиз томондан сеп ўлароқ келтирилган моллар, жиҳозлар, гўзал ва муҳташам нарсалар уйимга сиғмай кетди. Товоқларда ҳар бирига минг динордан тилло солинган ҳамёнлар бор эди. Қизнинг отасидан қолган барча бойликлар ҳам қиз билан бирга менга ўтди. Ҳамёнларнинг биридаги пулни санасам тўққиз юз етмиш тилло эди. Бунинг сабабини сўрасам аёлим шундай деди: «Отам ушбу ҳамёнини ҳарами шарифда тушириб қўйган экан. Уни топиб, отамга келтириб берган ҳалолзодага ичидан ўттиз тилло олиб берибди. Шунинг учун бу ҳамёндаги олтинлар кам бўлиб қолган». Энди, буларнинг барчаси Сизники, бегим, деди жуфти ҳалолим. Мен эса Аллоҳга ҳамд ва шукроналар айтдим. Бу нарсалар тўғрилигим, ҳалоллигим ва самимий дуоларим баракоти, дея қизга бўлган воқеаларни айтиб бердим. Шу билан бахту саодатимиз яна-да мустаҳкамланди». 


Небий Йилдизнинг «Zor zamanlar güzel kapılar açar» китобидан.

Алишер Султонходжаевдан эркин таржима

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид