130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Рамазон ойи фазилатлари
imon.uz 05-05-2020 1700"Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз. [Бақара: 183]. Рўза мусулмонларга фарз бўлиши билан бирга рўзадорга бериладиган савоб улкандур.Чин ихлос ила рўза тутган мумин инсон Аллоҳга муқарраб бўлади,гуноҳлари кечирилади,савоблари кўп бўлади, дуолари эса ижобат бўлади. Ушбу муборак ойнинг шарофатлар кўп бўлиб, нафл ибодатлар савоби фарзларга, фарзлар савоби эса бир неча баробар кўпроқ бўладиган муборак ойдур.
Бу ғанимат фурсатни Қуръон тиловати, ҳадис, фиқҳ ва бошқа манфаатли илмлар ўқишга сарф этилса мақсадга мувофиқдир.
Бу муборак ойда закот, фитр, садақотлар ва эзгу амаллар адоси ила мўминлар кўнгли шод этилади.
Рамазон ойи шарофати билан бизларда тақво,қуръон ила боғлиқлик, ғамхўрлик, ихлос, намозларга эътибор, гуноҳлардан сақланиш кўпроқ пайдо бўлади.
Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар
Рамазон хайр-саховат ойи ҳамдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳараманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.
Бу ой ибодатлар ойи ҳамдир.“Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам эшиклари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).
Рамазон аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир.
Рамазон дуо ойи ҳамдир. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).
Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Биз мумин мусулмонлар мана шундай муборак кунларди ўзга мумин мусулмонларнинг дуоларини олсак яна ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Омин!
Дўстлик тумани бош имом-хатиби
Абдурасулов Аҳмад