Рамазондаги хатолар (2-қисми)

Рамазондаги хатолар (2-қисми)

imon.uz 2024-03-08 01:53:37 162

Кун бўйи ухлаш

Баъзи инсонлар рўза тутган кунининг барчасини ёки катта қисмини уйқуда ўтказадилар. Ахир шундай раҳмат ва мағфират ойида биздан уйқу талаб қилинадими? Кунларини уйқуда ўтказган бу инсонлар Рамазон ойидаги буюк мукофотлардан қуруқ қоладилар. Чунки улар роҳат ва енгиллик ортидан ўз нафсларига қулдирлар. Бундайлар уйқуни афзал биладилар, чунки озроқ очликка бардош бера олмайдилар, иродалари етмайди. Агар рўзадор кунни уйқу билан кеч қиладиган бўлса, унда у нақадар лоқайдликка йўл қўйибди!  

Вақтни исроф қилиш

Рамазон ойи – биз учун битмас-туганмас раҳмат ойидир, у кўз очиб юмгунимизча поёнига етиб қолади. Шунинг учун биз бу шарафли ойнинг ҳар бир дақиқасини иложи борича Аллоҳга ибодат билан ҳамда ўзимизга мағфират сўраш билан ўтказишимиз керак. Энг ачинарлиси, баъзилар кунини видео ўйинлар ўйнаш ёки ундан ҳам ёмонроғи мусиқа тинглаш, фильмлар томоша қилиш ва фойдасиз видеолар кўриш билан исроф қилишмоқда. Субҳаналлоҳ! Бир вақтда ҳам Аллоҳга осийлик қилиб, ҳам Унинг розилигига эришиб бўлмайди!!!

Рўза тутиш, лекин ҳаром ишлардан сақланмаслик

Кўпчилик рўза тутади, лекин ғийбат, уруш, жанжал, хафагарчилик ва шу кабилардан чекланмайди. Бошқалар эса бутунлай ҳаром ишларни қилишда давом этаверадилар – спиртли ичимликлар сотадилар, бузуқлик қиладилар. Гуноҳ ишларнинг барчасини бас қилмоқ керак.

Қуръони Каримда марҳамат қилинади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Агар сизлардан баъзиларингиз ёлғон гапиришни ва жаҳолат пайтидаги бошқа амалларни тўхтатмас экан, Аллоҳ таоло унинг емоқ ва ичмоқда тийилишига муҳтож эмас» (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарликка лоқайд қараш

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Саҳарлик қилинглар, зеро унда барака бор» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:

«Сизларнинг рўзангиз билан аҳли китоб рўзасининг ўртасидаги фарқ саҳарлик вақтидаги таомдадир» (Имом Муслим ривояти).

Саҳарликка ухлаб қолган бўлса, рўза тутмаслик

Баъзилар саҳарликка ухлаб қолган бўлсалар, рўза тутмайдилар. Лекин бу ўз ҳолида енгилтакликка мойилликни билдиради. Хўш, таомланмасангиз, нима бўлибди? Бу билан сиз ҳалок бўлмайсиз, аксинча, ақлингиз нафсингиз устидан ғалаба қозонади. Доимо ёдда тутинг, Аллоҳ таолога иймон келтириш ва Унинг раҳматидан умидвор бўлиш ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтади. Қолаверса саҳарлик бу суннат амалдир холос.

Шом намози чиқиб кетгунигача таомланишда давом этиш

Баъзи одамлар ифторлик дастурхонига шу даражада кўп таом қўйиб ташлайдиларки, натижада тўхтамасдан ейишлари оқибатида шом намозини қазо қилиб қўядилар. Бунинг тўғри эмаслиги аниқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бу борада қуйидагича бўлган: рўзани очиш, сув ичиш, бир нечта хурмо ейиш ва шом намозини адо қилиш. Намоз ўқиб бўлганингиздан кейин дастурхонга қайтиб, кутганингиздан ҳам кўпроқ таом истеъмол қилишингиз мумкин. Ўзингиз ҳам синаб кўринг, шом намозини ўқиётганингизда сиз тановул қилган хурмолар баданингизни қувват билан таъминлайди, натижада сиз аввалгидек очликни ҳис қилмайсиз. Субҳаналлоҳ, мана шу биз эргашишимиз керак бўлган суннатдир.

Дуо қилиш имкониятини қўлдан бой бериш

Рўза тутган одамнинг дуоси рўзасини очиш пайтида қабул бўлишидан хабардормиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Уч кишининг дуоси рад қилинмайди: фарзанди ҳаққига дуо қилган отанинг дуоси, рўзадорнинг дуоси (рўзасини очаётган пайтда) ва мусофирнинг дуоси» (Имом Бухорий ривояти).

Бу каби қимматли вақтда дуо қилишнинг ўрнига одамлар овқат тайёрлаб, мазмунсиз суҳбатлар уюштириб, ўз тақсимчаларини ва косаларини таомга тўлдириш билан имкониятларини қўлдан бой берадилар. Ахир таом гуноҳларнинг кечирилишига имкондан ҳамда сўраган нарсамизга эришиш мумкинлигидан ҳам муҳимроқми? Ифторлик вақтидан олдин беш дақиқа вақт ажратинг ва чин қалбдан барча эҳтиёжларингизни, шунингдек, жумҳур мусулмонларнинг эҳтиёжларини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилинг.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид