130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Расулуллоҳнинг жаннатдаги энг яқин қўшниси.
imon.uz 2024-09-24 11:37:36 154Ислом дини етимларни кафилликка олишга,
меҳрибонлик кўрсатишга, яхшилик қилишга буюрган ва бу иш учун улкан ажрларни
ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръонда етимни кафилликка олишни яхшиликлар қаторида
санаб, мусулмонларни етим ва муҳтожларга меҳрибон бўлишга чақириб шундай деган:
“Ота-онага, қариндошларга, етимларга яхшилик қилинглар” (Нисо сураси,
36-оят).
Сахл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз», деб
кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар», деганлар.
Бухорий ривоят қилган.
Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
билан бирга, жаннатда худди кўрсаткич ва ўрта бармоқлар сингари яқин туриш ҳар
бир банда учун чексиз бахт. Бундай бахтга сазовор бўлиш учун етимни ўз
кафолатига олиш лозим бўлади.
Бошқа ҳадисда:
«Ўзига қарашли ёки ўзгага қарашли бўлмаган етимнинг кафили ва
мен жаннатда мана булар каби бўламиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларга ишора
қилдилар», дейилган.
Муслим ривоят қилган.
Демак, етимни кафилига олгувчи қариндошлардан бўлган
етимни қарамоғига оладими ёки тамоман бегоналардан бўлган етимни қарамоғига
оладими барибир, савобга эга бўлади ва охиратнинг олий мақомларига эришиш бахтига
мушарраф бўлади.
Дарҳақиқат,
охират диёрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васаллам давраларида бўлиш учун саҳобалардан бўлиш, туни бўйи намозда тик туриш ёки барча бойликларини сарфлаш шарт эмас, балки ушбу ажойиб мақомга эришиш учун фақат битта етимга ҳомийлик қилиш, қарамоғига олиб тарбиялаш керак экан.