130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Сахийликнинг мукофати.
imon.uz 2024-09-24 11:44:30 247Бани Исроил қавмида фақир ва
муҳтожларга қарз бериб, уларга ёрдам қиладиган Абдурраҳмон исмли солиҳ, қалби
очиқ, машҳур тижоратчи киши бор эди.
Кунлардан бирида унинг
эшигини бир киши таққиллатиб, тижароти зарарга кетганлиги учун ҳеч вақоси
қолмаганини ва савдо қилишга қарз бериб туришини илтимос қилди. Абдурроҳмон у
сўраган маблағни бериб, қарзни қайтариш вақтини тайин қилди.
Бир оздан сўнг бошқа киши
келиб, уйланишга пул бериб туришини сўради. Абдурроҳмон унга ҳам сўраган
маблағни бериб, қарзни қайтариш вақтини тайин қилди.
Учунчи киши келди ва
ота-онасини муолажа қилиш учун қарз беришини илтимос қилди. Абдурроҳмон унга
ҳам сўраган маблағни берди ва қарзни қайтариш вақтини тайин қилди.
Шундай қилиб бир қанча
одамлар келиб қарз сўрадилар. Абдурроҳмон улар сўраган қарзни бериб, барчасига
қарзни қайтариш вақтини тайин қилди.
Абдурроҳмон қарзни қайтариш
вақти етганида, молларни йиғиб келишга қулларини юборарди. Қуллари кетишдан
олдин уларга, қарзини қайтаришга қурби етмайдиган камбағалларни кўрсаларинг
қарзини кечиб юборинглар, шояд Аллоҳ бизни гуноҳларимизни кечса, дерди. Аллоҳ
шу амали сабабидан унинг гуноҳларини мағфират қилди ва жаннатга киргизди.
“Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи
васаллам бу қиссани кишининг исмини, тафсилотларини зикр қилмасдан қуйдагича
марҳамат қилганлар:
“Инсонларга қарз
бериб, қийналганларни кўрса, йигитларига ундан (қарзни)кечиворинглар шоядки Аллоҳ бизни
(гуноҳларимизни)кечирса дейдиган тижоратчи бўлганди. Уни Аллоҳ кечирди”, дедилар”.
Бухорий ривояти қилган.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу:
“Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламдан: “Сизлардан олдингилардан бир
кишига жонини олишга ўлим фариштаси келганида, унга яхши амалинг борми?,
дейилди. У билмайман деди. Унга: қарагин, дейилди. У, ҳеч яхши амалимни
билмайман, лекин дунёда инсонлар билан савдо-сотиқ қилар ва уларга (қарз)
берардим. Бойлардан олардим, камбағаллардан кечиворардим, деди. Аллоҳ уни жаннатга
киргизди”, деганларини эшитдим” деб ривоят қилган. Бухорий “Саҳиҳи”да “Аҳадисул анбиё” китобида келтирган 3451.
Қиссадан
олинадиган фойдалар:
1-Мусулмон, мусулмон
биродарларига меҳрибон бўлиши ва қодир бўлса уларнинг қийинчиликларига ёрдам
қўлини чўзса унга Аллоҳнинг ҳузуридан ажр ва савоблар борлиги.
2-Бирор киши сендан қарз
олиб, қайтаришга қодир бўлмаса, уни кечиб юборгин, Аллоҳ қиёматда сендан
кечади.
3-Агар сендан қарз олган
кишига бағри кенглик қилишга ва уни афу қилишга қодир бўлсанг, шундай қил.
4-Аллоҳнинг раҳмати кенглиги.
Бу киши оз амал қилса ҳам буюк ажрни қўлга киритди ва Аллоҳ уни мағфират қилди.
5-Қарзини бера олмай
қийналганга муддатни чўзсанг қиёматда Роҳманнинг арши соясида бўласан.
“Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам: “Ким қийналганга муддат берса ёки
уни (қарзини) кечса, Аллоҳ аршининг соясидан бошқа соя йўқ бўлган қиёмат кунида
аршининг сояси тагида соялантиради, дедилар”.