130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Шукр қилгандан Аллоҳ рози.
imon.uz 26-09-2024 214Атрофи дарахтлар билан ўралган,
денгиз соҳилида чиройли бир шаҳар бўлиб. У ерда уч киши яшарди. Улардан бири
пес касаллиги билан касалланган, иккинчисининг бошида сочи йўқ кал, учинчисининг эса кўзи ожиз эди. Бунинг устига уларнинг
учаласи ҳам камбағал эди.
Аллоҳ таоло уларни синаб
кўришни ихтиёр қилиб бир фариштани уларга одам суратида юборди.
Фаришта песнинг олдига келди
ва: Аллоҳнинг изни билан тезда хоҳлаган орзусини рўёбга чиқаришлигини айтиб:
“Орзуйинг нима?” деб сўради.
Пес:
“Терим ва унинг ранги чиройли
бўлишини орзу қиламан. Одамлар теримнинг ранги сабабли мендан қочадилар ва мен
билан гаплашмайдилар”, деди.
Фаришта унинг терисини силаб
қўйганди, териси ва ранги чиройли бўлди. Киши жуда ҳам қаттиқ хурсанд бўлди.
Фаришта унга:
“Қайси чорвани хоҳлайсан, қайси
бирини яхши кўрасан?” деди.У:
“Туяни яхши кўраман”, деди.
Фаришта унга ўн ойлик ҳомиласи
бор туя берди ва “Аллоҳ сенга бу туядан барака берсин”, деб дуо қилди.
Сўнгра фаришта калнинг олдига
борди ва унга; Аллоҳнинг изни билан тезда хоҳлаган орзуйингни рўёбга чиқараман:
“Нимани орзу қиласан?” деб
сўради. Кал:
“Чиройли сочим бўлишини орзу
қиламан. Одамлар сочим йўқлиги сабабли мендан қочадилар”, деди.
Фаришта унинг бошини силаб
қўйди ва унинг бошидан чиройли соч чиқди. У киши бундан қаттиқ хурсанд бўлди.
Фаришта:
“Қайси чорвани яхши кўрасан?”
деди. У:
“Сигирни яхши кўраман”, деди.
Фаришта унга ҳомиладор сигир
берди ва “Аллоҳ сенга бу сигирдан барака берсин”, деб дуо қилди.
Сўнгра фаришта кўрнинг олдига
борди ва унга ҳам Аллоҳнинг изни билан тезда хоҳлаган орзусининг ҳаммасини
рўёбга чиқаришлигини айтиб, ундан:
“Орзуйинг
нима?” деб сўради. Кўр:
“Аллоҳ
менга атрофимдаги одамларни кўришим учун, кўзларимни қайтаришини орзу қиламан”,
деди.
Фаришта
унинг кўзларини силаб қўйди ва унинг кўз нури қайтди. У киши бундан қаттиқ хурсанд
бўлди.
Фаришта ундан:
“Қайси чорвани яхши кўрасан?”
деб сўради. У киши:
“Қўйни яхши кўраман”, деди.
Фаришта унга она-бола қўй берди
ва “Аллоҳ сенга бу қўйдан барака берсин”, деб дуо қилди.
Кунлар ўтди. Бу учаласи ҳам
бой-бадавлат кишиларга айланишди. Песнинг бир водий туялари, калнинг бир водий сигирлари
кўрнинг бир водий қўйлари бўлди.
Энди уларни имтиҳон ва синов
қилиш вақти келди.
Фаришта бу сафар песнинг олдига камбағал пес киши кўринишида келди. Яъни
бундан олдин унинг ўзи бўлган кўринишда келди, унинг қалбини юмшатди ва
Аллоҳнинг унга берган неъматларини эслатиб:
“Мен
ҳеч вақоси йўқ бир фақирман. Сенга бу чиройли терини берган ва бу мол-мулклар
билан сени сийлаган Аллоҳ номи билан сўрайман, сафар қилишим ва сутини соғиб
ичишим учун менга бир дона туя бер”, деди.
Пес
унга: “Мен сенга ҳеч нарса
бермайман. Бу мол-мулклар менга ота-боболаримдан мерос қолган. Мен бой
оиладанман”, деди.
Фаришта унга: “Аллоҳга қасам,
мен сени танияпман. Сен, одамлар жирканадиган пес эмасмидинг? Аллоҳ сенга шифо
бериб, бу чиройли терини бермаганмиди? Сен камбағал эдинг, Аллоҳ сени бой
қилмаганмиди?” деди.
Пес: “Йўқ, ҳақиқатдан бу мол-дунё
менга ота-боболаримдан мерос қолган”, деди.
Фаришта: “Агар сўзларингда
ёлғончи бўлсанг, Аллоҳдан сўрайман сени аввалги ҳолингга қайтарсин”, деди. Киши
илгари бўлганидек песлигига
ва камбағаллигига қайтди.
Кейин фаришта калнинг олдига
камбағал, кал киши кўринишида борди. Яъни бундан олдин унинг ўзи бўлган
кўринишда келди ва унинг қалбини юмшатди ва Аллоҳнинг унга берган неъматларини
эслатиб:
“Мен
қўлида ҳеч нарсаси йўқ бир фақирман. Сендан бу чиройли сочни берган ва бу
мол-мулклар билан сени ҳурматлаган Аллоҳ номи билан сўрайман, менга битта сигир
бер”, деди.
Кал: “Мен сенга ҳеч нарса
бермайман”, деди.
Фаришта: “Аллоҳга қасамки мен
сени танияпман. Сен, одамлар сендан жирканадиган кал эмасмидинг? Аллоҳ сенга
шифо бериб, бу чиройли сочни бермаганмиди? Сен камбағал эдинг, Аллоҳ сени бой
қилмаганмиди?” деди.
Кал: “Йўқ, бу мол-дунё менга
ота-боболаримдан мерос қолган”, деди.
Фаришта: “Аллоҳдан сўрайман,
агар сен ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин”, деди. У киши
илгари бўлганидек каллигига ва камбағалигига қайтди.
Кейин фаришта кўр кишининг
олдига камбағал, кўр киши кўринишида келди. Яъни бундан олдин унинг ўзи бўлган
кўринишда келди ва унинг қалбини юмшатди ва Аллоҳнинг унга берган неъматларини
эслатди.
Фаришта унга: “Мен камбағал
кишиман, қўлимда ҳеч вақоим йўқ унинг устига кўзим ҳам кўрмайди. Сендан, сенга
кўриш неъматини берган ва мол-мулклар билан сени ҳурматлаган Аллоҳ номи билан
сўрайман, менга битта қўй бер”, деди.
Кўр: “Аллоҳга қасамки мен ҳам
кўр эдим, Аллоҳ менга кўзимни қайтарди ва мен фақир эдим, Аллоҳ мени бу
мол-мулк билан ҳурматлади. Бас, шундай экан қўйлардан хоҳлаганингча ол. Аллоҳга қасам,
сендан бирор нарсани қизғонмайман. Мен буни Аллоҳга итоат қилган ҳолимда қиламан”, деди.
Фаришта: “Аллоҳ сени кўзингга
ва молингга барака берсин. Мен фариштаман, бу сен ва дўстларинг учун синов эди.
Аллоҳ сендан рози бўлди, икки дўстингдан ғазабланди”, деди.
Бу қисса Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» китобида келган
3464–ҳадис асосида тайёрланди.
Қиссадан олинадиган фойдалар:
1- Аллоҳ ношукурдан шукур қилгувчини, ёмондан солиҳни
аниқ бўлиши учун, бу уч кишини имтиҳон қилгани каби бандаларини имтиҳон қилади.
2- Хурсандчилик вақтида шукур
қилиш фазилатлилиги. Молни ўз ҳақдорларига эҳсон
қилиш ҳам шукрданлиги.
Куфрона неъматни оқибати ёмонлиги. Мискин ва фақирларга молидан эҳсон қилмасдан
бахиллик қилиш неъматга куфр келтириш эканлиги.
3- Фаришталарнинг инсон
суратига киришга қодирлиги
4-
Қиссада келганидек фаришта ўзини сафарда қийналиб қолган бечора, мискинлигини
айтиш билан фаришталар ёлғончи ҳисобланмайди. Чунки бу зорбул масал.
5-
Аллоҳ кишининг молига барака берса у кўпайиб, сермаҳсул бўлади. Қиссадаги
кишиларнинг молини Аллоҳ кўпайтирди аслида эса мол бир дона эди.
6-
Кишининг моли кўплиги Аллоҳнинг бандаларини яхши кўришига далолат қилмайди.
Аллоҳ бандаларини мол бериб синайди.
7-Башарият тузалишидан
умидини узган оғир касалликларга ҳам Аллоҳ
шифо беришга қодир.
Жиззах вилояти Набижон жоме масжиди
имом хатиби Ҳакимжон Алибоев