Шукр қилинглар

Шукр қилинглар

imon.uz 2020-09-03 538

Қачон Абдуллоҳ бобонинг суҳбатида бўлсак доим “шукр қилинглар болам” деган гапни тез-тез такрор қиладилар. Бу гал бобом болалигини эслаб, “у кунларни душманимнинг боласига ҳам раво кўрмайман болам” деди хўрсиниб. “Буғдой нони ейиш хаёлимизга ҳам келмаган, ҳар-ҳар замон арпа нони еб қолар эдик. Отамиз даладан чирич териб келиб, тегирмондан арпа уни сўраб олиб келар, онамиз эса эчкини соғиб, сутга чирични майдалаб туғраб, арпа унини қориштириб атала қилиб берар эди. Кўпчилик одамлар арпа уни ҳам тополмай, сутга қуруқ чирични қайнатиб ичиб, шишиб ўлиб қолганларини ҳам кўрдик болам. Суягим қотар қотмас кун кўриш учун колхознинг қўйини боқиб кетдим, дам олиш кун, роҳатланиш, телевизор кўриш, радио эшитиш деган гаплар хаёлимизга ҳам келмаган. На ёзнинг жазирама иссиғига, на қаҳратон қишнинг совуғига, на ёғин-сочинга шароит бўларди. Кўкламниниг ёмғирини кебанакка ўраниб ўтказар эдик. Бир ойдами кўпроқдами даладан уйга келганда, ёки биров тўй қилиб қолса, иссиқ овқат еб, бир тўйиб қолар эдик.

Худо кўрсатмасин мабодо биронта қўй ўлиб қолгудай бўлса, раислар “қўй ўлгандан кўра сен ўлганинг яхши бўларди” деб сўкиб уришар эди. Кечагина тўйга борсак, бир-биримизни чақиришиб, ўн-ўн беш киши бўлиб, от-эшакларда борардик. Ҳар қандай катта тўйда кўп бўлса йигирма- ўттиз улов бўларди. Улови йўқлар пиёда борарди болам, нимасини айтасан, у замонлар сира қайтиб келмасин. Сизларнинг пешоналаринг бир қарич экан, бир қадам ҳам пиёда юрмайсилар, яқинга ҳам машина, узоққа ҳам машина минасилар. Бита тўйга юзлаб машиналар келади. Катта йўлга чиқсанг машинадан йўл тегмайди.

Маҳалламизда бир ёши улуғ амакимиз бўларди, раҳматли ўлгунча ҳажга бораман деб армонда ўтиб кетди. Биз у пайтлар ҳаж амали нима эканлигини билмас ҳам эдик. Мана энди хоҳлаган киши ҳажга, хоҳлаган киши умрага бориб келяпти. Ота бобомиз бундай бахтли замонни тушида ҳам кўрмаган болам, йўлларнинг равонлиги, қурилишларнинг кўплигини қарангалар болам, бу кунларга шукр қилинглар болам.

Эҳ, мен силарга айтаверсам ишонмайсилар. Масжидларнинг устунидан сим боғлаб тортиб, йиқитиб қулатган, ўз уйимизда намоз ўқишга қўймаган, пишиб турган қурбонлик гўштини емайсан, бу “руҳонийлик белгиси” деб гўшт тўла қозонни ағдариб тўкиб ташлаган замонларни кўрдик болам, бу кунларга шукр қилинглар болам”- дея Абдуллоҳ бобо хўрсиниб суҳбатини тугатди.

Биз, бугун яшаб турган ҳар бир комил инсон Абдуллоҳ бобо айтиб берган аччиқ, аянчли, инсон зоти хўрланган ҳаёт тарзи билан, ҳозирги бахтли, фаровон инсон зоти ҳар тарафлама улуғланган ҳаёт тарзини таққослаб, ўзимизга тегишли хулоса чиқариб, бизларни бундай бахтли кунларга етказган Зотга ҳамду санолар, бу ишларнинг бошида турган ишбошиларга раҳматлар айтиб, бебаҳо мустақиллик неъматининг, бу тинчлик-хотиржамликнинг, ободончиликнинг, ризқ-рўзимиз мўллигининг қадрига етиб, “ким эдигу-ким бўлдик” - деган фикрни ёдимиздан чиқармай, бугун ён атрофимизда рўй бераётган воқеаларга бефарқ ва лоқайд бўлмасдан, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшамоғимиз давр талабидир.                   

 

Бахмал тумани бош имом хатиби

Раҳмонқул Маматқулов

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид