130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Шукр қилиш-улуғ фазилат
imon.uz 10-01-2020 799Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва
юқори даража экани алоҳида қайд қилинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 152 оятида:
«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга
шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деган.
Ушбу
оятда Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни
берган бандаларига Ўзини эслашга амр қилаяпди:
Хўш,
Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма
муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар
Аллоҳни зикр қилиб, эслаш билан Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига
эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага
арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган
Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?
Имом
Бухорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси
қудсийда Аллоҳ таоло:
«Эй одам
боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида
эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган.
Шукр
қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган
Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали
билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади.
Мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳни зикр этиб, унга шукр қилгандагина, иши олға
юради.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Набий
соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хурсандчилик иш ёки суюнчилик хабар келса, Аллоҳга
шукр қилиб саждага йиқилар эдилар», дейиган. (Абу Довуд ва Термизий
ривоят қилган).
Ҳар бир
неъмат учун Аллоҳга шукр қилиш мусулмон банданинг бурчи. Алоҳида катта
хурсандчиликка сабаб бўлинганда эса алоҳида катта шукр қилиш керак бўлади.
Қуръони каримнинг
Мулк сурасини 15 оятида:
«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир.
Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш
ҳам Унинг ҳузурига бўладир», дейилган.
Дарҳақиқат,
Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат инсон ердан
фойдаланишнинг барча турларини ишга солган ҳозирги асримиздагидек ҳеч қачон
яққол кўзга ташланмаган.
Набаъ
сурасини 11 оятида Аллоҳ таоло:
«Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик», дейди
Аллоҳ
таоло кундузини тирикчилик, рўзғор ҳаракати вақти қилиб қўйган. Фақат
кундузнинг ёруғлигигина эмас, ундаги жуда кўплаб хусусиятлар инсон маоши учун
керак. Мисол учун, ёруғ бўлса-ю, қуёш чиқмаса, маош бўлиши мумкинми? Йўқ,
албатта. Кундузги қуёш иссиқлиги, ёғдусидан нафақат инсон, балки бутун мавжудот
фойдаланади. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло кундузга хос қилиб қўйган нарсалар кўп.
Аъроф
сурасини (10-оятида):
«Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этасизлар», дейилган.
Ғоят қисқа
иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима ўзида чексиз ҳақиқатни, воқеликни
мужассам қилган. Ер юзида инсонга яшаш имконини бериш осон иш эмас. Бу имконни
яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало,
олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу
икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар
қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмоқдалар ҳам.
Инсон
дунёда ўзи учун яратиб қўйилган имкониятларидан ақалли бир нечтасини ўйлаб
кўрса, Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилса озлигини тушуниб етади. Мисол учун,
энг эътибор берилмайдиган нарса — ҳавони олиб кўрайлик. Маълумки, инсон ҳавосиз
яшай олмайди. Аммо ҳаёт учун зарур ҳаво фақат Ерда ва унинг атрофида бор. Ундан
юқорига чиқсангиз ҳам, пастга тушсангиз ҳам йўқ. Қолаверса, ҳавони доимо
тозалаб, инсонга керакли ҳолга келтириб турувчи омиллар, жумладан, дарахтларни
ҳам Аллоҳ таоло яратиб қўйган. Бу неъматнинг қадрини билиш учун инсон ҳавоси
йўқ ёки ҳавоси бузуқ жойда бир оз турса, кифоя. Аммо ҳаво ҳар қанча мусаффо
бўлмасин, уни қабул этиб турувчи аъзо бўлмаса, бефойда. Хўш, ҳаводан нафас
олиб, нафас чиқарадиган, бошқа аъзоларга ўз таъсирини ўтказадиган аъзоларни
инсонга ким берибди? Албатта, Аллоҳ таоло берган.
Ушбу неъматнинг
қадрини билиш учун нафаси қисадиган одамнинг олдида бир оз ўтиришнинг ўзи
кифоя. Аллоҳ таоло инсонга ер юзида яшаши учун берган бу имконият сон-саноқсиз
бошқа имкониятларнинг биттаси, холос. Одатда, одам ўзига бирор нарса берган,
туҳфа этган кишига ташаккур айтиб, ҳурматини жойига қўйишга интилади. Аммо
кўплаб инсонлар борки, шунчалик беҳисоб неъматларни берган Аллоҳ таолога шукр
қилмайдилар. Шукр қиладиганларнинг шукри ҳам жуда оздир.
Намл
сураси (40-оятда):
«Ким
шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим
беҳожат ва карамли зотдир».
Шукр
қилган савоб олади. Аллоҳ унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади.
Куфрони неъмат қилган одам эса, гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ берадиган неъматларини
узиб қўяди. Аллоҳ бандасининг шукр қилишига эҳтиёжи йўқ, у карамли зотдир. У
неъматларини Ўз карами ила беради, шукр учун эмас.
Абдуллоҳ
ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳрдан:
«Бизга
Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг», дедик. У
киши аввал йиғладилар. Сўнгра:
«Ҳамма
ишлари ажойиб эди. Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга
ўринга кириб ётдилар. Бир муддат ўтгандан сўнг:
«Эй
Оиша, менга изн бер, Парвардигоримга ибодат қилай», дедилар. Туриб, сув идишга
бориб, оз сув ишлатиб, таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб, қироат қилдилар,
йиғладилар. Мен кўзёшларининг ёноқларидан оқаётганини кўрдим. Сўнгра ўтириб,
Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, йиғладилар. Мен кўзёшларининг кўксиларига оқиб
тушаётганини кўрдим. Кейин ўнг ёнбошларига ёнбошлаб, қўлларини юзларига
тирадилар, йиғладилар. Мен кўзёшларининг ерга оқиб тушаётганини кўрдим. Билол
туриб, у кишини намозга чақирди:
«Намозга,
эй Аллоҳнинг Расули», деди. У кишининг йиғлаётганларини кўриб:
«Эй
Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса
ҳам йиғлаяпсизми?» деди. У киши:
«Эй Билол! Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга: («Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида...» (Оли Имрон 191) ояти нозил бўлди. Ким шу оятни ўқиса-ю, улар ҳақида тафаккур қилмаса, ҳолига вой бўлсин», дедилар».
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят
вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ