СОХТА САЛАФИЙЛИК – БЕМАЗҲАБЛИКДИР

СОХТА САЛАФИЙЛИК – БЕМАЗҲАБЛИКДИР

imon.uz 02-03-2020 641

Ҳар бир даврда ҳам аҳли сунна вал-жамоа уламолари, хоссатан юртимиз алломалари  “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солишга, мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатиб келганлар. Айни пайтда бугунги ахборотлашув ва технологиялар даврида диний-маърифий тарғиботлар ижтимоий тармоқларда ўз аксини кўрсатмоқда.  Хусусан, “сохта салафийлик” иддоаси билан чиқган қўштирноқ ичидаги муллалар (Абдуллох Зуфар, Содиқ Самарқандий, Абдул мўъмин) ва хокозолар мазҳабсизликни тарғиб қилмоқда. Диёримиздаги мўъмин мусулмонларни соф ақидадан чалғитиб, бирдамликларини бузишмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари таркибидаги диний соха вакиллари бўлган  имом-хатибларни ва уламоларни обрўсизлантиришга харакат қилмоқдалар.

Шу билан бирга, билимлар мафкуравий иммунитет тизимининг асосий ва биринчи унсури ҳисобланишини ҳам қайд этиш лозим. Аммо билимлар кўп. Диний экстремизм ва терроризм тарафдорлари ҳам муайян “билим”ларга таянадилар ва уни омма онгига сингдиришга ҳаракат қиладилар. Демак, мафкуравий иммунитет тизимидаги билимлар объектив бўлиши, воқеликни  тўғри ва тўлиқ акс эттириши, инсон маънавиятининг бойиши ва  жамият тараққиётига хизмат қилиши  лозим. Иккинчидан, бу билимлар ўз моҳият эътиборига кўра, Ватан, миллат, инсоният манфаатлари билан узвий боғлиқ бўлмоғи керак. Фуқароларимизнинг асл ислом ҳақида холис ва етарли билимга эга бўлишлари диний экстремизмга қарши иммунитетни шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Ақидапарастларнинг зарарларидан сақланиш учун ёт ғоялар кириб келишининг олдини олиш ва уларни йўқотишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига оладиган мафкуравий профилактиканинг ўрни катта. У ижтимоий институтлар томонидан хилма-хил шаклларда амалга ошириладиган ғоявий-тарбиявий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ишлар мажмуини, тўғри ташкил этилган бутун тарбия тизимини қамраб олади.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий ғоя руҳи билан йўғрилган ана шундай тарбия тизими яратилди. Уни доимий такомиллаштириб бориш ва давр даъватларига ҳозир жавоблигини таъминлаш эса, ҳар биримиз ва ҳаммамизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Ҳозирги вақтдаги диний-сиёсий оқим сифатида ўзини намоён этаётган сохта салафий жамоалар ўз таълимотларида “Салафийлар” тамойилларини ривожлантириб, унинг энг тажовузкор шаклини илгари сурмоқдалар. Мазкур таълимотга мувофиқ, мусулмон жамиятининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган барча ўзгариш ва янгиликлар, хусусан, Қуръони Каримни нақлан (символик-аллегорик) тушунишдан тортиб, ислом дунёсига ғарб цивилизацияси билан алоқадорлик туфайли кириб келган янгиликларнинг барчасини қоралади. “Салафийлар” дунёвий турмуш тарзини, давлатлар томонидан чиқарилган қонунларга бўйсунишни, ижтимоий ҳаётнинг санъат билан боғлиқ жиҳатлари, мусиқа, кино ва ҳакозоларни рад этадилар ҳамда мусулмонларнинг мазҳабларга эргашишини ва тасаввуфни қоралайдилар.

Бундан ташқари, ибодат масалаларида хусусан намоз ўқишда, рўза тутиш ва бошқаларда ҳам ўзларининг гапларига ўзлари хилоф қиладилар. Мисол учун, “биз суннатга амал қиламиз”, дея даъво қилиб, фарз намозидан кейин узрсиз туриб кетадиганларга ушбу ишларини сабабини сўрасангиз, “намоздан кейинги зикрларни Набий алайҳиссалом жамоат бўлиб қилмаганлар, ёлғиз қилганлар, биз суннатга амал қиламиз”, деган жавобни оласиз. Лекин уларни намоздан кейинги зикрларни ёлғиз бўлса ҳам қилаётганини кўрмайсиз. Имом намознинг саломини қилиб улгурмасидан ўзларини эшикка урадилар. Бундай хунук ақидадан Аллоҳ таоло сақласин!

Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг уламолари ва имом-хатибларимиз томонидан “сохта салафилар”га  ўз соф билимлари билан раддиялар бериб келмоқдалар. Кошки эди булар ҳам бор ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар…

Миробод туман бош имом-хатиби:

   О.Холмуродов

Миролим Мансур таёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид