Тафаккур юритиш ва унинг аҳамияти

Тафаккур юритиш ва унинг аҳамияти

imon.uz 2023-12-15 12:57:41 82

Ислом динида тафаккур юритишнинг юксак мартабага эга эканлиги ва одамларни бу ишга тарғиб қилиш ҳақида айтилган сўзлар бошқа динларда, ижтимоий ва ғоявий тузимларда ҳамда таълим ва тарбия соҳаларида кўзга кўринмайди. Исломда бир соат фикр юритиш ва тафаккур қилиш бир йил ибодатдан афзал дейилган.

Тафаккур ҳар доим ёрқин машъал сингари инсоннинг ҳозирги ва келажакдаги ҳаёт йўлини ёритадиган ва инсонга олдидаги қийинчиликларни бартараф этиш, муаммоларни ҳал қилиш ва мушкулларни ўртадан кўтаришга ёрдам берадиган йўлбошчидир. Тафаккур юритиш ҳар бир яхшилик ва хайру баракотнинг калитидир, кўп нарсаларни тушуниб етиш учун покиза ва мусаффо ойнага ўхшашдир.

Қуръони Каримда тафаккур юритиш ва унинг ютуқ ва самаралари ҳақида шундай дейилади:

إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآيَاتٍ لِّأُولِي الْأَلْبَابِ ﴿١٩٠﴾ الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّـهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَىٰ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَـٰذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ ﴿١٩١

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун [бу борлиқ оламнинг яратувчиси ва бошқариб турувчиси мавжудлигига] оят-белгилар бор».

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган ҳамда осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб: «Роббимиз, бу [борлиқ]ни беҳуда яратмагансан, Сен беҳуда [бирор иш қилиш айбидан] поксан, Ўзинг бизни дўзах азобидан сақлагин», дейдиган кишилардир». (Оли Имрон, 190 ва 191-оятлар)

Намуна бобидан тафаккурга оид бир ҳадисни келтирамиз:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «من فكّر قبل العمل، كثر صوابه»

«Кимки, бирор иш қилишдан олдин фикр юритсаишининг тўғрилиги ошади».

Манба: Ғурарул-ҳикам, 277-ҳадис.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид