130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Тасаввуф ва сохта тариқатчилар 2-қисм
imon.uz 2023-12-15 12:49:35 463Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шарьий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, харом, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда :
“Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал”, дейилган. Ҳозирги вақтда ўзини маълум бир тариқатга мансуб деб ҳисоблайдиган баъзи қўштирноқ ичидаги кимсаларнинг “Таълим зарур эмас” деб иддао қилишлари ўта ачинарли ҳолдир. Ҳеч бир мусулмоннинг бундай сўзни айтишга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад (с.а.в)дан Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисларида “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради” – деганлар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с) “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Шу ўринда юқоридаги оят ва ҳадислардан фақат диний илмлар эмас балки барча фойдали илмларни ўрганиш кўзда тутилаётганини айтиб ўтишликни лозим деб топдим. Бир фозил киши ўғлига – “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”- деган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳауддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.
Илмсизлик бандани бидъатга, жамиятни эса таназзул сари етаклайди. Бугунги кунда илмсизлик оқибатида айтилаётган гаплардан бири пирга байъат қилинганда, қазо намозларининг соқит бўлиши хусусидаги бидъатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак аслида бундай ҳукмни аҳли илм уламолридан хеч ким айтмаган. Аксинча ҳадисларда қазо намозни ўқишга етарлича далиллар мавжуд. Абу Қатода (р.а) ривоят қилинади:
Набий (с.а.в) га намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади”, дедилар.
Бас, шундай экан, пирга қўл берганлар қарзини бермай қўявериши мумкинми?! Албатта мумкин эмас. Тавба қилган одам бандани ҳаққини адо қилишлиги шарт бўлиб турганда, Аллоҳнинг ҳаққи – қазо намозини нима учун адо этмайди?! Қолаверса тавба Аллоҳга қилинадими ёки пирга ?! Қўштирноқ ичидаги пирларнинг сўзларини тинглар эканмиз гўёки Азроил (а.с) пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмаслиги, Мункар ва Накир ҳам пирнинг изнисиз савол жавоб қилмаслиги, муридини жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқлиги, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўйиши ҳақида даъво қилаётганлигига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин- мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложиси йўқ.
Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат эканини ёдимиздан асло чиқармаслигимиз зарур. Қолаверса Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай деб марҳамат қилади: “ Ким зулмидан кейин тавба қилса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”(“Моида” 39-оят)
Аллоҳ таоло ҳақийқатдан ҳам тавбаларни қабул этгувчи зот эканиниг далили шуки, у бандалардан иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларнинг ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди, балки кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшиикларини очиб қўяди. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини севади ва уларнинг тавбаларини қабул қилишни хоҳлайди. Қуйидаги ояти карима айнан шу маънода нозил қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳ сизнинг тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди” ( “Нисо” 26-оят).
Умар (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в) шундай деб марҳамат қилади: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман” - дедилар. Аллоҳ қурьони каримда“ Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки зафар топсангизлар”. (“Нур сураси 31-оят”) “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳолис тавба қилинглар!”- деб мархамат қилади.
Қаранг азизлар Аллоҳ таоло ва унинг Расули Муҳаммад (с.а.в) Тавба фақат Аллоҳгагина бўлишлигини таълимини берганидан сўнг ҳам, баъзи бир сохта тариқат пирларини тавба фақат пир орқали бўлади деб даъво қилаётганлари Насронийлик дийнидан кириб қолган бидъатлардир, чунки Насронийликнинг проваслав ҳамда католик мазҳабларида руҳонийлар одамлар ва Ҳудо орасидаги воситачи ҳисобланади. Шу билан бирга пирга қўл беришлик билан барча гуноҳларни ювилиб кетишлиги католик мазҳабидаги “Индульгенция” (черковга эхсон қилиш эвазига гуноҳларнинг кечирилиши) ҳақидаги таьлимотларига ўхшайди.
Набий (с.а.в) нинг “Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб уни ўтирғизишади ва (Муҳаммад с.а.в ни назарда тутиб) бу одам ҳақида нима дер эдинг ?”дейишади. Мўмин бўлса: “ Гувоҳлик бераманки, албатта у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди.
Унга: “Дўзахдаги ўрининга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни Жаннатдаги ўринга алмаштириб берди” дейилади. У икковини ҳам кўради” деган сўзлари (Буҳорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ва Анас (р.а) дан) ривоят қилinadi. Набий (с.а.в) дан бу ҳақида ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. Мункар ва Накир фаришталарнинг ҳеч бир махлуқнинг изнисиз фақатгина Холиқнинг изни ила савол жавоб қилинишлигини ҳар бир ақли етук инсон англаб олади. Пирнинг изнисиз савол жавоб қилмайди деб даъво қилаётганларнинг нотўғри ақидаси илмсизликдандир. Сўфи Аллоҳёр бобомиз “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал қилса елдур” деб ақидани начоғлик зарур эканлигини таъкидлаб ўтганлар.
Бугунги кунда ахли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида йетарлик илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва бу борада юртимиздаги уламоларимизга эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.