ТАВБА ВА ҲАДЯ

ТАВБА ВА ҲАДЯ

imon.uz 03-02-2020 863

Али Тантовий Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида шундай деган экан: «Бу масжиднинг номи «Тавба» бўлиб, эндиликда жуда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега «Тавба» дерсиз? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдиради. Бу масжидда Шайх Салим Суютий исмли олим етмиш йил имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонар, диний ва дунёвий ишларида  унга кўп мурожаат қилишарди.

Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эдиТалаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули  йўқ... Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди: «Жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мумкин», деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди... 

Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир-бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам  нариги бошигача худди ерда юргандек кетиши мумкин эди. Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмди-да, наригисига ўтди. Кейинги ҳовлида ҳеч кимса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақлажон пишмоқда! Шартта биттасини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамай тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасидан ақли жойига келди: «Толиби илм бўла туриб, ўғирликка қўл уряпманми-а? Аллоҳим, Сендан паноҳ сўрайман... Ўзинг кечир..Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақлажонни қозонга ташлаб, ортига қайтди.

Масжидга келиб, Шайхнинг илм халқасига қўшилди. Қорни очлигидан сабоқ қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайхнинг ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлнинг гапини эшитгач, Шайх ён-атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: «Уйланганмисандеди. Талаба«Йўқ», деб жавоб берди. Шайх: «Уйланишни хоҳлайсанми деди. Талаба сукут сақлади. Шайх яна сўради: «Уйланишни хоҳлайсанмиТалаба: «Эй хожам, менда пул йўқ, нимамга уйланаман Шайх айтди: «Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва молу давлати  аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ турмушга чиқиш ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда экан... Хўш, унга уйланасанмиТалаба: «Ҳа», деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди«Сен-чи, шу йигитга турмушга чиқишга розимисан?» Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига кетди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба жуда гўзал ёш бир аёлни кўрдиАёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликка кирган хонадон эди-да. Аёл: «Овқатланасизмидеб сўради. Йигит: «Ҳа», деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди: «Ажаб, кимдир  кириб, бақлажонни тишлаб кетибди Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди. Йигитнинг иқрорини тинглаган аёл шундай деди: «Бу омонатдорликнинг мевасидир. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз, бунинг эвазига эса Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато этди...

"Кўҳна Дунё ривоятлари" китобидан

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид