130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Тинчликни ёйиш - жаннатга саломатликла кириш
imon.uz 31-01-2020 747Ислом сўзи «саломатлик» «тинчлик» маъноларини ифода
этади. Мусулмон деганда эса ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган
кишига айтилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васаллам мусулмонларга Ислом таълимотларини ўргатганлар, шариат аҳкомларини
татбиқ қилганлар, кишилар орасида бўлиши лозим муомалаларни йўлга қўйганлар, бир сўз билан айтганда мусулмонлар жамиятини вужудга
келтирганлар. Эътиборли жиҳати буларни ҳаммасини тинчлик-омонликда амалга
оширганлар.
Бу хабари атрофга тарқалиб, кишилар Исломни қабул
қилган ва келиб, мусулмонлар сафига қўшилган. Шу тариқа ислом дини бутун оламга
ёйилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон, мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат
бўлган одамдир. Муҳожир, Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир»,
дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони
кўзда тутилган эмас. Балки ҳар қандай холатда озор бериш назарда тутилган. Одатда,
кўпинча одамларга тил ва қўлдан зарар, озор кўп етгани учун, шу икки аъзо зикр
қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг
энг афзали «Лаа лаҳа иллаллоҳ»» демоқ ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган
нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар».
Ислом дини йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни
иймон шўъбаси даражасига кўтарган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роҳманга ибодат қилинг. Таомни тарқатинг. Саломни таратинг.
Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», дейилган.
Термизий ривоят
қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васаллам саломни ёйиш жаннатга киришимиз учун сабабчи бўладиган ишлардан бири
эканлигини баён қилмоқдалар.
Мусулмонлар бир-бирларини кўрганларида биринчи
айтадиган иборалари «Ассалому алайкум» жумласидир. Ҳадисда бу жумлани ёйиш, унга
одатланиш, доимо канда қилмай айтиб юриш, танигангаю танимаганга салом беришга
тарғиб қилинаяпди. «Салом» сўзининг луғатдаги маъноси «тинчлик» эканини
эътиборга оладиган бўлсак, «тинчлик» ва саломатликни бутун ер юзи бўйлаб
тарқатинг маъноси ҳам келиб чиқади. Саломни тарқатганимиздек тинчликни ҳам
тарқатишимиз, уни тарғиб қилишимиз, доим тинчлик тарафдори бўлишимиз лозимлиги
маълум бўлади.
Демак, жаннатга саломатлик билан кирайин, деган нияти
бор ҳар бир инсоннинг қиладиган амалларидан бири салом-тинчликни ёйиш бўлмоғи лозим
экан.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ