130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Устозга тобеликда ҳам чегара бор (1)
imon.uz 25-10-2024 184Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Яратган Эгамга чексиз мақтовлар, Расулим, Ҳазратим, Муҳаммад Мустафо жаноби олийларига битмас-туганмас салот-у саломлар, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимиз ва охиратда зафар топишимиз учун қимматли вақтларини аямасдан таълим берган барча устоз-у муаллимларимизга Аллоҳдан ғуфрон-у марҳаматлар бўлсин!
Бундан тахминан икки йилча муқаддам бир толиби илм билан баҳслашиб қолгандим. Баҳсимизга сабаб эса қуйидагича бўлган: камина айрим ақидавий масалаларда бир икки нафар устозларимнинг фикрига қўшила олмаслигимни айтиб узр баён қилдим. Бундан хабар топган ўша йигит ортимдан “катта устозларга оқ бўлди”, деб ножўя гап тарқатиб юборган экан. Бу ишининг нотўғри эканини айтиш мақсадида у билан суҳбатлашишга мажбур бўлган эдим. Унинг устозларга нисбатан фидойилиги беҳад юқори эди. Унга: ҳар бир ишда аниқ ҳад бор, шу жумладан устозларга садоқатда ҳам ҳаддан ошмаслик керак. Мўмин учун энг авало шариатнинг риояси устун туради—деб тушунча беришга ҳарчанд уриндим-у, бироқ ҳаракатларим зое кетди. Аксинча, у: “мен устозим жаннатга етакласа жаннатга, жаҳаннамга етакласа жаҳаннамга ҳам кетавераман, устозга муҳаббатим шу даражада чексиз, сиз эса ундай эмас, аксинча устозларга бемуҳаббат экансиз..”—деб каминани қаттиқ камситган эди. Аллоҳ ўша йигитни ҳам, мени ҳам кечирсин!
Руҳиятимга қаттиқ таъсир қилган ўша ҳодисадан кейин “устозга садоқат ва унинг меъёри” ҳақида бирон мақола ёзишни дилимга тугиб қўйгандим-у, бироқ у каби мутаассиблар ҳаётда жуда кам учрагани учун бу ишга нуқта қўйиб қўйгандим. Лекин бугун шу мавзуни ёритишга зарурат борлигини тўлиқ ҳис қилиб турибман.
Ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб қолган ижтимоий тармоқлар бизга жуда кўп инсонларнинг ички оламини кашф қилиб бермоқда. Интернетда ҳамма ўз эркига эга, хоҳлаганини ёзади. Бу эса унинг маънавияти ва асл ақидасини билиб олиш имконини бермоқда. Фейсбукда устозлари шахсиятини илоҳийлаштириш даражасигача ғулув кетган бир қанча илм толибларига гувоҳ бўлдим. Улар наздида устозлари мисоли пайғамбардек гуноҳлардан маъсум мақомга чиққан. Фикрларига қарши далилга асосланиб раддия қилиш у ёқда турсин, ҳатто тушунмовчилик юзасидан ҳам савол бериб бўлмайди. Улар тарғиб қилаётган ғоялар юзасидан изоҳ талаб қилиш ҳам мумкин эмас. Ҳа, уларнинг устозлари айтган гап бу гўёки илоҳий қонун! Муҳокама қилинмайди, далили суриштирилмайди. Мабодо бирорта бахтиқаро адашиб уларнинг устозларига қарши гапириб қўйса борми, тамом! Дарҳол уни “беодоб”, “ўзича доно”, “устозга оқ бўлган” каби жирканч ёрлиқларни ёпиштиришда бир-бирлари билан кимўзарга мусобоқа бошлаб юборишади. Афсуки, бундай жоҳиллар интернетда жуда кўп. Аллоҳ барчамизга ҳидоят берсин!
УСТОЗ ҚАДРИ
Мағриб-у машриқ ҳукмдори Искандар Зулқарнайндан:
— Ҳазрат, нега устозингизга отангиздан ҳам кўп таъзим қиласиз?—деб сўрашибди.
— У киши: устозим шунга муносибдур. Чунки отам мени руҳлар оламидан ерга тушишимга сабаб бўлган. Устозим эса яна ўша олиймаконга қайтишимга сабаб бўлади—деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат азизлар, маънавий камолотга еткарувчи устоз ҳаққоний отадан-да улуғроқ мураббийдир. “Устоз отангдан улуғ”, деган мақол бежизга айтилмаган.
Талабаларга илм олиш сир-асрорларини ўргатишга атаб ёзилган машҳур “Таълим ул-мутааллим” рисоласида Имом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг устоз қадри ва фазилати ҳақида айтган машҳур бир эътирофини келтиради. Эҳтимол, ўша ҳикматли сўздан сиз ҳам хабардор бўлсангиз ажабмас… Чунки, диний фанлардан сабоқ берувчи деярли ҳамма устоз-у муаллимлар одоб-ахлоқ дарсида у ҳикматли иборадан фойдаланиб келади. Яъни,
انا عبد من علمنى حرفا واحدا، إن شاء باع، و إن شاء إسترق
“Мен, менга бир донагина ҳарф ўргатган шахснинг қулиман. Хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа қул қилиб ишлатади” (ҳаммасига розиман)—ибораси.
Бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ўзларидан “илм эшиги” деган унвон олган ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг бу сўзида у кишидаги балоғат, сўзамоллик маҳорати ва нотиқлик санъатининг мукаммал мисолини кўриш мумкин.
Устоз қаршисидаги толибни хожа хузуридаги қулга ташбиҳ қилган ҳазрати Али истиора услуби ила “абд” (қул) сўзини “қарз” олиб, ундан устозни қадрлаш, ҳурматини жойига қўйиш, чақириқларига “лаббай” деб жавоб бериш, буйруқларини сўссиз бажариш, уни ранжитадиган ишлардан қаттиқ хазар қилиш, устозни шод қиладиган ишларга ҳарис бўлиш, гўзал итоаткорликка даъват каби мажозий маъноларни назарда тутади.
Тобеий уламоларидан Шўъба ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам худди ҳазрати Алининг сўзларига ўхшаш ҳикматли гап айтгани ҳақида баъзи манбаларда маълумот учраган. Абу Довуд Таёлисийнинг айтишича у киши Шўъбадан:
من كتبت عنده ثلاثة احاديث فانا ابدا له عبد! و اخضع له!
Мен, кимнингдир олдида учтагина ҳадис ёзиб олсам, бас, мен унга қулман! Унга бўйсунаман!—деган сўзларини эшитган экан.
Бу ерда ҳам худди ўша мажоз қоидаси ўз аксини топган. Устозга ғирт қул бўлиш эмас, аксинча унга итоаткорликда қуллар даражасигача тушиш, устозга эҳтиромда эса уни мавло-хўжайин мақомигача кўтариш лозимлигига урғу берилган.
Ақли расо ҳар бир инсонга маълумки, бу ибораларнинг аслий маъносини тушуниш ва эътиқод этиш шаръан тўғри эмас. Зеро, киши таълим олиш билан муаллимнинг ҳаққоний қулига айланиб қолмайди, шунингдек, муаллим ҳам ўз эркига эга ҳур талабаларини бозорда қулдек сотиши шаръан жоиз бўлмайди. Бу ерда устозга садоқатли бўлиш, уни юксак ҳурмат ва эҳтиром этиш ҳақида гап борган.