Устозга тобеликда ҳам чегара бор (3)

Устозга тобеликда ҳам чегара бор (3)

imon.uz 25-10-2024 90

“УСТОЗИГА “НЕГА?” ДЕГАН БАРАКА ТОПМАС” ҚОИДАСИ

Устознинг талаба устидаги ҳақлари-ю, талабанинг вужубий фидойилиги ҳақида гап кетган бобларда қуйидаги иборани учратиш мумкин:

من قال لاستاذه «لم؟» لا يفلح ابدا!

Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!

Бу қоида “устозим жаннатга бошласа жаннатга, жаҳаннамга бошласа жаҳаннамга олға!” деб эътиқод қилувчиларнинг суянган ягона далилларидир!

Имом Заҳабий “Сияр”да имом Қушайрийдан нақл қилишича бу гап аслида  ҳазрат Сулламий раҳматуллоҳи алайҳнинг устози томондан унга сабоқ сифатида айтилган қоида экан.

Имом Қушайрий шундай ҳикоя қилади:

Сулламийдан эшитганман. У айтарди: устозим Абу Саҳл ас-Суълукий ҳаётлигида Марвга бордим. Сафарга чиқишимдан олдин ҳар жума кунлари тонгда устозим бошчилигида “хатми қуръон” мажлиси бўлиб турарди. Марвдан қайтиб келсам, ибн Уққобий деган одамнинг истаги билан ҳалиги мажлисда хатми қуръон ўрнига қуруқ гаплар бўляпти экан. Шунда менинг ҳаёлимга “қуръон мажлиси мусиқа мажлисига айланиб кетибди-да..” деган норози ўй келди. Кейин бир куни устозим мендан: Эй Абу Абдураҳмон, одамлар мен тўғримдан нима дейишяпти?—деб сўраб қолди. Шунда мен: Қуръон мажлисини йўқотишиб ўрнига қуруқ гап қилиб ўтиришибди, дейишмоқда — дедим. Шунда устоз: Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!—деди. (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251 – Б.)

Имом Заҳабий келтирган бу воқеани имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Табақот”да келтириб қуйидагича қўшимча ҳам қилган:

Ўзларини илм-фан одами ҳисоблайдиган кўпчилик шу гапга осилиб олган. Улар шогирдларига сабоқ беришда шу гапни такрорлашдан ҳеч чарчашмайди. Бунинг таъсирида шогирдлари устозининг ноҳақ фикрларини ҳам ҳақ деб ҳаёл қилишади.  Устозларини гуноҳдан маъсум деб ўйлашади ва кўр-кўрона тақлид балоси билан яшашади. Уларнинг онгги заҳарланиб аҳмоқ бўлиб қолишган. У бечоралар устозларининг ҳаводан олиб гапирган шариатга зид гапларини очиқ-ойдин кўриб-билиб туришган бўлса ҳам, ўша даҳшатли гапнинг оқибати уришидан қўрқиб устозларига мухолафат қилишга журъатлари етмайди. (Имом Субкий. Табақот ул-кубро. 4 – Ж. 146-147 — Б).

Энди юқоридаги қоидага имом Заҳабий раҳматулоҳи алайҳнинг муносабатини кўринг:

Агар мурид ўз устозини (худди пайғамбарлардек) исмат соҳиби деб эътиқод қилса ва унинг хато қилиши мутлақо мумкин эмас деб ишонса, бу ҳолатда устозига унинг бирор иши юзасидан эътирозий тарзда “нега ундай?” деб савол бериши тўғри бўлмайди. Аммо, унинг шайхи исмат соҳиби бўлмаса-ю ва у устозига “нега ундай?”  деб савол бериш мумкин эмас деб ҳаёл қилса, унинг ўзи (устозининг хатолари юзасидан изоҳ талаб қилмагани учун) асло барака топмайди! Аллоҳ таоло Моида сурасида “яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” деган. Аср сурасида “бир-бирларини ҳаққа чақирганлар”, деган. Балад сурасида “бир-бирларини меҳр-шафқатга чақирганлар”, деган. Ҳа, албатта, орамизда феъли оғир бахтсиз муридлар ҳам бор. Улар доим эътироз билдиришади холос. Ҳаққа эргашиш қўлларидан келмайди. Гапиарверишади-ю ўзлари амал қилишмайди. Аслида худди шулар барака топишмайди! (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251/252 – Б.)

Хатиб Бағдодий айтишича, у кишига Муҳаммад ибн Юсуф ал-Қаттон Нисобурий Абу Абдураҳмон Сулламийнинг ишончсиз ва сўфийлар орасида ҳадис тўқиб юрадиган ёлғончи шахс бўлганини айтган экан. (Тарихи Бағдод. 2 – Ж. 248 – Б). Бунга кўра, ўша қоида ҳам аслида Абу Саҳл ас-Суълукий томондан айтилмаган, аксинча Сулламий тарафдан тўқиб чиқарилган уйдирма бўлиши ҳам эҳтимолдан соқит эмас.

Муҳаммад Ходимий ҳазратлари ҳам “Бариқа”да матн соҳибининг устоз олдидаги талаба бурчларини санаш жараёнида: “و لا يرد عليه كلامه” (устознинг гапига рад қилмайди) деб келтирган сўзига ўзи томондан: “و لو فاسدا” (гарчи нотўғри бўлса ҳам) деган қайдни илова қилиб қўйган. Бундан умумий олганда “устознинг сўзи гарчи шаръан фосид бўлса ҳам, унга рад қилиш шогирдга жоиз эмас”—деган хулоса чиқади. Устозининг хатоларига кўз юмувчилар балки бунга ҳам таянар. Аммо шориҳнинг ўзлари кейинроқ: “устознинг шариатга хилоф ишини билган толиб устозига очиқча рад қилмасдан, таъризан ишора йўли билан унинг хатосини айтиши керак”—деб тайинлаб қўйганлар.

Демак, толиби илм устозидан ноҳақ деб туюлган бирон гапни эшитса, унинг дилини оғритмасдан гўзал услубда ундан бунинг изоҳини, далилини сўраши шарт. Шариатга, аҳли сунна эътиқодига, мазҳабимизга, муқаддам уламолар қолдириб кетган илмий манбаларга очиқ-ойдин тескари фикрларига гувоҳ бўлса-ю, бироқ устоз билиб гапиради, эътироз билдириб назаридан қолмай, деб жим юриши мутлақо тўғри бўлмайди. Шунингдек, устоз ҳам шогирдига фикрини эркин баён қилиши учун имкон бериши, уни эшитиши, хатосини англаб етганда эса тан ола билиши керак. Ҳатто шогирдига танқидий назар учун йўл очиб бериши лозим бўлади. Зотан салафи солиҳларимиз шундай бўлганлар.

ТАРИХДАН МИСОЛ

Тарихга назар солсак, дини ва эътиқодини соғлом сақлаш учун Аллоҳнинг розилигини истаб хатокор устозларига қарши боришга ўзларида журъат топа олган ҳидоятлик олимларнинг борлигига ҳам гувоҳ бўламиз:

Аҳли сунна вал-жамоа ақидавий йўналишининг бош етакчиларидан бири ҳазрати имом Ашьарий раҳматуллоҳи алайҳ суннийлар ҳонадонида дунёга келган. Аммо дин илмларини мўътазилий олимларидан олади. Абу Али Жубоий у кишининг энг улуғ устозларидан бири эди. Абу Али Жубоий кўплаб илмий баҳс-мунозараларга ишонган шогирди имом Ашъарийни етаклаб у кишининг илми ва сўзамоллиги воситасида сунний мунозарачиларини мот қилиб қайтарди.

Имом Ашъарий ўзи эътироф қилиб айтадики, бир кун устозим ўргатган эътиқод—мўътазилаликдан қониқмай қолганимни ҳис қилдим ва узоқ ўйланиб бу ақиданинг тўғри эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бунга устозим билан бўлган бир баҳсимиз сабаб бўлган эди.

Ўшандан кейин бир қанча вақт кўпчиликка қўшилмадим. Аллоҳдан ҳидоят сўраб уйимда ибодат қилдим. Ва бир жумъа куни Басра шаҳридаги жомеълардан бирида минбарга чиқиб бор овозим билан жамоаатга дедим:

Ҳалойиқ! Мени таниган-у танимаганлар! Билиб қўйинглар, мен фалончининг ўғли фалончи илгари Қуръон махлуқ (яратилган), Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш имконсиз, ёмонликларни Аллоҳ яратмайди, деб эътиқод қилардим! Шу бугундан бошлаб бу бузуқ ақидадан тавба қилдим! Қуръон махлуқ эмас! Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш мумкин! Яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ яратади! Ва мен шу бугундан бошлаб мўътазилаларнинг эътиқодларини бузуқлигини исботлашга бор кучимни сарф этаман! Сизлар шоҳид бўлинглар!

Яна бир мисол, ёшлик чоғидан Ибн Таймия ва Ибн Қаййим ал-Жавзияларга чин дилдан ихлос қўйиб, уларга ҳавас билан мутобаъат қилган Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ кейинчалик, устозлари ўргатган “бирданига уч талоқ қилинганда, бир талоқ бўлади” деган фикридан қайтади ва шу мавзуда устозлари Ибн Таймия ва Ибн Қаййимларга ҳатто раддиялар ёза бошлайди. Бунинг сабаби: бу икки олимнинг ижмоъи умматга хилоф фикрлар билан янгиликлар пайдо қилиши бўлган. У киши ўзининг айни “уч талоқ” мавзусида ёзган “Баёну мушкули-л-аҳодийс ал-варида фи аннат-талоқас-саласа ваҳида” номли рисоласида шундай дейди: «Аёл кишига қовушгандан кейин, бирданига “уч талоқ”, деса, бир талоқ тушади” деган гап на бирорта саҳоба ва на тобеъин ва на улардан кейинги, сўзи мўътабар бирорта олимдан ҳалол-ҳаром мавзусидаги фатволарида собит бўлмаган”. (Аллома Зоҳид Кавсарий. Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ, 35/бет).

ХУЛОСА

Хулласи калом, устоз-у муршидларнинг қадри баланд ва ҳақлари бисёрдир. Шу билан бирга ҳеч кимнинг ҳавойи истаклари шариат билан бўйлаша олмас!

Аллоҳнинг розилиги бандасининг ҳурсандлигидан аълодир!

Иймон-эътиқодни соғлом сақламоқ ҳар қандай манфаатдан олийдир!

Шариатнинг риояси учун одамлардан яккаланиб қолган шахс аслида Аллоҳ билан биргадир!

Устози ё пирининг хато эътиқодини қабул қила олмаган мурид ва толибларни “устозга оқ” бўлиш билан айблаган мутаассибларнинг ўзлари аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотнинг суннатларини умматга ёйган салафи солиҳ уламоларга оқ бўлгандир!

Илоҳий қонун бузилган чоғда бандасининг юзи учун жим ўтирган толиб ё мурид устозига ҳам, пирига ҳам, динига ҳам хоинлик қилган бўлади!

Шогирдларини танқидий назардан маҳрум этиб, фақат ўзигагина садоқат руҳида тарбиялаб манқуртга айлантириб қўйган устоз-у пирлар ва уларнинг фидойи талабалари дин учун фасод ва мусулмонлар учун улкан фитнадир!

Ватандошимиз Бурҳонуддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек:

فساد كبير عالم متهتك            *                 و اكبر منه جاهل متنسك

هما فتنتان للعالمين عظيمة      *                 لمن بهما في دينه يتمسك

Энг катта бузғунчи амалсиз олим,

Жоҳил мутаасиб ундан-да бадтар.

Динида уларга бўлганга таслим,

Дунёда энг улкан фитнадир улар.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид