130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Вафот қилганларга қироат қилиш ёки хайр-эҳсон қилиш (2)
imon.uz 2024-10-11 01:40:04 140Машҳур ҳадисшунос олим, ҳофиз, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган “Фатҳ ал-Борий” номли кўп жилдлик шарҳи билан шуҳрат қозонган аллома Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур “Нажм” сурасининг 39-ояти борасида саккизта фикрни келтирганлар. 1) Мазкур оят “Тур” сурасининг 21-ояти билан мансух бўлган, ҳукми бекор қилинган; 2) Бу оятдаги гап Иброҳим алайҳиссалом ва Мусо алайҳиссаломнинг қавми учун айтилган. Мусулмон уммати учун эса бошқаларнинг саъй-ҳаракатларидан фойда олиш фазилати мавжуд. Бунга гўдакнинг ҳажи тўғрисидаги ҳадис далил бўлади. Унда: “Ажр-савоби сен учундир!”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса “Онам вафот қилди. Унинг номидан садақа қилсам, ажр унга етадими?”, деб сўралганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, ажр-савоб сенга ҳам етади”, деганлар. Бу икки ҳадис ҳам саҳиҳдир; 3) Оятдаги инсондан мурод кофирдир. у дунёда қилган хайрли амалларига мукофот олади, лекин бошқа бировнинг қилган ишининг савоби унга асло етиб бормайди; 4) Бу оят одамларнинг ичидаги махсус кимсалар учун нозил қилинган. У мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай бўлиб, у вафот қилганида, уни кафанлаш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кўйлакларини унинг ўғлига берганлар. Бу унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос разийаллоҳу анҳуга кўйлак кийдиргани эвазига эди; 5) Одамзот учун адолат юзасидан фақат ўзи саъй-ҳаракат қилган нарсаси бўлади. Аммо-лекин-бироқ, фазлу ато юзасидан эса Аллоҳ таоло ўзи истаган кимсасига хоҳлаган савобларни етказиб бераверади; 6) Оятдаги “ли” қўшимчаси “ъала” маъносида. Яъни, бошқа бировнинг жиноятига бу жазо олмайди, бироқ, бировнинг савобига эгаси рози бўлганда, шерик бўла олади; 7) Оятнинг зоҳири шундай. Бироқ, саъй-ҳаракат дегани ўзи билан ҳам бўлади, бошқа биров ёрдами билан ҳам бўлади. Бу бир сабабдир. Диний ишларни барпо қилишда саъй-ҳаракат қилгани каби, дин аҳли уни яхши кўриб уни дуо қилгани каби ишларда муҳаббат сабаби ҳосил бўлади. Ушбу саъй-ҳаракатлар тириклар ёрдамида бевосита ҳам бўлиши мумкин, ўлганлар томонидан восита билан ҳам бўлиши мумкин; 8) Оятдаги саъй-ҳаракат бу ерда “ният” маъносидадир. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу жавоблардан бешинчисини энг мақбули деб ҳисоблаганлар.
Савоб вафот этганларга етиб боришини инкор қилувчиларнинг ҳадисдан келтирадиган далиллари ҳам бор. У ушбу саҳиҳ ҳадиси шарифдир:
إذا مات الإنسان إنقطع عنه عمله إلا من ثلاثة الا من صدقة جارية او علم ينتفع به او ولد صالح يدعو له
“Қачон инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. Фақат учта ҳолат бундан мустасно. Садақаи жория – ватандошларига аталган савобли ишлар, унга фойда берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).
Бироқ, мазкур ҳадис ҳам инкор қилувчилар фикрларининг аксини исботлайди. Чунки, солиҳ фарзанд Қуръон ўқиб, унинг савобини ўтган ота-онасига етишини дуо қилса-чи? Мазкур ҳадисга кўра, солиҳ фарзанднинг бу дуоси албатта ижобат бўлиб, вафот этган инсонга етиб боради. Шунинг учун, “Шарҳ ал-Ақидат ат-Таҳовия”да вафот этганлар тирикларнинг саъй-ҳаракатларидан манфаат олишининг иккита ақлий далили бор, дейилган. Уларнинг биринчиси, вафот этиб кетган одамнинг ўзи шунга сабабчи бўлганидир. Яъни, солиҳ фарзандлар қолдиргани, хайрли ишларни кўп қилгани сабабли одамларнинг кўнглида қолганидир. Иккинчиси, тирикларнинг ўз ихтиёрлари билан қилган саъй-ҳаракатларидир. Чунки, бу ҳадисда вафот этган инсоннинг ўз амали борасида сўз юритилган. Тирик инсоннинг эса амали кесилиб тўхтатилмас экан, демак, савобли ишларни ўтганлар руҳига бағишлаш иши ҳам кесилиб тўхталилмайди.
Ҳаётдаги инсонларнинг савобли ишлари ўтганлар руҳига бағишланганда, савоб етиб бормайди, дегувчиларнинг ақлий далиллари дуо қазони, яъни тақдирни ўзгартира олмайди, дейишларидир. Ҳолбуки, тақдирга мувофиқ қилинган дуо қазо-қадарни ўзгартириши, умрни узайтириши, бало-офатларни ҳам қайтара олиши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ томонидан “ал-Жомеъ ас-сағир” асарларида: الدعاء يردّ البلاء – “Дуо балони қайтаради”, деган ҳадис ривоят қилинган. Айнан ўтганлар руҳига атаб дуо қилишни эса бизга Қуръони карим ўргатган. Унда қуйидаги ояти карима мавжуд:
وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр, 10).
Вафот этган мусулмонларга жаноза намозини ўқиш фарз амал бўлиб, унинг асл маъноси дуодир. Жаноза намозида эркакларга, аёлларга ва ёш болаларга алоҳида-алоҳида дуолар муқаррар қилинганидан бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.