130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ёлғончи мўмин ҳисобланадими?
imon.uz 2024-09-17 03:41:51 182Мўмин
киши тўғри сўзли, мушоҳадали, ҳар бир айтаётган сўзини аввал ўйлаб, ушбу гапи
ёлғон, бўҳтондан холи эканлигини таҳқиқлаб сўнгра ўрнини топиб гапириши лозим.
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасини 105-оятида:
«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон
келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир», деб марҳамат қилган.
Бу ояти
каримада аслида ёлғон фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдиган амал эканлиги
уқтирилаяпди.
Чунки
кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у
дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар.
Мўминлар эса, ёлғонни катта гуноҳ, деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли
охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.
Кўп
холатларда, одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон ёлғончининг
ўзига маънавий зарар келтиради, холос, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса,
ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи
аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида
биринсирин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.
Шу
сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор
берилади. Унга қарши курашилади.
Имом
Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз
соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир
гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади»,
дейдилар.
Имом Абу
Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу
қуйидагиларни келтирадилар:
«Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга:
«Бу ёққа
кел, сенга бир нарса бераман», деди.
Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан:
«Унга
нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар.
«Хурмо
бермоқчи эдим», деди.
Шунда
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар
бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар.
Ушбу
икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар
бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган
мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз
эканлигини билиб оламиз.
Ёлғон
фақат ёлғончининг ўзига эмас, ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас,
балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир.
Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда
бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган.
Имом
Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу
айтадиларки:
«Эй
Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди.
«Ҳа»,
дедилар.
«Эй
Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди.
«Ҳа»,
дедилар.
«Эй
Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди.
«Йўқ»,
дедилар».
Ушбу
ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам
гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид
қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу
икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон
нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини
таъкидламоқдалар.
Бу
фикрни Имом Байҳақий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам
қувватлайди. Бу ҳадисда:
«Ёлғон
иймондан четлатувчидир», дейилади.
Иймон
нима, иймонсизлик нима - фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта
бадбахтлик эканлиги маълум. Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда,
айтмоқ лозимки, бу иллатлар кимда мавжуд бўлса, энг аввало, ўша одамнинг ўзи
зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу
қўрқокдик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ
зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.
Исломда
банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Аввалги
бобларда ҳам таъкид этганимиздек, ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир
гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин.
Бироқ,
бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча,
Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса, кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай
гуноҳлар қаторига киради.
Демак,
бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар
экан.
Демак,
ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга
келтирадиган зарарининг даражаси, микдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.
Мақола “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби
асасида тайёрланди.