ЮМШОҚ ФЕЪЛЛИК

ЮМШОҚ ФЕЪЛЛИК

imon.uz 11-06-2020 545

Одамлар билан хушмуомала бўлиш Аллоҳ таоло ҳузурида маҳбуб амаллардан бўлиб, бунинг учун ҳам кўплаб ажру савоб берилади. Бу борада ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ҳадис ривоят қилин-ган:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша! Аллоҳ таоло мулойим, У мулойимликни яхши кўради. У қўполлик ва бошқа ишларга бермайдиган ажрни юмшоқ феълликка беради”, дедилар”.

(Имом Муслим ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мулойимлик қайси нарсада бўлса, унга зийнат бағишлайди ва қайси нарсадан суғириб олинса, унда айбни пайдо қилади”, дедилар. 

(Имом Муслим ривояти)

Хушфелликдан мурод – ғазабга мағлуб бўлиб, қўпол сўзлаш ва жаҳл қилишдан тийилиш, инсонлар билан ширинсухан бўлиш ва мулойим муомала қилишдир. Киши кимнингдир гапини бўлмоқчи ёки эътироз билдирмоқчи бўлса, бу ишни қўполлик қилмай, хушмуомалалик ва хокисорлик билан амалга ошириши лозим. Агарчи, тарбия бериш мақсадида ёшларга ғазаб қилишга тўғри келса ҳам, бу ишда мўътадиллик чегарасидан чиқмаслик талаб этилади.

Шунингдек, инсонлар билан сўз ўйини қилиб тортишмаслик, жанжаллашмаслик ва имкон қадар яхши гумон қилиш ҳам хушмуомалаликка киради. Олди-сотди ва бошқа муомалаларда ҳам жанжал ва тортишув қилмай, тинч йўл билан муросага бориш лозим. Агар, томонларнинг савдодаги муомаласи шариатга зид бўлмаса – қабул қилинади. Акс ҳолда эса – тарк қилинади. Бунда, ўз фикрини қабул қилишга бошқаларни мажбур қилиш яхши иш ҳисобланмайди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақ талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин!”, дедилар”. 

(Имом Бухорий ривояти)

Ҳазрати Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Аллоҳ таоло ҳузурига Ўзи бойлик берган бандаларидан бири олиб келинди. Аллоҳ таоло ундан сен дунёда нима амал қилдинг?”, деб сўради. У: “Бандалар Аллоҳ таолодан бирор гапни яшира олмайдилар. Эй Роббим! Сен менга бойлигингдан бердинг. Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим ва одатим кечиб юбориш эди. Бойга енгиллик, камбағалга муҳлат берар эдим”, деди. Аллоҳ таоло: “Мен у амалга сендан кўра ҳақлироқман”, деб (фаришталарга ҳукм қилиб): “Бандамни (гуноҳларини) кечиб юборинглар”, дейди”. Уқба Ибн Омир Жуҳаний ва Абу Масъуд Ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай эшитганмиз, дейишган. 

(Имом Муслим ривояти)

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки унинг қарзидан кечса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Ўз Арши сояси остида уни соялантиради”, дедилар”.

(Имом Термизий ривояти)

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Унинг отаси яшириниб юрган қарздорни излаб топиб олди. Шунда у: “Қийналиб қолганман”, деди. Абу Қатоданинг отаси: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳга қасамки” деб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунининг машаққатларидан Аллоҳ таоло уни халос қилмоғи кимни хурсанд қилса, қўли калта кишига муҳлат берсин ёки уни қарзини кечсин” деяётганларини эшитганман”, деди”. 

(Имом Муслим ривояти)


Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид