АЁЛЛАР ИШЛАШИ КЕРАКМИ Ё ЙЎҚМИ?

АЁЛЛАР ИШЛАШИ КЕРАКМИ Ё ЙЎҚМИ?

imon.uz 2021-11-21 11:14:58 711

Аёллар ишлаши керакми ё йўқми, деган муаммо бугунги кун оиласи учун муҳим бўлиб турибди. «Бугунги кун» деб таъкидлашимизнинг боиси, авваллари бундай муаммо бўлмаган. Аёллар уйда ўтирганлар. Бироқ, бу ишламаганлар, дегани эмас. Аёллар уй юмушлари, фарзанд тарбияси билан шуғулланишдан ташқари маълум бир ҳунар билан банд бўлганлар.

Масалан, каштачилик, дўппичилик... каби. Ундан ташқари аёллар ишлаши керакми ё йўқми, деган масала фақат шаҳарга хос. Қишлоқларда бундай масала йўқ.   Эркак далада кетмон чопиб, аёл уйда пашша кўриб ўтирмайди. Эр билан баравар ишлайди.

Фарзанд тарбияси ҳам шу меҳнат жараёнида олиб борилади. Хўш, бугун шаҳар оиласида аёл ишлаши керакми ё йўқми? Бу саволга ҳар бир оила ўз шароитидан келиб чиқиб жавоб бериши зарур. Энг муҳими, аёлнинг нима иш билан шуғулланишига жиддий эътибор бериш керак.

Аёлларни оғир ва соғлиқ учун зарарли ишлардан эҳтиёт қилишимиз керак. Бугун аёлларни қурилишдами ёки заводдами оғир ишларни бажараётганини кўрамиз. Ҳатто яқин ўтмишда тракторга ҳам миндириб қўйиб, уни олқишлаганмиз. Аёлларни жисмоний оғир ва зарарли ишларда ишлашлари биз – эрлар учун уят эмасми?!

Бухородаги сайёҳларга тарихдан ҳикоя сўзловчилар зардўзлик санъати ҳақида гапира туриб, «қадимда зардўзлик билан фақат эркаклар шуғулланганлар, аёлларни менсимаганлар, уларга ишонмаганлар», деб изоҳ беришади. Бу нодонларча изоҳга сайёҳлар, албатта, ишонадилар.

Ҳолбуки, у замонларда эрлар аёлларни эҳтиёт қилганлар. Аввало бу иш анча машаққатли. Иккинчидан, зардан турли чанг кўтарилади аёлнинг саломатлигига таъсир қилади.   Яқинда бир биродаримизнинг аёли вафот этди.

Шунда биродаримиз «аёлимни ишлатмасам бўларкан, барвақт ўлмас эди», деб қолди. Унинг аёли босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишларди. У пайтлар «линотипчи» деган касб эгаси, яъни ҳарф терувчининг шундайгина ёнида қўрғошин қайнаб турарди. Ишда орттирилган касаллик охири кучини кўрсатди.

Бу масалада айрим биродарларимиз сал кескинроқ фикр билдириб, «ишлайдиган аёлларнинг бузилишлари осонроқ бўлади», дейишади. Бу фикрга қўшилиш қийин. Бузиладиган аёл уйида ўтириб ҳам бузилаверади. Бошқа биродарларимиз ишламай уйда ўтирган аёлларнинг дунёқараш тор, савияси пастлашиб кетади, дейдилар. Бу ҳам бир ёқлама тўхтам.

Дейлик бир хонада олти аёл ишлайди. Биттаси китобхон, бошқалари китоб деса, боши оғрийдиган тоифадан. Ўша китобхон аёл жаҳон адабиётидан гапирса, қолганлар эшитишадими? Эшитишмайди. Уларга бундан кўра ғийбат афзал. Ғийбатдан лаззатланишади. Оқибатда ўша китобхон аёлни ҳам ўз қаторларига қўшиб олишади.

Агар уйда ўтирган аёлларнинг савияси паст бўлса, Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегим...лар дунё адабиёти тарихига жавоҳир тўкармидилар?   Ишлаш масаласини ҳал этишда ҳар икки томон кескин талаблардан воз кечиб, ва саломатлигига ўша шароитдан келиб чиққан ҳолда муроса қилганлари маъқул. Бу масалада бир оила иккинчисига намуна бўла олмайди.

Тохир Малик "Келинлар дафтарига" китобидан.

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид