130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Муносиб келин
imon.uz 2024-09-23 01:10:25 88«Ё Расулаллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», – дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».
Демак, эр назар солса, кўнглини хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.
Бу таъриф аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрларининг кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, бу ерда шаръий рухсат берилган ишлар доирасидаги итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас. Чунки Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин, оила аъзолари, жумладан, аёл киши унга итоат қилиши керак. Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлишни истаган аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу хилоф туфайли оилада уруш-жанжал чиқиши, эр‑хотиннинг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.
Яна, аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлларнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этишлари лозим. Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши. Шунда эрнинг кўнгли тўқ бўлади, муҳаббат қўяди, бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўл-са, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар риво-жланади.
8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик. Чунки кўпхотинлиликнинг машмашаси ҳам кўп бўлади, шартларини бажо қилиш ҳам осон эмас.
"Бахтиёр оила" китобидан.