Баҳона қилманг!

Баҳона қилманг!

imon.uz 2022-10-14 01:49:22 195

Масжидга кетаётган йигит йўлда оғайнисини учратиб қолди ва улар ўртасида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:

- Намозга юр!

- Аллоҳга дуо қил, менга ҳам инсоф, ҳидоят берсин! Бўпти, мен юрдим.

- Қаерга кетяпсан?

- Ишга.

- Бормай қўявер. Аллоҳга дуо қилиб, сенга ризқ сўрайман.

- Тўғри, дуо қиласан, лекин ҳаракат ҳам қилиш керак-ку. Ишга бормасам, пул мени излаб уйимга келмайди-ку!

- Пул топиш, ризқ уйингга келиши учун ишга боряпсан, яъни сабабларини қиляпсанми, демак, инсофга келиш, ибодатни бошлаш учун ҳам ҳаракат қилиш, масжидга бориш, китоблар ўқиб, илмини ошириш, бир сўз билан айтганда, ҳидоят ва инсофнинг сабабларини қилиш керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олур ва Ўзигагина тавба қилувчи кишини ҳидоят қилур» (Шууро сураси, 13-оят).

Ижтибо ва ҳидоят

Биринчиси: Аллоҳ таоло айтганидек, У зот бандаларидан Ўзи хоҳлаганини танлаб олиб ўзига жалб қилиши билан содир бўлади. Иккинчиси эса, банда илм–маърифат, тоат–ибодатлар ва зикрлардан иборат узун йўл орқали Аллоҳ таолога тавба қилиб қайтиши ва У томонга юриб бориши билан амалга ошади. Демак, кимни танлаб олиш, бу Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ, шунинг учун бу йўлни танлашда инсоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини танлаб олиб, хослаб берадиган фазлдир.

Инобат ва ҳидоят

Иккинчиси: Аллоҳ таоло инобат ва ҳидоят йўли деб номлаган ҳамда уни Аллоҳ таоло инсонларнинг ҳаёт тарзи ва ихтиёрларига боғлиқ қилиб қўйган. Ана шу йўлдаги жидду-жаҳд қилишлари, меҳнатлари ва интилишларига яраша У зотдан ҳидоят келади.

Хулоса қилиб айтсак, турли баҳоналар билан умримизни беҳуда ўтказмай, Аллоҳ таолога ибодат қилиш, У Зотни зикр қилиш билан Унинг розилигини топишга ҳаракат қилайлик! Унинг ризосига эришишга сабаб бўладиган амалларда бардавом бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид