ФАҚАТ БОЙЛИКНИНГ ЎЗИ БАХТ КЕЛТИРАДИМИ?

ФАҚАТ БОЙЛИКНИНГ ЎЗИ БАХТ КЕЛТИРАДИМИ?

Mimon.uz 2026-07-31 01:26:28 22

Ҳамма ўйлаган ниятларимга етсам, истаган нарсам муҳайё бўлса, бойиб кетсам, бахтли бўламанми?!” Бундай гап кимларнинг хаёлидан ўтмаган дейсиз!

Ҳақиқатан ҳам одам ҳамма тилагига эришса бахтли бўлиб қоладими? Ҳамма нияти сўзсиз, пайдар-пай амалга ошаверса, ҳаёт зерикарли бўлиб кетмасмикан!

Масалан, биз ўзимизни ўтган асрларда яшаган одамларга қараганда бахтлироқ ҳис қилишимиз учун кўплаб асослар бор. Масалан, ҳозир тиббиёт нисбатан кўпроқ ривожланган – илгари бедаво ҳисобланган касалликлар ҳозир тезроқ ва осонроқ даволанмоқда. Таълим соҳасида ҳам жуда илғор. Ҳар жабҳада қулайликлар кун сайин ортиб боряпти, лекин камроқ ишлаяпмиз.

Хўш, бугунги давр одамининг бахтлилик даражаси ортиб қолдими? Жуда қийин савол...

Баъзилар Аллоҳ таоло ато этган жон, саломатлик ва хотиржамликни қадрламайди, ҳатто бу буюк неъматларни менсимайди. Ўзида бор нарсаларни “табиий” санайди.

Қаноат, боридан унумли фойдаланиш ва ўткинчи орзуларга берилишдан тийилиш – бу буюк шахс бўлиш асоси ва қийин шароитлардан муваффақият билан чиқиш сиридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуёш чиққан кун борки, унинг ёнида икки фаришта Ер аҳлига нидо қилади. Фақатгина сақалон (инсонлар ва жинлар) мустасно (яъни, улар буни эшитмайди). (Улар айтади:) “Эй инсонлар, Раббингиз томон шошилингиз. Чунки оз ва етарли бўлган нарса кўп ва адаштирувчи бўлганидан яхшироқдир. Қуёш ботган кун борки, унинг ёнида икки фаришта нидо қилади: “Аллоҳим, инфоқ қилувчига эваз бергин ва зиқнага йўқотиш юборгин” (Ҳайсамий ривояти).

Ҳадисда қаноат билан бўлган оз нарсанинг адаштирувчи кўп нарсадан яхшироқ экани баён қилинмоқда. Бу башоратли ҳадиснинг асосий мақсади мўминларни йўқчиликдан қўрқмасликка, зарурий эҳтиёжларни қондиришнинг ўзи билан кифояланишдан чўчимасликка ундаш, яхшилик қилишга даъват этиш ва инфоқ-эҳсон борасида уларнинг шижоатини оширишдир.

Ҳадис сўнггида сахийларга мукофот ваъда қилинмоқда, хасисларнинг жазоланиши огоҳлантирилмоқда. Албатта, ўз эгасини бадавлат қилган, бошқаларнинг эҳтиёжларига яраган, инфоқ-эҳсонга сарф қилинган бойлик баланд даражадир. Ҳадисда бунга эътироз билдирилмаган. Сахийлар саховати эвазига ажр олади. Бахиллик қилганлар зиқналик билан мол-дунёсини ҳар қанча тежамасин, охири уни қўлдан чиқаради – ҳам баракадан маҳрум қолади, ҳам ажру савобдан мосуво бўлади.

Бахтга эришишда моддий неъматларнинг ўзига яраша ўрни бор, албатта. Буни инкор этиб бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши аёл, яхши маскан, яхши улов Одам боласининг саодатидандир”, деганлар. Масаланинг моҳияти шуки, мол-давлат инсонни бахтли қиладиган биринчи даражали омил эмас. Чнуки, у бахтни тўлиқ, тўкис таъминлаб бера олмайди. “Бойлар ҳам йиғлайди” деган гап бежиз айтилмаган.

Америкалик бир шифокор ҳаётда зарурати кўп эътироф қилинган, инсон учун ҳузурбахш бўлган, уни бахтли қиладиган нарсаларни жадвалга солибди. Саломатлик, муҳаббат, ҳадялар, куч-қувват, обрў-эътибор, мансаб-мартаба, нуфуз ва шуҳрат каби истакларни баён қилиб, доно бир устозга тақдим қилибди. Устоз: “Дўстим, жадвал гўзал чиқибди, яхши тартиблaнибди, аммо зарур ва муҳим бўлган, унингсиз жадвалингиз бекор бўладиган бир унсурдан ғафлатда қолибсиз”, дебди ва жадвалга мана бу икки сўз ёзиб қўйибди: “нафс хотиржамлиги”. “Бу Яратганнинг суйган бандаларигагина ато этадиган нарсасидир, - деб давом этибди устоз. - Соғлик, мол-дунё, мансаб, шуҳрат ва бошқалар – ўткинчи. Буни ичимдан тўқиб айтаётганим йўқ. Донишлар: “Ё Парвардигор, дунё неъматларини кимларнинг қадамлари тагига ташласанг ташлайвергин, менга эса изтиробга тушмайдиган қалб ато этгин”, дер экан”.

Мусулмон оламида бойлик ҳақида турлича фикрлар билдирилган. Баъзилар: “Ислом бойликни қоралайди, ҳадисларнинг аксарига қаранг, бойлик зарарли эканлиги айтилган, шунинг учун иложи борича инсон қашшоқ бўлиши керак!” деган сўзларни айтса, бошқа тоифа: “Ислом тарихида жуда кўп бадавлат кишилар ўтган, жаннатга тушишини ҳаётлик чоғидаёқ эшитган ўнта саҳобанинг ярмидан кўпи бой бўлган, нима учун ислом бойликни қоралар экан, аксинча, мусулмонлар қанча бой бўлишса, шунча яхши”, дейди.

Етук уламолар ислом бойликни қораламаслиги, мусулмонлар орасида бой-бадавлат кишилар кўпайгани яхши эканини айтади. Демак, бойлик ҳам, камбағаллик ҳам бахтли бўлишга таъсир кўрсатмас экан. Негаки, униси ҳам, буниси ҳам инсонларга синов учун берилган. Яъни, инсонга мол-дунёси кўпайганда (шукр) ва аксинча, камбағалликка учраганида (сабр) Аллоҳ таолони зикр этиш ва унга итоат қилишда бардавом бўлиши ёки буни тарк этишига қараб бахт – хотиржамлик, ҳаловат ва қаноат берилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчасига – мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингиз неъматидан ато этамиз. Парвардигорингиз неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмайди (Исро сураси, 20-оят). Бошқа бир оятда: “Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер. Аммо, қачонки, (Парвардигори) уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, дер” (Фажр сураси, 16-17-оятлар) деб марҳамат қилган. Демак, “Аллоҳ таоло бойликни суйган бандасига беради”, “Худога ёққан жойим борки, беряпти” деган тушунчалар хато экан. Аксинча, моддий неъматлар кам берилса, бу Аллоҳнинг ғазабини билдирмас экан. Булар ҳаммаси имтиҳон, синов учундир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: Аллоҳ орангизда хулқларингизни тақсимлаганидек, ризқларингизни ҳам тақсимлаган. Аллоҳ мол-дунёни Ўзи суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам бераверади. Аммо дин(да собитлик)ни фақат суйган бандасига ато этади. Аллоҳ кимга динни берган бўлса, демак, ўшани яхши кўрибди (Аҳмад, Ҳоким, Табароний ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойлик матоҳнинг кўплиги эмас, балки назарнинг тўқлигидадир”, дедилар”.

Хулоса шуки, ҳеч бир замон ва маконда БАХТ бойлик ё камбағаллик билан ўлчанмаган ва хосланмаган. Бахтли яшаш учун биргина қоида бор: Аллоҳ таолонинг буюргани ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшаш! Зеро, бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳдан! Буни идрок этганлар иқтисодий аҳволи қандай бўлишидан қатъи назар, ҳаловат ва фароғатда яшайди. Чунки тавфиқ ҳам Яратганнинг Ўзидандир. Яъни, муваффақият, кушойиш, енгиллик ва ёрдам Аллоҳдан бўлиб, инсон илоҳий мададсиз кўзлаганига етиша олмайди. Уламоларнинг машҳур асарларида кўп боблар бежиз التوفيق من الله – “Тавфиқ Аллоҳдандир!” сўзлари билан якунланмаган.

 

Баҳодир МИРЗАЕВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид