РАДИКАЛ ОҚИМЛАРНИНГ АҚИДАВИЙ ДАЪВОЛАРИ ВА УЛАРГА АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ИЛМИЙ РАДДИЯЛА

РАДИКАЛ ОҚИМЛАРНИНГ АҚИДАВИЙ ДАЪВОЛАРИ ВА УЛАРГА АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ИЛМИЙ РАДДИЯЛА

Mimon.uz 2026-07-31 01:29:31 6


Кириш

Ислом дини инсониятни адолат, маърифат, бағрикенглик ва маънавий камолотга чорловчи илоҳий таълимот сифатида намоён бўлади. У инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган мукаммал низом бўлиб, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳурматни таъминлашни мақсад қилади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад суннатлари ислом ақидаси ва шариатининг асосий манбалари ҳисобланиб, улар инсонни ифрот ва тафритдан[1] сақлайдиган ўрта йўл – мўътадиллик, мувозанат ва ҳикматга даъват этади.

 وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا ۗ

“Шунингдек, сизларни ўрта (мўътадил) уммат қилиб қўйдик, токи одамларга гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар ҳам сизларга гувоҳ бўлсин”. (Қуръон карим, Бақара сураси 143 оят)

Шу билан бирга, ислом тарихи давомида айрим гуруҳ ва тоифалар илоҳий матнларни чуқур илмий методологияга таянмасдан, тор доирада ва ўз ғаразли мақсадларига мос равишда талқин қилиш орқали жамиятда ихтилоф, тафриқа ва зиддиятларни келтириб чиқарган. Бундай ёндашув натижасида дин инсонларни бирлаштирувчи омилдан ажратиш воситасига айлантирилган. Замонавий илмий адабиётларда бундай гуруҳлар “радикал”, “мутаассиб” ёки “ботил оқимлар” деб номланади [2,134].

Айниқса, глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланган ҳозирги даврда ахборот маконининг кенгайиши, ижтимоий тармоқлар орқали текширилмаган ва бирёқлама маълумотларнинг тез тарқалиши айрим ёшларнинг радикал ғояларга мойил бўлиб қолишига замин яратмоқда. Радикал оқимлар ўз ғояларини “соф Ислом”, “ҳақиқий жиҳод”, “ҳукм фақат Аллоҳники” каби таъсирчан шиорлар орқали ниқоблаб, аҳли сунна вал жамоанинг асрлар давомида шаклланган илмий, каломий ва фиқҳий меросини инкор этишга уринади[3,22].

Шу боис, радикал оқимларнинг ақидавий даъволарини илмий асосда таҳлил қилиш, уларнинг Қуръон, суннат ва ислом уламоларининг ижмосига зид эканини очиб бериш, шунингдек, аҳли сунна вал жамоа олимларининг бу каби ботил ғояларга қарши билдирган раддияларини ёритиш бугунги кунда ниҳоятда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу маруза айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, ислом ақидасининг соф манбалари, илмий усуллари ва аҳли сунна вал жамоанинг мутавозин ёндашувини тушунтиришга хизмат қилади.

Исломда соф ақида

Соф ислом ақидаси аҳли сунна вал жамоа доирасида асрлар давомида шаклланган ва ислом умматининг эътиқодий барқарорлигини таъминлаб келаётган мустаҳкам илмий тизимдир. У Қуръони карим, жаноби Пайғамбар Муҳаммад суннатлари, саҳобалар ижмоси ва ишончли қиёсга асосланади. Аҳли сунна вал жамоанинг каломий мактаблари ичида Имом Абу Мансур Мотуридий таълимоти ақида масалаларида нақл ва ақл уйғунлигини таъминлаган мутавозин ёндашув сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Ислом динининг соф таълимотига кўра, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягона экани ақл орқали англаниши мумкин, аммо Унинг зоти ва сифатлари ҳақидаги муфассал маълумот фақат ваҳий орқали аён бўлади. Шу сабабли, Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидек қабул қилинади, уларни махлуқот сифатларига ўхшатиш – ташбеҳ ёки бутунлай инкор этиш – таътил қатъий рад этилади. Бу ёндашув ифрот(мутаасиб) ва тафрит(енгил қараш) ўртасидаги мувозанатни ифодалайди[3,4-21]

Соф ислом ақидасида иймон масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Мотуридий таълимотига кўра, иймон қалб билан тасдиқ қилишдан иборат бўлиб, тил билан иқрор қилиш унинг ижтимоий ифодасидир. Амаллар иймоннинг аслига кирмайди, балки унинг камолотига хизмат қилади. Шу асосда аҳли сунна вал жамоа катта гуноҳ қилган мусулмонни кофир деб ҳисобламайди, балки уни мўмин, гуноҳкор деб баҳолайди ва унинг охиратдаги ҳукмини Аллоҳ таолога ҳавола этади[3,24].

Мотуридий таълимоти жамият барқарорлиги ва ижтимоий тинчлик масаласига алоҳида эътибор қаратади. Унга кўра, фитна, қон тўкиш ва умумий беқарорлик инсон ҳаёти ва жамият хавфсизлиги учун энг катта таҳдид ҳисобланади. Шу боис, Ҳукумдор зулм қилган тақдирда ҳам, унинг зулми кенг кўламли фитна ва қон тўкишдан енгилроқ деб баҳоланади. Бу қараш жаноби Росулуллоҳ нинг жамоат билан бирга бўлиш, сабр қилиш ва ихтилофдан сақланиш ҳақидаги ҳадислари ҳамда саҳобаларнинг амалий тажрибасига асосланади.

Шундай қилиб, Аҳли сунна вал жамоага кўра соф Ислом ақидаси ақл, нақл ва ҳаётий тажрибани уйғунлаштирган ҳолда инсонни адолат, масъулият, бағрикенглик ва маънавий камолотга етаклайди. У радикализма ва мутаассибликка қарши энг мустаҳкам илмий ва маънавий қалқон ҳисобланади[4,86].

Ислом оламида радикал (ботил) деб аталувчи тоифалар

Ислом тарихида пайдо бўлган радикал оқимларнинг илк намунаси сифатида хаворижларни кўрсатиш мумкин. Улар халифа Али ибн Аби Толиб(599-661мил.) даврида пайдо бўлиб, катта гуноҳ қилган мусулмонни кофирга чиқариш, ҳокимларга қарши чиқишни “жиҳод” деб талқин қилиш каби ботил ақидаларни илгари сурган. Хаворижлар Қуръон оятларини зоҳирий маънода тушуниб, суннат ва саҳобалар ижмосини инкор этганлари билан танилган.

Кейинги даврларда турли фирқалар қадарийлар, жаҳмийлар, муътазилийлар ҳам ислом ақидасида оғишларга сабаб бўлган. Замонавий даврга келиб эса “такфирчи” гуруҳлар, “жиҳодий-салафий” деб аталувчи радикал тоифалар пайдо бўлди. Улар ўзларига қўшилмаган мусулмонларни осонликча кофир деб эълон қилиш, мусулмон давлатларини “тоғут” деб аташ, қон тўкишни ҳалол санаш каби хавфли ғояларни тарқатмоқда.

Бу гуруҳларнинг умумий жиҳати шундаки, улар ислом ақидасини мураккаб илмий тизим сифатида эмас, балки шиор ва ҳиссиётлар орқали талқин қилади. Улар уламоларнинг асрлар давомида тўпланган ижтиҳодий меросини рад этиб, “Қуръон ва суннатга тўғридан-тўғри эргашамиз” деган даъво билан чиқишади. Аслида эса бу ёндашув илмсизлик ва мутаассибликка олиб келади.

Радикал оқимлар жамиятда ижтимоий барқарорликка путур етказиб, ислом динининг инсонпарвар моҳиятини соя остида қолдиради. Шунинг учун улар “ботил” деб баҳоланади.

Аҳли сунна вал жамоа олимларининг ботил ғояларга қарши билдирган илмий раддиялари

Аҳли сунна вал жамоа олимлари тарих давомида радикал ва ботил ғояларга қарши мустаҳкам илмий раддиялар бериб келган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа(680-750) хорижийлар ва қадарийларга қарши ақидавий баҳслар олиб бориб, иймон масаласида мувозанатли таълимотни асослаб берган. У зот иймон қалб тасдиғи ва тил иқрори эканини, амал эса иймоннинг камолотига хизмат қилишини таъкидлаган.

Ислом ақидасини ўрганувчи икки машҳур ақида мактаблари асосчилари Имом Абу Ҳасан Ашъарий ва Имом абу Мансур Мотуридий каби буюк уламолар ақида илмини тизимлаштириб, муътазилийлар ва жаҳмийлар каби оқимларнинг даъволарини мантиқий ва нақлий далиллар билан инкор этган. Хусусан, Мотуридий таълимотида ақл ва нақл уйғунлиги асосий ўрин тутади, бу эса ислом ақидасини мутаассибликдан сақлайди. Қуйида мисол тариқасида эътиқод (калом) илми намоёндаларининг ботил тоифалар томонидан илгари сурилган иддаоларга қарши билдирган асосли ва илмий раддияларидан айримлари келтирилади.

1. Имом Абу Мансур Мотуридийнинг муътазилийларга қарши раддияси (ақл ва нақл масаласида)

Муътазилийлар ақлни мутлақ мезон сифатида қўйиб, ваҳийни унга бўйсундиришга уринганлар. Имом Абу Мансур Мотуридий “Китоб ат-Тавҳид” асарида бу қарашни рад этиб, ақл ва нақл бир-бирини инкор этмаслигини, балки уйғун ҳолда ишлаши лозимлигини илмий далиллар билан асослаб беради. Унинг таъкидлашича, ақл Аллоҳнинг мавжудлигини билишга етаклайди, аммо ғайбга оид масалалар фақат ваҳий орқали маълум бўлади[3,45-47,]. Бу раддия радикал ақидапарастликка қарши қаратилган муҳим илмий асос ҳисобланади.

2. Имом Мотуридийнинг жаҳмийларга қарши раддияси (Аллоҳ сифатлари масаласида)

Жаҳмийлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этиб, таътилга йўл қўйганлар. Имом Мотуридий Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидек исботланишини, бироқ улар махлуқот сифатларига ўхшатилмаслигини қатъий таъкидлайди. У зот сифатларни инкор қилиш Аллоҳни билиш имкониятини йўққа чиқаришини таълимот даражасида асослаб берган[3,78-82]. Бу ёндашув соф тавҳидни ҳимоя қилишга хизмат қилган.

3. Абу Муъин Насафийнинг хаворижий ва такфирчи ғояларга қарши раддияси (иймон ва амал масаласида)

Мотуридий мактабининг йирик намояндаси Абу Муъин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида хорижийлар ва такфирчи гуруҳларнинг катта гуноҳ қилган мусулмонни кофирга чиқариш ғоясини рад этади. Унинг таъкидлашича, иймон қалб тасдиғи билан боғлиқ бўлиб, амал иймоннинг асли эмас, балки унинг камолотига хизмат қилади[5,512-518]. Бу раддия замонавий такфирчи оқимларнинг асосий ақидавий даъволарини илмий жиҳатдан йўққа чиқаради.

4. Имом Умар Насафийнинг сиёсий мутаассибликка қарши раддияси (ҳоким ва фитна масаласида)

Имом Умар Насафий “Ақоид ан-Насафийя” асарида ҳоким зулми баҳонасида қуролли исён кўтариш ва жамоатни пароканда қилиш ислом таълимотига зид эканини таъкидлайди. Унингча, зулм чекланган зарар келтирса, фитна эса умумий ва ҳалокатли оқибатларга олиб келади[6,94-96]. Бу раддия радикал гуруҳларнинг “зулмга қарши жиҳод” шиори остидаги ҳаракатларига қарши қаратилган.

5. Мотуридий уламоларининг жиҳод масаласидаги раддияси (қонунли ҳокимият тамойили)

Мотуридий уламолари жиҳодни шахсий ёки гуруҳ манфаати асосида амалга ошириш мумкин эмаслигини таъкидлаб, уни қонунли ҳокимият, аниқ шартлар ва жамоат манфаати билан боғлайдилар. Бу ёндашув Абу Муъин Насафий ва кейинги мотуридий уламолар асарларида ҳам ўз ифодасини топган[7,233-238]. Ушбу илмий позиция замонавий радикал оқимларнинг зўравонликка асосланган “жиҳод” талқинларини рад этади.

Замонавий уламолар ҳам радикал оқимларга қарши фатволар ва илмий тадқиқотлар орқали жавоб бермоқда. Улар радикал гуруҳларнинг “жиҳод” тушунчасини нотўғри талқин қилаётганини, исломда жиҳод фақат қонунли ҳокимият ва аниқ шартлар асосида бўлишини баён қилган. Шу тариқа, аҳли сунна вал жамоанинг илмий раддиялари радикал ғояларнинг асоссиз эканини исботлаб келмоқда.

 

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, радикал оқимларнинг ақидавий даъволари исломнинг соф таълимотига зид бўлиб, Қуръон ва суннатни нотўғри талқин қилиш натижасида пайдо бўлган. Аҳли сунна вал жамоа эса асрлар давомида илм, ҳикмат ва мувозанат асосида ислом ақидасини муҳофаза қилиб келмоқда. Илмий раддиялар орқали радикал ғояларнинг ботил экани исботланиб, мусулмон жамиятини фитна ва тафриқадан асраш мумкин. Шунинг учун соф ислом ақидасини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳар бир мусулмон учун муҳим вазифадир.

Фойдаланилган манбалар

1.     Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол” биринчи жуз. Тошкент: Ҳилол нашр, 2012.

2.     Шаҳристоний. Ал-Милал ван-Ниҳал. – Қоҳира: Дарул-маърифа, 1993.

3.     Абу Мансур Мотуридий. Китоб ат-Тавҳид. – Байрут: Дарул-кутуб ал-илмия.2001.

4.     Islomov, N. Yoshlar psixologiyasi va ekstremizm, 2022.

5.     Зиёдов Ш., Даминов И., Ибодуллаев Т., Муҳаммадиев О.Мовароуннаҳрда мотуридия калом илми мактаби. “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти.Самарқанд – 2020.

6.     Абу Муъин ан-Насафий. “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин”. 2-жилд,
Қоҳира: ал-Мактабат ал-Азҳарийя, 2010.

7.     Умар ан-Насафий. Ал-‘Ақоид ан-Насафийя. Шарҳ: Тафтазоний. Истанбул: Чоғри нашриёти, 1988.

8.     Абу Муъин ан-Насафий. Баҳр ал-калом фи ‘ақоид аҳл ал-ислом.Байрут: Дар ал-Фикр, 1999.

 



[1] Исломдаги соф ақида диний ишларда ортириб юбормаслик ҳамда дин аҳкомларига енгил-елпи ёндошмаслик, яъни ўрта йўлни тутувчи, мўътадил ва барқарор қарашларни илгари сурган.


Махмудов Баёзхон Зарифович

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид