Энг буюк омонат

Энг буюк омонат

imon.uz 2021-01-01 01:38:28 682

Аллоҳ таоло мусулмонлар жамаосига амр этган муҳим ишлардан бири - омонатларни ўз аҳлига эриштириш деб аталди.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасини 58-оятида:

«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилади», деб марҳамат қилган.

Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатни турлари кўпдир.

Жумладан, уламоларимиз намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам Аллоҳни бандаларига юклаган омонатлари каби бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади, дейдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши бир гапни айтсаю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бундай пайтда ўша гап соҳиби гапимни бировга айтма, деб таъкидлашининг кераги йўқ. Ўша биров эшитиб қолмадими, деган маънода аланглаб қараб қўйишининг ўзи етади. Ким мазкур ҳолдаги гапни бошқаларга айтса, омонатга хиёнат қилиб чақимчилик қилган бўлади.

Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Иймон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини бажариш билан бирга, бандалар орасидаги омонатларни ҳам ҳалол адо эта оладилар. Барча омонатларни ўз эгаларига эриштирганлар эса, ҳақиқий иймони соҳиблари ҳисобланадилар.

Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон киши Аллоҳнинг омонатига ҳам, бандаларнинг омонатига ҳам хиёнат қилмаслиги, акс ҳолда уларни ўз ўрнида бажариши ва хақиқий хақли бўлганларга етказиши лозимдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид