Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо

imon.uz 2021-11-16 04:45:02 78

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломий оила ҳаётининг расмий котибаси: Ҳазрати Оиша

Ҳазрати Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонининг расмий котибасидирлар. Шу боис ҳам қилган баёнотлари аввало барча хонадонларнинг муаллималари бўлмиш Ислом аёлларига тегишлидир.

Инсонлар эркаклар уйда аёлларининг ишдаги каби бошлиқлари эмас, жуфтлари эканлигини Оиша онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйдаги муносабатларига доир айтган сўзларидан билишди. У айтган сари мўминлар ўз уйларини ҳарбий қароргоҳлар эмас, муҳаббат қароргоҳлари эканлигини тушуниб етдилар. “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшилик қилганингиздир ва мен эса аҳлимга яхшилик қилувчироқман” [75], деб марҳамат қилган зотнинг уйида қандай бўлганларини ва бунга қандай амал қилганларини яна Оиша онамиздан ўргандик. Эркакнинг аёл устида ҳақлари бўлгани сингари, аёлнинг ҳам эркак устида ҳақлари мавжудлигини, буларни муҳаббат асосида қандай адо қилинишини уммат энг кўп Оиша онамиздан эшитиб ўрганди.

Оиша онамиз ҳам бир инсон эдилар

Оиша онамиз инсон ҳам эдилар. Сиқилган вақтлари ҳам бўларди. Бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу хонаи саодатга кирдилар. Қизларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баланд овозда гапираётганини эшитиб хафа бўлдилар. “Эй Фалончининг қизи! Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга овозингни баланд қиляпсан!” деб уларга тарсаки туширмоқчи бўладилар. Шу вазиятда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга қаршилик қилишга, тўхтатиб қолишга уриндилар. Абу Бакр жаҳл билан уйдан чиққанларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга қараб: “Одамнинг қўлидан сени олиб қолганимга нима дейсан?” [76] деб, кўнгилларини олганлар.

Кўз ёши билан ўқилган намоз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани қандай қилган бўлсалар, Оиша онамиз ҳам ҳаётлари давомида шуларга содиқ бўлдилар. Хонаи саодатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан рухсат олиб намозга туришларидан, кўзларидан оққан ёш то Билол Ҳабаший келиб, уларни намозга чақиргунига қадар давом этганини кўрган [77] Оиша онамиз намозларини Набавий хушуъ билан адо қилишга қаттиқ эътибор берардилар.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин уйларини масжидга айлантирдилар. Ҳам кечалари, ҳам кундузларида узун қиёмларда Роббининг ҳузурида туриб ибодат қилардилар. Намозларига гувоҳ бўлган Қосим ибн Абдурраҳмон шуларни айтади: “Эрталаб уйдан чиққанимда, аввало, холам Оишанинг уйига учрар, унга салом берардим. Кунларнинг бирида борсам, Ҳазрати Оиша қиёмда туриб тасбеҳ айтаётган эди, “Бас, Аллоҳ бизга марҳамат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади” [78] оятини ўқир, дуо қилар, йиғлар ва оятни такрор ўқирди. Оёқда туришдан чарчагунимча туриб, уни кутдим. Кейин бир эҳтиёжим билан бозорга бордим. Кейин уйга қайтдим. Холам ҳамон шу тарзда намозларини ўқир ва йиғларди”. [79]

Оиша онамизнинг Аллоҳ таолога хушуъ ила, батамом таслимият билан адо қилган намозларида жойнамозлари кўз ёшидан хўл бўлиб кетарди.

---------------------------

[75] Термизий, “Маноқиб”, 85-бет.

[76] Абу Довуд, 4999-ҳадис.

 [77] Ибн Ҳиббон, Абу Хотим Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Тамимий, “Саҳиҳи Ибни Ҳиббон”, 620-ҳадис, “Муассасатур Рисала”, Байрут, 1993. 

[78] Тур сураси, 52-бет.

[79] Ибн Ражаб Ҳанбалий, Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад, “Фатҳул-Борий”, IV жуз, 247-бет, “Дар Ибнул Жавзий”, Саудия Арабистони, 1422.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси


Манба: Muslimaat.uz

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид