Ибрат

Ибрат

imon.uz 08-09-2022 436

Саъдий шундай дейди:

“Бир кун ҳаммомда эдим. Бир киши менга бир сиқим тупроқ-гил берди. У гул каби ёқимли ҳид таратади. Мен ажабланиб шилга дедим:

– Эй гил!.. Сен гулмисан, анбармисан? Гулдек ҳид таратишинг мени маст қилди.

Гил:

– Эй Саъдий!.. Гул ҳам, анбар ҳам эмасман. Балки тупроқларнинг-да энг хокисориман. Лекин бир кун гул билан ошно бўлдим. Шу гулнинг хушбўй ҳиди кўксимга ёйилди. Мендаги хушбўй ҳид ўша гулнинг ҳидидир. Йўқса, мен оддий бир гил-тупроқман, холос, – деди.

Саъдий бу ҳикоят билан кишиларга бир ибрат дарси бериб, шундай дейди:

– Эй инсон!.. Доимо гўзал феъл-атворли кишиларни дўст қил. Уларнинг гўзал феъллари сенга таъсир этади. Сен ҳам улар каби гўзал феълли бўласан. Гул ҳиди гилга таъсир қилгани каби, яхши кишиларнинг гўзал ахлоқи ҳам сенга таъсир этади ва ҳақиқий инсон бўлиб етишасан. Яхшиларнинг ёнида ўтирмоқ, мушк анбар дўконида ўтирмоққа ўхшайди. Киши бу дўкондан ҳеч нарса харид қилмаса ҳам, доимо фойда олади. Аввало, кўнгли ёқимли ҳидлардан баҳра олиб роҳатланади. Бадфеъл кимсалар билан бирга бўлишни эса, темирчи дўконида ўтирмоққа қиёс қилса бўлади. Ким бу жойда ўтирса, у албатта дўконнинг бадбўй ҳидидан ёки оташ учқунларидан зарар кўради.

Саъдий бир кафт тупроқ – гилнинг гул каби ҳид таратиши унинг гул билан ошнолиги билан боғлиқдир, деб кишиларга гўзал бир ибрат дарси бермоқда.

“Ҳикматлар хазинаси” китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид