Ийди Рамазон муборак бўлсин!

Ийди Рамазон муборак бўлсин!

imon.uz 2021-05-12 01:19:46 576

Ҳайит севинч ва хурсандчилик, ризо ва мамнунлик ҳамда даромадлар қозонишу муваффақиятлардан масрур бўлиш кунидир. Ҳар миллатнинг ҳайити бор ва ҳар ҳайитнинг муносабати мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки байрамлари бор эди. Бу байрамлар ҳақида улардан сўраганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло сизларга буларни бундан ҳам яхшилари: қурбонлик ва фитр ҳайитларига алмаштириб берди». Демак, бу икки байрам мусулмонларга берилган неъматлардан экан.

Ҳайит мусулмонлар наздида доимо буюк ишларни қозониш, улкан ва кўп ютуқларни қўлга киритишга боғлиқ бўлиб келган. У давлатлар барпо бўлиши ёки қулаши каби кетар дунё амалларидан, туғилган кун ё никоҳ маросимларига ўхшаш тўқима хотиралардан пайдо бўлмаган. Балки ҳайитларимиз Аллоҳга яқин этадиган ва Унинг розилигини жалб қиладиган охират амалларига боғлиқдир.

Мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тугаллаганларидан ҳамда у тўғридаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этганларидан кейин Аллоҳ уларга бу кунни ҳайит ва байрам қилиб берди. Бу кунда улар улкан ютуқлар ва катта муваффақиятларга эришганларини, сурур ва севинчларини, розилик ва мамнунликларини изҳор этиб, байрам қилишади.

Шунинг учун ҳам бу кун «Мукофотлаш куни» ҳам дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳайит куни бўлганда фаришталар ерга тушишади ва кўчаларнинг бошига туриб олишади. Ва инсу жиндан иборат барча халойиқ эшитадиган овоз билан нидо қилишади: «Карамли Роббингиз томон чиқинг. У сизга катта яхшиликлар беради ва гуноҳларни мағфират қилади!»

Агар улар намозгоҳларида кўринишса, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига: «Ишчи ишини қилиб бўлгандан кейин нимага ҳақли бўлади?» дейди. Улар: «Илоҳимиз ва Хожамиз, уларнинг ажрини тўлиқ қилиб берасан!» дея жавоб қилишади. Шунда Аллоҳ уларга дейди: «Сизларни гувоҳ қиламанки, уларнинг сиём ва қиёмларига савобни, Ўзимнинг розилигим ва мағфиратимни қилдим! Сизлар кечирилган ҳолда қайтингиз!»

Ҳофиз Абу Муҳаммад ибн Асокирнинг «Мусаннаф»ларида шундай келади: «(Фаришталар) айтадилар: «Сизларга буюрди, рўза тутдинглар. Роббингизга итоат этдинглар. Энди мукофотларингизни қабул қилинглар!» Бу ҳадисни муҳаддислар «Ҳайит – мукофотлаш куни» ҳадиси деб аташади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқларига биноан “Меҳр 5” операцияси доирасида Суриянинг “ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида мажбурий ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – жами 93 нафар юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Ойларнинг энг улуғи – Рамазонда, кунларнинг энг улуғи – жумада бундай хайрли ишларни амалга оширишнинг ажри жуда катта. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Одам боласининг ҳар бир эзгу амалига (Рамазон ойида) ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб ато этилади” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Зеро, муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзосига, ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан қаралади. Махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз. Чунки барчамизнинг яратувчимиз яккаю ягона Аллоҳ таолодир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни розилик ва мағфират билан мукофотласин!

 

Жиззах вилояти бош имом-хатиби

Жабборов Меҳмонхон домла

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид