ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ?

ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ?

imon.uz 10-03-2023 157

ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ? 
 
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар имон келтирган, қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади” (Раъд сураси, 28-оят). 
Мўмин банда Аллоҳга шубҳасиз имон келтиради, Парвардигорини эсланганида қалбига сакинат-хотиржамлик инади, Аллоҳнинг зикри билан дили ором олади. 
Олимлар аниқлашича, диндорлар эътиқодсизларга қараганда юрак касаллигига 60 % кам учрар экан. Эътиқодлилар ичида қон босимининг хавфли кўриниши ҳам кўп бўлмас экан. 
Гап шундаки, эътиқодли кишининг кўтаринки кайфияти унинг соғлиғини яхшилайди. Чунончи, Аллоҳга ишониш бошқа қандайдир кайфият кўтарувчи хусусиятлардан яхшироқ таъсир қилади. 


Тиббиёт олами аста-секин била бошлаган бу ҳақиқат Қуръонда бир минг тўрт юз йил олдин “Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади” ояти билан маълум қилинган. Аллоҳга ишонган, Унинг Каломини ўқиган инсон бошқа одамларга қараганда ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлади. Чунки Қуръон инсон ҳаётига тўлиқ мос келувчи кўрсатмалардан иборат. Инсон табиатига тескари қарашлар кишилар бошига фақат ташвиш солади, руҳий тушкунлик олиб келади. 
Ҳақиқатан, Аллоҳни зикр қилган одамнинг кўнгли хотиржам бўлади, қалби таскин топади. Тараққиётнинг юқори чўққисига чиққан кўп мамлакатлардаги ҳозирги ҳаёт унчалик хотиржам эмас. Кишиларда ором йўқолиб боряпти, тирикчилик ғамида кўп нарсалардан воз кечиб юбориляпти. Яқин тарихга мурожаат қилсак, хонадондан бир киши деҳқончилик, боғбонлик ёки ҳунармандчилик билан тирикчилик қилар, унинг бир мавсумда топгани бутун бошли оиланинг бир йиллик сарф-харажатларига етарди. Ҳатто муҳтож қариндошларга ҳам ёрдам қилинарди. Аммо бугунги кунда оилада эр ҳам, хотин ҳам тирикчилик ғамида тиниб билмай елиб-югуради. Шунга қарамай турмуши хотиржам эмас, ётиб-туришида, еб-ичишида ҳаловат йўқ. 


Тинч-тотув яшаш учун мол-дунё топиляпти, “Бой бўлволай, кейин хотиржам яшайман” деб орзу қилиняпти. “Мана шу ишни битирволсам, кўнглим тинчийди”, деб ўйлашяпти. Аммо бу иш кўпинча ортидан бошқа юмушларни етаклаб келади. Чунки дунё ишлари ҳечам тугамайди, бир ташвиш ортидан бошқаси чиқиб келаверади. 
Аслида тинчлик-хотиржамликка Аллоҳни зикр қилиш билан эришилади. Ҳар соатда, ҳар сонияда Аллоҳнинг бирлигини, борлигини ўйлаб, Аллоҳга таваккул қилган инсонгина ўзи истаганидек осуда ҳаётга, тинчлик-хотиржамликка эришади. 
Мўмин банда ўзига берилган мол-дунёни Аллоҳнинг омонати, топаётган давлатида ўзгаларнинг ҳам ҳақи бор, деб билади, бойлигини керакли жойга сарфлайди. Шу билан кўнгли таскин топади. 


Агар мўминга дард келса, буни Аллоҳнинг синови деб сабр қилади, Парвардигорига ҳар қандай вазиятда ҳамду санолар айтади. Кейин Аллоҳ таолонинг амрига кўра дардига даво излайди. Мўмин киши буларнинг барчаси Аллоҳнинг тақдиридан деб ишонади. Мана шу ишонч унга руҳий далда беради. 
Серфарзанд мўмин айрим одамларга ўхшаб қўрқувга тушмайди, “Болаларимни боқолмаяпман”, деб дод-фарёд солмайди. У шунда ҳам хотиржам. Чунки фарзандлари ризқини Аллоҳ етказишига ишонади. 

Ҳатто фарзандсиз мўминнинг ҳам қалби хотиржам бўлади. Қиёматда фарзанд масъулияти зиммамдан соқит бўлади, дейди. “Фарзанд неъматини Аллоҳ беради. Фарзанд бермаслик ҳам Унинг иродасига боғлиқ. Менинг шундай ҳолга тушишим Аллоҳнинг иродаси экан”, деб ўзига тасалли беради. Шу билан тирноққа зор мўминнинг ҳам қалби таскин топади, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, кўнгли ўксимасдан яшайди. 


Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “(У кунда ҳаёти дунёда Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, имон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга шундай хитоб қилинади:) “Эй хотиржам жон, сен (Аллоҳ берган неъматлардан) рози бўлган, (Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига кир, Менинг жаннатимга кир!” (Фажр сураси, 27-30-оятлар). 
Мўминнинг ҳаёти фақат хотиржамликдан иборат бўлади. Шунинг учун жон таслим қилаётганида унга: “Эй хотиржам нафс” деб нидо қилинади. Бунинг мукофотига жаннат билан тақдирланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилоят вакили
Меҳмонхон домла Жабборов

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид