Закот—мол-мулк қўрғонидир!

Закот—мол-мулк қўрғонидир!

imon.uz 2021-04-29 05:25:15 411

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 حصنوا أموالكم بالزكاة ، وداووا مرضاكم بالصدقة و استقبلوا امواج البلاء

Молингизни закот билан қўрғонланг, беморингизни садақа бериб даволанг, (закот ва садақа бергач), бало тўлқинлари истиқболига (қўрқмай) чиқаверинг” (Тобароний).

Ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳадиси шарифни саҳобаларига сўзлаб турган чоғда бир насроний ўтиб қолади ва Расулуллоҳнинг бу сўзларини эшитгач, уйига бориб мол-мулкидан закот чиқаради. Ва ҳаёлида: “агар рост сўзлаган бўлса кўрамиз. Шеригимда кетган молим омон қайтиб келади. Шундай бўлиб чиқса унга иймон келтириб тасдиқлайман. Мабодо ёлғон айтган бўлса, уни ўлдираман” деб аҳд қилади. Вал-ҳол у ўша вақтда бир тижорат карвонидан савдо учун Мисрга мол жўнатган эди.

Карвондан мактуб келди. Унда “карвонга қароқчилар ҳужум қилди. Бор мол-мулкни талон-тарож қилдилар. Қўлимизда ҳеч вақо қолмади. Аранг жонимизни сақлаб қолдик”—деб ёзилган эди. Бу нохуш хабар ортидан насроний дарғазаб бўлди ва: Муҳаммад закот—мол-мулк қўрғонидир, деб ёлғон айтган экан, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш ниятида қилич яланғочлаб Расулуллоҳни қидиришга йўл олди.

Шу орада шахсан ўша насронийнинг ўзига чопар келди. У насронийнинг тожир ҳамкоридан мактуб келтирганди. Мактубда: “Карвонимиз йўлда қароқчиларга дуч келганидан хабар топгандирсан. Нохуш воқеаларни эшитгандирсан. Сенга шуни маълум қиламанки, сен асло ташвиш чекма. Иккимизнинг молимиз ортилган туя саф бошида борарди. Кутилмаганда туямиз оқсаб қолди ва мен йўлдаги бир карвонсаройда қолиб кетишга мажбур бўлдим. Карвонбоши мени қолдириб йўлида давом этди. Бизнинг молимиз омон ва сен кутгандан кўра кўпроқ фойда билан қайтиб келмоқдаман. Яқин кунларда кўришамиз”.—деб ёзилган эди.

Мактубни ўқиган насроний бу хабардан шодланиб кетди ва: “у одамни гапида жон бор экан. Дарҳақиат менинг молим закот туфайли омон қолган. Бунга ишончим комил”—деди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб айтди: Эй Муҳаммад! Менга Исломни таништиринг!

 

Закот—намознинг қўшалоқ ҳамроҳидир!

Қуръони каримда шундай келади:

 وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ

Намозни тўкис адо қилинг ва  закот беринг.. (Бақара сураси / 43).

Закот ва намоз иккиси гўё эгизаклар каби бир-бирига яқин ибодатдир. Бирини адо қилиб иккинчисини (қасдан) тарк қилинса биринчиси ҳам қабул этилмас. Ривоятда келишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга айтган: “Эй Мусо! Намоз ва закот эгизакдир. Бирини иккинчисисиз қабул этмагайман”.

 Закот аралашган мол албатта ҳалокатга дучор бўлади!

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

ما خالطت الزكاة مالا قط إلا أهلكته 

“Закот қайсики молга аралашса, албатта уни ҳалок қилади”. (Мирқот. 1793. Бухорий тарихида, Шофеий, Ҳумайдийлар ривоят қилишган).

Бу ҳадисдан икки хил маъно олиш мумкин:

Биринчиси. Нисоб миқдорига эгадор бойлар закот олиб молига фақирларнинг ҳаққини аралаштирса, уларнинг молига офат етар; бу маънони Ҳазрат Умардан келган ушбу ҳадис қувватлайди: “Қуруқликдами ё денгизда қайсики молга талофат етса унинг сабаби албтатта закотни бермаслик бўлади”.

Иккинчиси. Мол-мулки бўла туриб закотини бермаган бахилларнинг мол-мулкига офат келар; имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ шундай изоҳлаганлар.

“Танбеҳ ул-ғофилин”да келтирилишича, ким закотни бермай ушлаб қолса Аллоҳ унинг молини офатдан сақламайди. Ким садақа беришдан қизғанса Аллоҳ ундан офиятни кўтариб қўяди ғам-андуҳ, ташвишдан боши чиқмайди. Ким ушрни бермаса Аллоҳ унинг еридан баракани олиб қўяди. Ким дуо қилмаса Аллоҳ ундан ижобатни ман қилади. Ким намозга бепарво бўлса охирги дамда “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммад Расулуллоҳ” дейишдан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло бойларимизга ҳиммати олия берсин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид