Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳақиқат

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳақиқат

Mimon.uz 2020-12-01 05:09:33 649

Бани Исроилда ёши кекса бир киши бор эди. Унинг мол-давлати кўп, лекин фарзандлари йўқ эди. Ёлғиз жиянидан бошқа меросига эга бўладиган кишиси йўқ эди. Жияни ўта камбағал, пулга муҳтожлиги сабабли амакиси тезроқ ўлиб, уни бойлигига эга бўлишни хоҳларди. Инсонни хоҳлаган ҳар бир нарсаси амалга ошавермас экан,  амакисини умрини Аллоҳ узоқ қилганди. Бундан бетоқат бўлган жиян амакисини ўлдириб, уни меросларини қўлга киритишни мақсад қилди. Кунларнинг бирида амакисини ўлдириб, жасадини бошқа одамнинг уйи олдига ташлаб келди. Амакиси ўлдирилгани барчага тарқаганида эса ҳеч нимадан хабари йўқ кишидек, қотилни қидириб, ундан қасос ва дия (товон) олишни даъво қилиб, йиғлаб бақира кетди. Йиғилганлар баъзилар баъзиларини қотилликда айблаб, ҳатто қавм орасида уруш чиқишига оз қолди. Аксига олиб, воқеанинг тепасида ҳеч ким бўлмаган, гувоҳ йўқ эди. Ва ниҳоят қотилни топишга ёрдам сўраб, ўша давр пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг олдига бордилар. Аллоҳ таоло сирни фош қилиш учун ўлдирилган кимсани гапиртирмоқчи бўлди. Бани Исроилга бир сигир топиб сўйишга ва ўша сўйилган сигирдан бир бўлак олиб, ўликни уришга буюрди. Шунда ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб туриб, қотил ким эканини айтиб беришини айтди.

Мусо алайҳиссаломдек улуғ Пайғамбар – Бани Исроилни Фиръавн азобидан қутқарган, ҳамма яхшиликларга сабаб бўлган зот яҳудийларга Аллоҳ уларга сигир сўйишга амр этганини етказганларида, «Хўп бўлади, Аллоҳ буюрган бўлса, бош устига», дейиш ўрнига, улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» дедилар. (Бақара сураси 67-оят)

Бу беодоблик ва шаккоклик Мусо алайҳиссаломга оғир ботди. Буюк Пайғамбар Аллоҳ айтмаган гапни «айтди» дея оладими? Уларнинг бу гапи Аллоҳ таолонинг Пайғамбарига туҳмат эди. Шунинг учун ҳам у зот:

«Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман»,  дедилар. (Бақара сураси 67-оят)

Бани Исроил амрни адо этиш ўрнига яна бир шумликни бошлади ва Аллоҳга эътиқодлари йўқлигини намойиш қилиб:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар». (Бақара сураси 68-оят)

Шу услуб ила сўйилиши лозим бўлган сигирнинг сифати қандай бўлишини сўрашди. Мусо алайҳиссалом одоб билан яна Аллоҳ таолонинг сўзини уларга етказдилар:

 «У зот, қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти», деди. (Бақара сураси 68-оят)

Ҳамда мураббий сифатида уларга, энди бошқа нарсаларни сўраб ўтирманглар, дегандек қилиб: «Бас, буюрилган нарсани бажаринг», дедилар. (Бақара сураси 68-оят)

Бани Исроил бошда индамай, хоҳлаган сигирни сўйса бўларди, савол бериб ўзига қийин қилиб олди. Чунки энди ўрта ёш сигирни топиш керак бўлди. Бошқаси қабул бўлмайди. Шундан ибрат олиб, ўз Пайғамбарларининг иккинчи насиҳатларига амал қилиб, айтилган сигирни топиб сўйса, масала ҳал эди, аммо:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У зот, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти», деди». (Бақара сураси 69-оят)

Шундай қилиб, улар яна ўзларига қийинчиликни кўпайтириб олдилар. Энди қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги сап-сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган сигирни топиб сўйишлари лозим бўлиб қолди. Хўш, улар шундай сигирни ахтаришга тушишдими? Йўқ, яна савол беришди:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншааллоҳ, албатта ҳидоят топувчимиз», дедилар». (Бақара сураси 70-оят)

Бани Исроилнинг охирги саволига жавоб:

«У: «У зот, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қила олмасдилар». (Бақара сураси 71-оят)

Қайта-қайта сўрайверганлари эвазига қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги сап-сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган чиройли, ер ҳайдаш ёки суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, ранги бир хил, бошқа ранг аралашмаган сигирни топиб сўйишга буюрилдилар ва уни қийналиб топиб сўйдилар.

Қотилни аниқлаш учун ўлдирилган шахсни тирилтириш керак эди. Бунинг учун эса:

 «Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик». (Бақара сураси 73-оят)

Яъни, ўликни сўйилган сигирнинг баъзи жойи билан уришни талаб этилди. Улар бу амрни бажарган эди, ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб қотил жияни эканини айтди. Қотил қилмишига яраша жазосини олди ва бу иши сабабли меросдан ҳам маҳрум бўлди.

Шу ўринда, Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот, ўша ўликни шартта тирилтириб қўяверса бўлмасмиди, сигир сўйдириб, унинг баъзи жойи билан ўликни урдиришнинг нима ҳикмати бор, деган савол пайдо бўлади.

Аввало, сигир Бани Исроилнинг одатига кўра, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон эди, шунинг учун бошқа ҳайвон эмас, айнан сигир ихтиёр этилди. Иккинчидан, улар сигирни худо қилиб олиб, унга ибодат ҳам қилишган эди. Ҳолбуки, улар сиғинишаётган нарса оддий бир ҳайвондир. Шуни билдириб қўйиш учун уни сўйишга амр этилди. Қолаверса, сўйилган ҳайвоннинг бир бўлаги ҳам жонсиздир, у билан ўлик урилса, тирилиб кетиши ёлғиз Аллоҳнинг қудратига далолатдир. Бу рамз бир восита холос, аслида, инсон ўликка қандай қилиб жон кирганини билмайди, билолмайди ҳам. Аллоҳ ўликни қандай қилиб тирилтиришини кўрсатиб қўйди, холос. Чунки Бани Исроил ҳам ўлгандан сўнг тирилишни инкор қилар эди. Битта ўликни тирилтириб, уларга кўрсатиб қўйди ва:

«Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтирур ва оят-аломатларини сизга кўрсатур», деб танбеҳ беряпти. (Бақара сураси 73-оят)

Ўликни тирилтириш ҳақиқати нимадан иборат эканини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, бу илоҳий мўъжиза. Аллоҳ ушбу мўъжизасини Бани Исроилга кўрсатди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид