ШАЪБОН ЯРИМИ КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ НАФРАТЛАНУВЧИ ҚАЛБ СОҲИБИНИ ҚАМРАМАЙДИ.

ШАЪБОН ЯРИМИ КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ НАФРАТЛАНУВЧИ ҚАЛБ СОҲИБИНИ ҚАМРАМАЙДИ.

imon.uz 06-04-2020 598

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ва Шаъбон ойларини улуғлаб хурсандчилик қилганидек бошқа ойларни тантанали равишда кутиб олмаганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган.     


Имом Насоий Усома ибн Зайд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. 

"Эй Аллоҳнинг Расули биз сизни Шаъбон ойида рўза тутганингиз каби бошқа ойда рўза тутганингизни кўрмадик".   - Яъни Шаъбон ойида кўп рўза тутганингиз каби бошқа ойларда рўзани кўпайтирганингизни кўрмадик -  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

ذلك شهر يغفل عنه الناس بين رجب ورمضان، وهو شهر ترتفع فيه الأعمال الى الله سبحانه وتعالى، فأحب ان يرتفع عملي إلى الله عز و وجل وأنا صائم. 

 

“Бу шундай бир ойки, одамлар ундан ғофилдирлар. Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар. 


Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтди: 


يطلع الله علي عباده ليلة النصف من شعبان: فيستغفر للمستغفرين ويسترحم للمسترحمين، الا صاحب شحناءٍ  وقاتل نفس.

 "Шаъбон ярими кечасида Аллоҳ бандаларига қараб туради: Сўнг истиғфор айтувчиларни мағфират қилади. Раҳим-шафқат сўрагувчиларни раҳим қилади. Магар ёмонлик соҳиби ва одам ўлдирувчи бундан мустасно" - яъни қалби кек ва нафрат билан ўралган ва нохақ одам ўлдирган - дедилар. 


Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳа анҳо айтади: 

"Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кўп намоз ўқиди. Сажда қилиб саждада узоқ қолдилар. Ҳатто мен жонлари узилдими, деб ўйладим. Кейин туриб бош бармоқларини қимирлатиб кўрган эдим, харакатга келди.  Сўнг мен орқага қайтдим. Шунда мен у кишининг саждаларида: "Аллоҳим мен сени авфинг билан азобингдан паноҳ сўрайман. Ризойинг билан ғазабингдан паноҳ тилайман. Сен ўзингга сано айтганингдек сенга санони ҳисоблай олмайман" - деб дуо қилаётганларини эшитдим. 

Саждадан туриб намозини тамомлагач менга бурилиб: 

"Эй Оиша Набий  - соллаллоҳу алайҳи ва саллам - сўзининг устидан чиқмади, деб ўйладингми?" дедилар.

Шунда Оиша: "Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули, саждада узоқ қолганингиздан вафот этдингиз деб гумон қилувдим", деди. Шунда Расулуллоҳ: 


أتعلمين أيّ ليلة هذه؟ إنها ليلة النصف من شعبان، يطّلع الله عز و جل فيها على عباده، فيغفر للمستغفرين، ويسترحم المسترحمين، ويؤخّر أهل الحقد كما هم.

  

"Биласанми бу қайси кеча? Бу Шаъбоннинг яримидаги кеча. Бу кечада Аллоҳ бандаларига қараб туради, сўнг истиғфор айтувчиларни мағфират қилади. Раҳим-шафқат сўрагувчиларни раҳим қилади. Нафрат аҳлларини ўз ҳолида қолдиради", дедилар.  


Ушбу ҳадислар икки ишга далолат қилади: 

Биринчиси; Умуман олганда бу ойнинг фазилати. 

Иккинчиси; Шаъбон ойининг яримидаги кечанинг алоҳида фазилатга эга экани. 

Ҳудди шунингдек агарда ўзимизга келиб ўйлаб кўрсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу сўз муҳим бошқа бир нарсага ҳам далолат қилади. 

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ва бошқа ҳадисларда айтган сўзлари у ерда мукаммал ўзаро бирлашиш ва қўшилиш бор эканига, балки Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирувчи ибодатлар орасида ва Аллоҳ таоло бандаларига ўргатган инсоний бурч ва вазифалар орасида ибодат саналган мукаммал бирликга далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ва бошқа ҳадисларда келган сўзлари, инсон амалга ошириши лозим бўлган ибодатлар аввом халқ номлайдиган саноқли чегараланган шиорлардан иборат эмаслигига эътиборимизни қаратади.

Албатта ибодат, мусулмонларнинг ҳолатини тузатиб, уларни ахлоқсизлик ва унинг сабабларидан узоқлаштирадиган барча инсоний бурчлари билан кишининг Аллоҳ таолога яқинлашишидир. 

Инсон қачон инсоний бурчларига рўйбарў келса Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ризосига етиш сабабидан унинг риоясини қилади. 

Қачонки инсон жамиятни ахлоқсизликлардан асраш ва бундаги манфаатли йўналишларни юзага чиқариш учун жамоа ходими бўлса ва қачонки инсон ўз биродарларига нафрат ва адоватдан ҳоли бўлган саломат қалб билан интилувчи бўлса, Аллоҳ субханаҳу ва таолога сиғинувчи зоҳид банда саналади. 


Қачонки инсон Аллоҳ таоло турғазиб қуйган ҳаётида ўзи билан жаннат ўртасидаги кўприк деб ўйлаётган намоз, рўза ва бошқа бир нечта диний маросимлар билан нафсини чеклаб жамиятдан ажралса, хаттоки Аллоҳнинг бандалари билан ўзаро муомала қилиш вақти келиб қолганида улар билан ўзининг хоҳиш-истаги ва нафсининг хузур-ҳаловати асосига кўра иш тутса ва унга эслатилганда; "Дунё икки йўналишда яратилган, биринчи йўналиш: Инсоннинг Роббисига ибодат қиладиган меҳроби. 

Иккинчи йўналиш; Инсон манфаатлари ва дунёсига интиладиган бозордир дейилса, бу жирканч тасаввур саналиб, Анбиё ва Расуллар келтирган ҳамда Аллоҳ азза ва жалла ўзининг Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган китобига мос келмайдиган кўриниш бўлиб қолади.  

Аллоҳ субханаҳу ва таоло ўз каломида айтади; 


وَمِنَ النَّاسِ مَن يُعْجِبُكَ قَوْلُهُ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيُشْهِدُ اللّهَ عَلَى مَا فِي قَلْبِهِ وَهُوَ أَلَدُّ الْخِصَامِ () وَإِذَا تَوَلَّى سَعَى فِي الأَرْضِ لِيُفْسِدَ فِيِهَا وَيُهْلِكَ الْحَرْثَ وَالنَّسْلَ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الفَسَادَ()


"Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир.

Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас", Бақара 204-205. 


Ибодатли зоҳид мўмин эканини арз қилаётган инсоннинг даъвосини Аллоҳ субханаҳу ва таоло рад қилиб, зоҳидлик фақатгина меҳроб ва масжидларда адо этилган ибодатлардан иборат эмаслигини далил билан исботлаб беради. Лекин Аллоҳ унинг далилини яхшилик бўлган нарсани фасод қилаётганида ва ўз дўстига ёмонлик қилаётган вақтда ҳамда бузғунчиликнинг қайсидир тури билан ёмонликни жамиятга тарқатаётган вақтда рад этади. 

Мана шу кучли далил унинг қилаётган даъвоси ёлғон экани ва уни Аллоҳ субханаҳу ва таолога ёлғон тўқувчи эканини тушунтириб беради. 

Яна бир бор ушбу илоҳий баёнотга назар солиб ўйлаб кўринглар: 

"Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор".

Эҳтимол зикр ва вирдларнинг кўплиги ажаблантиргандир, эҳтимол унинг сўзи Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзи билан бўялгани хайратга солгандир.  

 

"Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда..". 

Мана шу унинг тўғри ёки ёлғончи эканига далилдир.

"Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас". 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбоннинг фазилати ва Шаъбоннинг яримидаги кечанинг фазилати тўғрисида айтган ушбу гаплари  бизларга инсонни ўз биродари билан ўзаро муомала қилишда  ўзаро дўстона бирлашиб кетиши билан Аллоҳ азза ва жаллага зоҳидлик холида яқин келиши орасини тушунтириб беради.

Сизнинг зоҳидлигингиз биродарингиз билан ўртангиздаги ўзаро инсоний хамкорликга йўлдир. Намозингиз, ҳудожўйлигингиз, рўзангиз, ҳаж ва закотингиз буларнинг барчаси қалбни нопокликлардан тозалаш учундир. Хаттоки сизни биродарингиз билан нафрат ва адоватлардан соф бўлган дўстона муносабатда муомала қилишингизга куч топа олишингиз учундир. 

Агар инсон зохирида Роббиси учун ҳудожўй бўлсаю лекин унинг қалби Аллоҳнинг бандаларига нисбатан нафратларга тўла бўлса, унга ибодати нима фойда келтириши мумкин? Ҳудожуйлиги нима фойда бериши мумкин?  

Шунинг учун Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошкора айтдики, инсон ибодатда қанчалар кўтарилса ҳам, ҳудожўйликда, намоз ва рўзасида қанчалар олий даражага эришиб, қанчалар ушбу ой каби ёки Шаъбоннинг яримидаги кеча каби ибодат мавсумларига етишса ҳам лекин Аллоҳнинг бадаларига нисбатан унинг қалбида ғазаб, нафрат, худбинлик ва макр ўралиб олган бўлса, Аллоҳ таоло унинг рўзаси ва закотини қабул қилмай, унга назар ҳам солмайди. Унинг дуосини ижобат этмай кечиктириб, холини тузатгунича ва ёмонлик қилган дўстларига қайтиб кечирим сўраб илтифот қилгунича дуосини тўхтатиб қўяди.    

Бу нарса шуни англатадики, Аллоҳ таоло динининг эътиқод асослари ва ибодат йўлларининг барчаси мусулмонлар

ҳолини тузатишга ҳамда уларни бир ерга тўплашга ва нафрат сабабларини ораларидан йўқ қилиб кетказиш учун қоим қилинган. 

Аллоҳ субханаҳу ва таолодан бизларни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга берган насиҳат ва кўрсатмаларини билган вақтдаги эҳтиросга етиш учун Расулуллоҳнинг сўзларини чуқур мулоҳаза этувчи кишилардан қилишини сўрайман.   


Аммо Шаъбоннинг яримидаги рўза тўғрисида айнан ушбу куннинг рўзасини тутиш мустаҳаб эканига ҳос далилни топа олмадик. 

Ҳа, бу куннинг рўзаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берган ушбу ой рўзасининг фазилати ва бу ойда рўзани кўпайтириш тўғрисидаги умумий сўзининг ичига киради. Шуни билиш керакки, инсон ушбу ойнинг иккинчи ярми кирганидан кейин рўзани бошлаши жойиз эмас. Агар рўза тутмоқчи бўлса бундан олдин бошласин.

Аллоҳ субханаҳу ва таолодан раҳим сўраганда раҳим қилинган,  истиғфор айтганида мағфират қилинган, дуо сўраганида ижобат қилинган бандаларидан қилишини тилайман.  


Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий хутбаси.

29-март 1991-йил.

Ғуломов Абдуллоҳ таржимаси.



Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид